Бугун жамоат транспортида икки нафар битирувчи талабанинг суҳбатига гувоҳ бўлдим. Улардан бири дипломини ёздиришга анча-мунча пули кетганлиги ҳақида нолиб қолди. Иккинчиси эса ҳозир кўпчилик дипломни пулга ёздираётганлигини тасдиқлаб, ўртоғидан бунинг учун қилган сарф-харажатларини сўради.
Ушбу мулоқот мени таажжубга солди: наҳотки юртимизнинг келажаги бўлган ёшлар ўзларига берилаётган имкониятларни суиистеъмол қилиб, олий таълим масканида олган билимларини янада мустаҳкамлаш учун ёзиладиган битирув малакавий ишни бировга ишонаётган бўлсалар... Ёки бу дангаса талабаларнинг ўзини оқлаш учун ўйлаб топган баҳоналарими? Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида ижтимоий тармоққа фикр ташладик...
Ғайрат Йўлдошев: — Долзарб мавзу кўтарилган. Мамлакатимиз тараққиётини орқага сураётган иллатнинг боши мана шу талабаликдан бошланаяпти. Яъни пул бериб ўқишга кир, пул бериб баҳо ол, пул бериб диплом иши ёздир ва диплом ол, кейин эса пул бериб ишга жойлаш. Охирида ўша талабалар берган пулларини ишга киргандан кейин "бер-бер"- дея тамаъагирлик орқали чиқаришадими?
Назокат Азим: — Менимча, талабаларнинг ота-оналарида ҳам гап кўп. Ўзинг ўқи, пул бермайман, деб қаттиқ турса, улар ўқийди. Бизлар ўқиган пайтда ҳам пулга ҳамма ишини битирадиган талабалар кам эмасди...
Фарҳодбек Юсупов: — Ўзинг ёзсанг ўтказишармикин?
Элёр Иргашев: — Бу жараёнда айрим ўқитувчиларнинг ҳам айби бор. Ялқов талаба домласига пул тиқади. Мўмай пул ишлашни касб қилган айрим домлалар талабанинг ўзи изланиб, ёзиб келган диплом ишини эса, ўқимасдан қайтараверади. Аммо қўлдаги бармоқлар баробар бўлмаганидек, шундай профессор ўқитувчиларимиз ҳам бор-ки, уларнинг қўл остида изланиб диплом ишларини ёзган собиқ талабалар ҳозирги кунда юртимизнинг барча соҳаларида муваффақиятли иш юритиб, юртимиз салоҳиятини ошириб келмоқда.
Аълочи талаба: — Дарҳақиқат бугунги кунда дангаса битирувчиларнинг диплом ёздириши имконияти жуда кенг. Ҳатто кўчаларда ҳам “Диплом ёзиб бераман” деган кўплаб эълонларга кўзимиз тушади. Бу ишнинг баҳоси салмоғига қараб, 150 дан 400 АҚШ долларигача баҳоланмоқда.
Собиқ талаба: - ЎзМУнинг журналистика факултетини битирганман. Эсимда, ўшанда ҳам кимдир билимга таяниб, "диплом" ёзишга киришган, кимдир, "буюртма" бериб, ўзи ялло қилиб юрарди. Ўшанда ҳазрат Алишер Навоийнинг ижоди билан боғлиқ бир мавзуни танлаган эдим. Анча-мунча китоб титкиладим, етук адабиётшунос олимлардан маслаҳат сўрадим, хуллас, анчайин тер тўкдим. Аммо, ғалвир сувдан кўтарилган пайтда менинг хам, пул эвазига диплом ёздирган курсдошларимнинг ҳам ишлари бир хил мезон асосида баҳоланди. Ўшанда бундан анчагина ранжиган эдим. Аммо, ўйлаб қарасам, шунча меҳнатларим беҳуда кетмаган экан. Ахир шу иш туфайли мен улуғ бобомизни англаш сари бир неча қадам қўйган эканман. Ўша кичкина иш туфали қанча китоб титкиладим, маълумот тўпплдадим, тасаввуримни бойитдим.
Рост, ўша курсдошларим ҳам ўз йўлини топиб кетди. Аммо,
битта нарсага барибир ачинасан, киши. Диплом ишини пулга сотиб олиш билан нима ўзгаради? бу билан бўлғуси мутахассис фақат ўзини эмас, жамиятни ҳам алдамасмикин?
Тўлқин Эшбек, доцент, филология фанлари номзоди: — Пулга ёздираётганлар аввало ўзининг пул билан ўқишга кирганини исботламоқда. Унақалар ҳеч қачон етук кадр бўла олмайди. Улар келгусида ҳам бирор ишни ўзлари эплолмайди. Энг қизиғи, ана шундай дангаса талабаларнинг ишини битириб бераётган муттаҳамлар ҳам аслида янги нарса ёзаётгани йўқ ва ёзолмайди ҳам. Илгариги ишларни юмалоқ-ёстиқ қилиб қоралаб беришмоқда. Бундай иллатларга барҳам беришнинг самарали йўлларидан бири - ҳамма илмий ишларни тегишли сайтларга жойлаб қўйиш керак!
