15 май куни «Ўзбеккино» миллий агентлигида ўзбек мультпликацияси муаммолари ва истиқболларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбарияти ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда мультпликация соҳасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, жумладан давлат томонидан ҳар йили 10та қисқа метражли мультпликацион фильмни суратга олиш учун тегишли маблағ ажратилаётганлиги таъкидланди ҳамда бу муҳим вазифаларни амалга ошириш бўйича қилинадиган ишлар келишиб олинди.
Айни вақтда «Ўзбекфильм» АЖ қошидаги мультстудия фаолиятида бир қатор муаммолар кўзга ташланаётгани, бу муаммолар эса мультпликация соҳасида белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш, жаҳон талабларига жавоб берадиган, рақобатбардош ҳамда қизиқарли мультпликацион ва анимацион фильмларни суратга олишга тўсиқ бўлаётгани қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон мультпликацияси тарихи ва бугунги куни, жумладан, унинг жорий муаммолари ҳақида гапирилиб, айни вақтдаги камчиликларни бартараф этиш ва юқори сифатли мультпликацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ёш кадрларни тизимли равишда тайёрлашни йўлга қўйиш, хусусан, уларни малака ошириш учун хорижга юбориш, «Ўзбекфильм» АЖ қошидаги мультстудия моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, ишлаб чиқариш биносини реконструкция қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, мультстудия ходимлари ва ижодкорларини моддий-молиявий рағбатлантириш шартларини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурлиги айтилди.





