АсосийShou-biznes

Хонандаларимиз хулқ-атворига жиддий аҳамият бериши зарурлиги таъкидланди

Куни кеча Миллий матбуот марказида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан “Ёш авлоднинг маънавий олами ва уни  юксалтиришда миллий эстрада санъатининг ўрни” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея хабар беради "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси матбуот хизмати. 

Унда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши вакиллари, Бирлашма масъул ходимлари, таниқли санъатшунослар, бастакорлар, шоирлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, эстрада хонандалари иштирок этишди.

Сир эмаски, бугунги кунда ўғил-қизлар кўпроқ эстрада юлдузларига ҳар жиҳатдан тақлид қилиб камолга етмоқда. Бу эса хонандалар нафақат ўз ички ва ташқи олами, балки тингловчилари маънавияти учун ҳам жавобгар эканлигини англатади. Анжуманда шу ҳақида тўхталаркан, Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси Иқбол Мирзо Президентимизнинг “Юксак – маънавият – енгилмас куч” асарида  эстрада санъати ҳақидаги фикр-мулоҳазаларига урғу берди. Жумаладан, айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳларнинг жамоатчилик эътиборига тақдим этаётган “асар”лари санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермаслиги, нафақат мавзу ва мусиқа, ижро усуллари, балки саҳна ҳаракатларида ҳам очиқдан-очиқ ажнабий “оммавий маданият” кўринишларига тақлид қилиш, “юлдузлик” касалига чалиниш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани чинакам санъат мухлисларини ранжитмасдан қолмаслиги, айниқса, бизнинг миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, турли тиллардаги сўзларни қориштириб ёки талаффузни атайлаб бузиб айтиш каби номуносиб ҳаракатларни айрим ёш ижрочилар ўзи учун қандайдир янгича услуб деб билаётгани, санъатни, унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунмасликдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.

Ўртага ташланган мавзу юзасидан “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси директори ўринбосари Муроджон Мажидов, таниқли санъатшунос Гулчеҳра Файзиева, устоз санъаткорлар Тоир Қўзиев, Азим Муллахонов, Козим Қаюмов, бастакор Ойдин Абдуллаева ва бошқалар ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Анжуманда, шунингдек, эстрада санъати ёшлар онги ва қалбига кучли таъсир кўрсатаётгани, хонандаларимиз янада масъулиятли бўлиши, ижроси билангина эмас, балки, ташқи кўриниши, хулқ-атвори, саҳнада ўзини тутиши, айтаётган қўшиғининг матни каби масалаларга ҳам жиддий аҳамият бериши зарурлиги таъкидланди. Афсуски, бу борадаги аҳволни кўнгил тўладиган даражада деб бўлмаслиги, баъзан давлат ва нодавлат телеридоканалларда, интернет тармоғида, умумий овқатланиш шохобчаларидаги реклама экранларида эфирга узатилаётган қўшиқлардаги матн саёзлиги, ижрочиларнинг бачкана қилиқлари ҳар қандай қалби уйғоқ одамни ташвишга солиши айтиб ўтилди.

 

    Бошқа янгиликлар