Бола бошидан деб бежиз айтишмаган. Азалдан аждодларимиз фарзанд тарбиясига жуда эрта эътибор қаратишган. Бугун ҳам юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилган. Ўғил-қизларнинг баркамол ўсиб улғайиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Аммо, шунга қарамай, юртимизда вояга етмаганлар орасида жиноятчилик тамомилда барҳам топмаётгани дилни ғаш қилади. Бугунга қаҳрамонларимиз ҳам ана шундай, “йўл бошида адашган” болалар.
Икки шерик
Фахриддин ва Ўктам (исм-фамилиялар ўзгартирилган) битта маҳаллада ўсиб улғайишган. Битта мактабда ўқишган. Аммо, уларнинг ҳар иккиси айни балоғат ёшида ўз келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш ўрнига ҳар лаҳзасига олтинга тенг бўлган дамларни елга совура бошлашди. Ҳатто биргалашиб жиноят кўчасига қадам қўйишганини ҳам сезмай қолишди.
Катталарнинг эътиборсизлиги сабаб бўлдими, ёки оқ-қорани танийдиган ёшга етган икки ўртоқнинг масъулиятсизлиги туфайлими, хуллас, улар гиёҳванд моддалар олди-сотдисига аралашиб қолишди. Уларнинг бу шубҳали хатти-ҳаракатлари ҳақидаги маълумотлар ҳуқуқ-тартибот идораларига етиб боргач, тегишли соҳа мутасаддилари иштирокида айбдорларни жиноят устида қўлга тушириш режаси ишлаб чиқилди.
“Менга “наша” керак”
...Фахриддин бекорчиликдан кўча кезиб юрган кунларининг бирида бир йигит унинг ёнига келди ва ўзини Саша деб таништирди. Янги танишувдан сўнг Саша дарров муддаога ўтди.
— Ўртоқ, менга наша керак. Танишларим сенга учрашимни айтишганди.
— Мен... менда бунақа нарсалар йўқ, - деди Фахриддин атрофга олазарак қараб,
— Менга ишонавер, - деди “Саша. – Айтган пулингни бераман. Бунинг устига янги телефон ҳам...
— Бўпти, - Фахриддин розилик берганини билмай қолди. – Топсам ўзим хабарлашаман.
Фахриддин айтилган фурсатда “буюртма”ни эгасига етказди. “Саша” унинг қўлига 25 минг сўм тутқазиб елкасини қоқди:
— Яша ука, кейинги гал камини тўлдираман.
— Телефон дегандингиз, қани у?
— Кейинги сафар телефон ҳам, чиройли уст-бош ҳам олиб бераман.
Маълум бўлишича, Саша Фахриддиннинг шериги Ўктам билан ҳам боғланиб, у билан ҳам “олди-берди” қилган экан. Хуллас, икки ўртоқ харидорлари Саша билан телефонлашиб турадиган бўлишди.
Тузоқ
Кунларнинг бирида Саша болаларга қўнғироқ қилиб, яна “ўша нарса”дан керак бўлиб қолганини айтди. Фахриддин билан Ўткир биргалашиб, шубҳали танишларининг уйидан гиёҳванд модда топиб чиқишди. Кейин келишилган ерда учрашишди. Саша Фахриддиннинг қўлидан ҳўл ҳолатдаги марихуана моддасини олиб, унга 37 минг сўм тутқазди. Фахриддин ҳали пулни санаб ҳам улгурмаган эдики, қаршисида турган ички ишлар ходимларини кўриб, донг қотди.
Шу тариқа “Назоратли харид” махсус тадбири натижасида барча тахминлар тасдиқланди, айбдорлар далилий ашё билан қўлга олинди. Экспертиза текширувлари натижасида ушбу тадбир давомида Фахриддин ва Ўктамдан сотиб олинган моддалар “марихуана” ва “гашиш” экани аниқланди.
Суд Фахриддин Маҳмудов ҳамда Ўктам Ҳамидовни Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига биноан айбдор деб топди. Уларнинг ҳар бири икки йилу тўрт муддатда озодлик маҳрум этилди.
Айбдорлар-ку, тегишли тартибда жазосини олар. Аммо, айнан илм олиш, ҳунар ўрганиш ўрнига жиноят кўчасига кириб қолган бу йигитчалар ушбу жазодан тегишли хулоса чиқаришармикин? Жазони ўтаб чиққач, ўз оиласи ва жамиятга фойда келтирадиган ишлар билан шуғулланишармикин? Ҳар ҳолда биз шунга умид қиламиз.
Шаҳло Норқўзиева,
Сирдарё туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи,
Соҳиб ИХТИЁР,
журналист





