Ўзбекистонда мамлакат шаҳарлари бўйлаб дастлабки автосаёҳат-«Rally Muynak» лойиҳаси бошланди.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади - Ўзбекистонда автосаёҳатини оммалаштириш.
Қадимий шаҳарлар Самарқанд, Бухоро, Хива, Нуротадаги Александр Македонскийнинг “Нур” қалъаси ҳаробалари, Чашма масжид мажмуаси, Қизилқум саҳроси, Ҳайдаркўл сув ҳавзаси каби кўплаб қизиқарли сўлим ва хушманзара жойлар ҳафта давомида автопойга иштирокчиларини қарши олади, дея хабар беради "Ўзавтосаноат" АК матбуот хизмати.
Бундан ташқари автосаёҳатчилар йўл-йўлакай қояларга ўйиб ишланган тасвирлар, Аёз-қалъа харобалари билан танишгач, Амударё орқали ўтиб, аксарият сайёҳларнинг орзусига айланган-Мўйноқ шаҳридаги Орол фожиаси ҳақида ҳикоя қилувчи саҳродаги кемалар ва ўлкашунослик музейини ҳам кўздан кечириш имконига эга бўладилар.
Дастлабки лойиҳада тўққиз нафар инсон тўртта автомобилда иштирок этмоқда. Эсда қоларлиси шундаки, “Ўзавтосаноат” АК вакиллари ҳам автопойгада иштирок этишмоқда. «GM Uzbekistan» АЖ ишчилари бошқа иштирокчилар билан бир қаторда, юртимизнинг хушманзара жойларига ташриф буюриш билан бирга, Chevrolet Orlando ва янги Chevrolet Tracker русумидаги автомобилларни синовдан ўтказишади.
Яқинда заводимиз янги Chevrolet Tracker русумидаги автомобилига эга бўлди, дея хабар беради компания менежери Шерзод Жумаев. Мазкур автопойгада эса ушбу янги автомобилни синовдан ўтказишни режалаштирганмиз. Бизнинг вазифамиз, барчага таниш Chevrolet Orlando ва янги Chevrolet Tracker автомобиллари юртимиз иқлимига қанчалик мос келиши ва ноқулай йўл шароитида қандай ҳаракатланиши ҳақида автоҳаваскорлар ва ҳайдовчилар томонидан бериладиган саволларга холис жавоб бериш.
Бизнинг вазифамиз - автосаёҳат давомида юқори ҳароратда, қум ва чанг йўлларда автомобилнинг узоқ масофага қандай ҳаракатланишини кузатиш. Ёнилғи сарфига эътибор қаратамиз ва саёҳатни якунлагач, якуний ҳисобот тайёрлаймиз. Шундай қилсак янги автомобилни ўзимизнинг бозорга ихтисослаштиришимиз мумкин бўлади.
Автосаёҳат ғояси янгилик эмас, бироқ юртимизда автосаёҳат хорижий давлатлардаги каби ҳали тўлиқ ривожланмаган. Ташкилотчилар автомобил саноати тез суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистонда «Rally Muynak» лойиҳаси сайёҳликнинг ушбу турини оммалаштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади, дея умид билдиришмоқда.





