Ёши 30 дан ошган, турмушидан ажрашган Сабина Тилавова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оилали, уч фарзанднинг отаси Хуршид Суяров билан танишиб, норасмий тарзда эр-хотин бўлиб яшаб юрди.
Тайинли турар жойи, бирор касб-кори бўлмаган бу аёл Самарқанд шаҳрида яшовчи Хосият Жабборованинг уйидан бошпана топди, деб ёзади Uz24 нашри “Huquq” манбаси асосида. Хуршид ҳам Сабинанинг олдига келиб-кетиб Хосият опанинг анча ишончини қозонди.
Кунларнинг бирида икковлон яшаб турган хонадонидан тиллаларни ўғирлашни режа қилишди. Эртаси куни машъум режани амалга ошириш учун дорихонадан икки ампула "димедрол" сотиб олишди. Ампулани сутга аралаштириб Хосият опага ичиришди. Улар аёлнинг ухлашини сабрсизлик билан кута бошлади. Аёл уйқуга кетса-да, дори таъсириданми ёки бошқа сабаб туфайлими, дам ағдарилиб, дам қимирлаб ётарди. Бу эса Сабинанинг асабини буза бошлади.
У ошхонадаги темир кружкани олиб аёлнинг юзига зарб билан туширди. Дабдурустдан тушган зарба аёлнинг ҳушини учирди ва чинқириб юборди. Сабина чаққонлик билан аёлнинг бўйнидан бўғди. Икковлашиб аёлни ҳушидан кетказишди. Хуршид олдиндан тайёрлаб қўйган чангютгичнинг сими билан Хосият опанинг қўл-оёқларини қайириб боғлади. Кейин эса шафқатсизлик билан унинг бўйнидан бўғди. Азобдан типирчилаётган аёлнинг оғзи-бурнини сочиқ билан боғлаб ташлашди. Шу тахлит инсон зотига хос бўлмаган бир ваҳшийлик билан арзимаган бойлик учун бир инсоннинг умрига зомин бўлишди.
Шундан сўнг, уйдаги бор тилла тақинчоқларни, қимматбаҳо нарсаларни, умумий ҳисобда 17 млн. 340 минг сўмлик буюмларни олиб чиқиб кетишди. Тиллаларнинг бир қисмини тилла буюмлар савдоси дўконига сотиб, Тошкент шаҳрига қараб йўл олишди. У ерга бориб бозордан истаган кийимларини харид қилишди. Кейин эса бу ерлардан узоққа қочиб, Россияга кетишнинг йўлини ахтара бошлашди. Аммо улар вақтида қўлга олинди.
Суд ҳукми билан Сабина Тилавова 15 йил, Хуршид Суяров эса 18 йилу 6 ой озодликдан маҳрум этилди.





