"Даракчи" газетасидаги "Қалтис савол" лойиҳасининг галдаги қаҳрамони табассуми билан мухлислар эътиборини қозонган истеъдодли актриса Наргиза САЛМОНОВА...
1. Наргиза, “О Марям, Марям” фильмидаги ролингиздан сўнг томошабинлардан “онам сизни ёмон кўриб қолдилар, ҳатто қарғайдилар”, деган фикрларни кўп эшитадиган бўлиб қолгансиз. Бу албатта ўз ишингизни маромига етказганингиздан дарак. Шундай ролларни ижро этмасликка ўзингизга ўзингиз сўз берган бўлсангиз кераг-а?
— Мухлисларнинг нафратидан қўрқмайман. Боиси бошқа ижобий ролларим билан уларнинг меҳрини қозонишимга ишонаман. Режиссёрларнинг таклифига рози бўлишдан аввал сценарийни ўқиб чиқаман. Агар томошабин учун тарбиявий аҳамият касб эта оладиган даражадаги салбий роль бўлса, бажонидил ижро этаман. Профессионал актриса серқирра бўлиши лозим. Бир “қолип”га тушиб қолишдан қўрқаман!
2. Наргиза Салмонова учун фильмлардаги бош қаҳрамонлар ролини ижро этиш афзалми ё театр саҳнасида истеъдодини намойиш этиш?
— Болалигимда ҳар гал театрга бориб, спектакл кўриш мобайнида актёрларнинг ижросидан этим жимирларди. Театрда ишлаш бу — болалик орзуим. Насиб этса, ибратхона саҳнасида ижод қилиш ниятидаман. Масалан, Ёш томошабинлар театрида ишлаган бўлардим. Боиси болажонларни жудаям яхши кўраман. Лекин ҳозирча фильмлардан ортолмаяпман (кулади).
3. Санъаткорлар “холис танқидни қабул қиламан”, дейишади. Сизнинг тушунчангизда холис танқид қандай?
— Биласизми, жамоат жойида танқид қиладиганларни хушламайман. Холис танқид бу — яккама якка суҳбат. Масалан, ўқитувчи ўқувчисига синфдошларининг ёнида “ёмон ўқийсан”, деб камситаверса, унинг ўзига бўлган ишончи йўқолиб боради. Бу жараёнга болалигимда гувох бўлганман. Ўринли танқид қилишмоқчи бўлса, марҳамат четга олиб, фикрларини юзимга айтишлари мумкин.
4. Кинода сизга муносиб “турмуш ўртоқ” — Адиз Ражабов, Акбархўжа Расулов, Азиз Раметов, Шерзод Бин?
— Адиз Ражабов ва Азиз Раметов. Мактабда ўқиб юрган кезларим Адиз Ражабов иштирок этган фильмларни севиб томоша қилардим. Бу актёр билан партнёр бўлиб ишлаш орзуим эди. Шу сабаб ҳозир бирорта фильмда партнёрим Адиз Ражабов эканини билсам, қувончим ичимга сиғмайди. Азиз Раметов билан эса “ЭЛДИДО” гуруҳининг “Сени деб” қўшиғининг клипида ишлаганмиз. Бор йўғи бир марота партнёр бўлганимизга қарамай, илиқ таассурот қолдирган. Чунки партнёр сифатида сўзсиз ҳис-туйғуни кўз орқали бера олган. Афсуски, ўшандан кейин ҳамкорлик қилиш насиб этмади.
5. Шунчаки экранда кўриниш учун гонорар олмай суратга тушган фильмингиз ҳам борми?
— Яширмайман, дебютант актриса эканимда фильмлардан гонорар олмай суратга тушганман. Лекин режиссёрни ноқулай вазиятда қолдирмаслик учун фильмларнинг номини санаб ўтишни истамасдим.
6. Баъзи хонанда ва актрисаларимиз сунъий “гўзаллик”ка ружу қўйишган. Сизда ҳам қош териш, соч кесиш, “ботокс” турли хил сунъий муолажалар қилиш дегандек режалар йўқми?
— Асло! Гапингизда жон бор, кўпчилик қизлар сунъий гўзалликка ружу қўйишяпти. Бу жуда ачинарли холат. Ахир ёшликнинг ўзи табиат инъом этган гўзаллик-ку! Ҳатто пардоз қилганда, у табиий чиқишига эътибор қаратиш керак.
7. Сиз шу пайтга қадар қайси режиссёрнинг фильмида бир бор бўлса-да суратга тушишни истагансиз-у, бунга муваффақ бўлмагансиз?
- Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида ўқиб юрган кезларим режиссёрлар Ёлқин Тўйчиев, Мирмақсуд Охунов, Абдувохид Ғаниев, Ҳилол Насимовнинг фильмларида ишлашни орзу қилардим. Шукр ниятимга етдим. Яқинда Аюб Шаҳобиддинов ҳисса қўшган “Садоқат” номли фильмда суратга тушдим. Лекин бу ҳисоб эмас (кулади). Шу режиссёр билан ишлаш орзум ҳали амалга ошмади.
8. Ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифангизга “Чинакам бахт бу — севгидан қурилган оила. Ишқ масъулияти билан пойдевори мустаҳкам, “мева”лари ширин”, дея изоҳ қолдиргансиз. Севишга улгурдингизми, севилишга-чи?
— Севилишга улгурдим, менга кўнгил қўйганларнинг туйғуларини ҳурмат қиламан. Лекин кўнглимдаги инсонни учратмаганим боис уларга рад жавобини бердим. Катталарнинг орзу-ҳаваси учун оила қуриш истагим йўқ. Ниятим оилам пойдевори севги аталмиш соф туйғуга қурилса!
9. Инстаграмдаги шахсий саҳифангизда “Мингта “асалим, шакарим”, дейдиган тулки дугоналардан кўра, битта жайдариси ёнингда бўлсин!” деб изоҳ ёзиб қолдирибсиз. Дугоналардан “куйганмисиз” дейман?
— Рости, қизлардан самимиятни излашдан чарчадим. Бу фикрим билан атрофимдаги ҳамма носамимий дейиш фикридан йироқман. Одамга эриш туюладиган гап-сўзлар менда салбий таассурот қолдиряпти. Шу сабаб эркакшода, жайдари, чапани, дили ва тили бир инсонлар билан дўстлашиш қулайроқ.
Махсус савол!
10. Шаҳзода Муҳаммедова, актриса: — Охирги вақтларда кўпчилик режиссёр ва продюсерлардан “Наргиза тўлишибди, бош ролларни таклиф қилиш ҳақида ўйлаб қолдик”, деган гапларни эшитдим. Шу фикрларга чек қўйиб, аввалги қоматингга қайтиб барчани лол қолдироласанми?
— (Истеҳзоли кулгу билан) Ажойиб савол. Шукр ижоддан тўхтаганим йўқ. Сиз билан ҳам режиссёр Абдувохид Ғаниевнинг янги фильмини суратга олиш жараёнидан бўшаб суҳбатлашяпман. Қолаверса, кўплаб клиплар, реклама роликларидан таклифлар тушяпти. Мен ҳам соғлом одамлар қатори бироз тўлишган бўлишим мумкин. Лекин қоматимдан норози эмасман, спорт билан ҳам мунтазам шуғулланаман. Кўзгуга қараб, табассум билан “дунёдаги энг гўзал, энг омадли инсонман!” дейишнинг ўзи кифоя.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.





