Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилади.
Мазкур тадбир “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил, 15 майдаги Фармонига кўра амалга оширилади.
1 июлга қадар турли идоралар ҳузуридаги “бир дарча” хизматлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, “бир дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар тизимига интеграция қилинади.
Бундан ташқари Фармонда таъсис ҳужжатлари ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун тақдим этиладиган бошқа ҳужжатлар, жумладан, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг намунавий шакллари ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, “бир дарча” марказларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан кечиктирмасдан бошланиши таъминлансин, шу муддатдан бошлаб "бир дарча" марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларига тадбиркорлик субектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланган.
Тадбиркорлик субектларини давлат рўйхатига олишдан тушаётган давлат божининг жами суммаси туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари даромадига, 2016 йилнинг 1 январидан эса “бир дарча” марказларини молиялаштириш манбаи сифатида уларнинг даромадига ўтказилсин, келиб тушган маблағлар фақат марказлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларни рағбатлантириш мақсадларига йўналтирилиши белгиланган.
Кўриниб турибдики, “бир дарча” марказлари фаолиятини такомиллаштириш қоғозбозликнинг олдини олади, вақт ва маблағ тежалишига олиб келади.