Балки, таълим соҳасида қандайдир ислоҳотлар, янгиликлар қилиш мақсадга мувофиқдир. Малакавий битирув иши ёза олмайдиганларга бошқа топшириқ, масалан, фанлардан қўшимча имтиҳонлар топшириш талаб қилинса, яхши бўлармиди... Ҳар қалай, кўчирмакашлик ёки бировларга пойинтар-сойинтар қилиб ёздиргандан кўра, тузукроқ бўлармиди, дейман-да. Бу борада ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.
ЎзМУда талабаларга баҳо қўйишнинг энг илғор усули - Модул тизими жорий этилди. Талабаларга баҳо қўйишда қандайдир салбий иллатларга анча барҳам берилди. Талабалар учун ҳам жуда қулай. Қачондир диплом иши ёзишда ҳам шундай илғор усуллар чиқиб қолишига умид қиламан.
Рамкада
Битирув малакавий ишни бажариш – олий таълим муассасалари бакалавриат таълимининг якуний босқичидир.
Битирув малакавий ишнинг вазифалари:
олинган мутахассислик ва бирор ихтисос бўйича тайёрлаш соҳасида илмий-тадқиқот ва амалий ишларда билимларни мустаҳкамлаш;
мустақил маълумотларни излаш ва муайян муаммолар юзага келиш мақсадларида вазиятларни ўрганишга бўлган билимларни эгаллаш;
тадқиқот, тажриба-синов ва лойиҳалаш методикаларини ўзлаштирганлик даражасини намойиш этиш;
реал шароитларда талабанинг ишга тайёргарлик даражасининг намоён бўлиши;
танланган мавзу бўйича касбий, педагогик ва психологик категориялар, ҳодисалар ва муаммолар моҳиятини очиш;
мавжуд материалларни тизимлаштириш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш;
касб-ҳунар таълимини самарадорлигини оширишга йўналтирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ва ҳ.к.лардан иборат.
Битирув малакавий иш қандай баҳоланади?
Битирув малакавий ишни асосий баҳолаш мезонлари қуйидагилардан иборат:
- мавзунинг долзарблиги ва янгилиги, уни ишлаб чиқишнинг мураккаблиги;
- кўрилаётган масала бўйича маҳаллий ва хорижий манба ва махсус адабиётлардан тўла фойланилганлиги;
- тадқиқот объекти бўйича далилий маълумотларни тўлиқ ва сифатли тўпланганлиги;
- қўйилган масалани ҳал қилишда метод ва воситалардан фойдаланишнинг тасдиқланганлиги;
- олинган натижаларни таҳлил қилиб, шарҳлай олинганлиги;
- хулоса, таклиф, тавсияларнинг илмий, услубий ва амалий аҳамияти ҳамда уларни исботланганлик даражаси ва реал тадбиқ этиш имкониятлари;
- материални аниқ ва тўғри, хатосиз баён этилганлиги, ишни сифатли расмийлаштирилгани, мазкур «Методик қўлланма» талаблари ҳисобга олинганлиги;
- битирув малакавий ишнинг назарий ва амалий масалалар бўйича мунозара юрита олинганлиги, ДАК аъзоларининг саволлари ва тақризчилар камчиликларига берилган жавобларнинг тўғри ва чуқур ифодаланганлиги.
Таҳририятдан: Ҳар йили мамлакатимизда минглаб йигит-қиз олий ўқув юрти талабаси деган фахрли номга сазовор бўлади. Тахминан яна шунчаси ўқишни битириб, мутахассислик дипломини қўлга киритади. Демак, тўрт-беш йиллик сабоқлар, меҳнату машаққат, олтинга қиёсланадиган талабалик даврини ортда қолдиради. Кимдир умрининг ана шу ҳиссасини илму маърифатга бағишлаб, ўзи танлаган соҳасига оид билимларни эгалласа, бошқа бировлар фақат диплом аталмиш бир парча чарм муқовали ҳужжатга "илиниб" қолади, холос
Албатта, олий таълим даргоҳида ўқишдан мақсад ана шу бир парча когозни қўлга киритиш бўлмаслиги керак. Зеро, ёшларимизнинг билм олиши, юксак чўқиларни забт этиши учун ҳукуматимиз томонидан барча шарт шароитлар яратилаётган бир пайтда, ҳар бир йигит-қиз ана шу юксак умид ва ишончни оқлашга катъий ҳаракат қилмоғи лозим.
Лайло Рустамова тайёрлади