Навбатдаги “Чув тушди” лойиҳасида хонадалар Фарҳод ва Ширинга тузоқ қўйдик. Уларни “Тегирмон” кафесига интервью олиш баҳонасида таклиф қилиб, музқаймоқни паққос тушириб суҳбатга киришдик.
Моҳичеҳра: — Илк маротаба яккахон концерт дастурини тақдим этяпсизлар, балки жонли ижрода куйлаб ҳаммани лол қолдирсангиз бўлармиди...
Ширин: — Биринчидан, Истиқлол санъат саройида илк маротаба концерт дастуримизни тақдим этаётганимизнинг ўзи катта гап. Қолаверса, жонли ижрода концерт бериш биз учун қийин иш эмас. Бу борада етарли тажрибамиз бор. Ўзимизга ишонамиз...
Фарҳод: — Тўғри, биз учун жонли ижрода қўшиқ айтиш муаммо эмас. Масалан, биз тўй хизматларида ҳам деярли жонли ижрода куйлаймиз.
Моҳичеҳра: — Унда муаммо нимада?
Ширин: — Коцертда жонли ижрода куйлаш билан тўйда жонли куйлашнинг фарқи бор. Масалан, тўйдаги тингловчилар асосан шўх қўшиқларни тинглаб, кўпроқ рақсга, ўйин-кулгуга берилади. Концертда эса қўшиқ тинглаш баробарида, қандай куйлаяпсиз, ўзингизни қандай тутяпсиз, ҳаммасига эътибор беришади.
Фарҳод: — Иккинчи томони ўзимизнинг созандалар гуруҳи, чолғу асбоблари, техникамиз билан ижод қилиб ўрганганмиз. Кенг ыамровли ижод қилиш эса биз учун бир оз қийинчилик туғдиради. Лекин мен бу билан Истиқлол санъат саройининг техникаси жонли ижро учун фойдаланишга яроқсиз, демоқчи эмасман. Шунчаки, биз ўзимиз ҳали бунга тайёр эмасмиз. Биринчи маротаба концерт бераётганимиз учун хатога йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ...
Шу маҳал нариги столда ўтириб, хонандаларга қараб-қараб қўяётган бир “мухлис” ботинмайгина ёнимизга келди. Салом-алик қилгач:
— Кечирасизлар... Ширин сизни роса ҳурмат қиламан. Майлими, сиз билан бир расмга тушиб олсам?
Ширин ҳаммага бир-бир қараб олди. Хонандаларнинг маъмури Искандарнинг энасаси қотди.
Искандар: — Акажон, кўряпсиз, биз суҳбатлашяпмиз. Суҳбат тугасин, кейин бемалол расмга тушаверасиз, майлими?
Мухлис осонликча таслим бўлмайдиганлардан экан, гапида туриб олди. Искандар мухлисни маст деб ўйлади шекилли:
— Ака, юринг сизда гапим бор, — дея қўлидан тутиб, нарига олиб кетди. Алланимларани муҳокама қилиб олишганидан сўнг, Искандар уни жойиги ўтирғизиб, қайтиб келди:
- Қани, суҳбатни давом эттирамизми?...
Кўп ўтмай мухлис яна қайтиб келди: — Ширин, йўқ деманг, суратга тушиб олайлик. Ҳозир шошиб турибман, кетишим керак, кейин сизни яна қачон кўраман?
Искандар: — Э, ака гапга тушунасизми йўқми? Суҳбат тугасин, кейин мен ўзим сизни суратга олиб қўяман.
Ширин: (мухлисдан тезроқ қутулиш учун ўрнидан турди) — Майли, суратга туша қолайлик, кейин давом эттирамиз.
Мухлис (фотомухбирга қараб): Ака, бизни расмга олиб қўйинг.
Фотомухбир: — Мен сураткаш эмасман. Суратни сизга чиқариб беролмайман.
Шунда мухлис чўнтагидан қўл телефонини олиб, ўзи билан Ширинни суратга олмоқчи бўлди ва хонандага яқин туриб олди. Мухлиснинг бу қилиғидан Искандарнинг жаҳли чиқиб мухлиснинг қўлидан телефонини тортиб олиб ўзи суратга ола бошлади.
Мухлис Ширин билан бир неча марта суратга тушгач: — Унчалик ўхшамапти-да, яна бир марта яқинроқдан расмга тушсак майлими?..
Ширин (қўлларини сикитиб): — Йўқ-йўқ, бунақаси кетмайди. Бўлди етади. Узр...
Искандар (тоқати тоқ бўлиб, мухлисни торқилаб, итариб, нарига олиб кетди): — Яхши гапга кўнмас экансиз, қани буёққа юрингчи, сиз билан яхшилаб расмга тушамиз ҳозир.
Мухлис Искандарнинг қўлини силтаб юборди. Искандар жаҳлини боса олмай мухлиснинг юзига енгилгина мушт туширди. Фарҳод бўлаётган воқеаларни жимгина кузатарди. У Ширинни на мухлисдан ҳимоя қилди ва на келиб жанжални босди. Қўриқчиларига қўнғироқ қилди шекилли, бир зумда қўриқчиларни бошлаб продюсер Бобур Бобомурод етиб келди. Улар “мени эшитинглар” деётган мухлиснинг гапига қулоқ солмай уни кўчага олиб чиқишга уринишарди.
Бобур Бобомурод (мухлисга қараб) — Менга қара, сен кимсан ўзи, қаердансан? (қўриқчиларига қараб) — Ҳужжатларини олиб қўйинглар!
Икки қўриқчи мухлисни тортқилаб, силтагани сабаб унинг тоби қочиб қолди.
Моҳичеҳра: — Вой, мухлисга ёрдам беринглар, қаранг, маззаси қочди-ёв... (Моҳичеҳра суҳбатни ҳам “унутиб”, унга ёрдамга шошилди). — Сув олиб келинглар.
Фарҳод ва Шириннинг қўриқчилари бирортаси ҳам ёрдамга шошилмади. Аксинча, улар мухлисга еб қўйгудек қараб туришарди. Мухлис эса юрагини чангаллаганча “сув беринглар”, дерди.
Моҳичеҳра: (ҳеч бири ёрдам беравермагач) — Фарҳод, бу ёққа келинг, ёрдамлашиб юборинг. Бу кишини машинага ўтказиб, касалхонга олиб бориш керак, аҳволи оғирлашяпти.
Қўриқчилар шу гапдан сўнг ҳам ўрнидан қўзғалмади.
Ширин: — Фарҳод бормайди... Фарҳод бормайсан, жойинга ўтир...
Фарҳод индамай жойига ўтирди. Моҳичеҳранинг илтимосига кўра кафе ишчиларидан бири сув олиб келди. Мухлиснинг шериги дўстига сув ичирди, Моҳичеҳра эса “Тез ёрдам” хизматига қўнғироқ қила бошлади. Суҳбат чала бўлиб қолганига жаҳли чиққан қўриқчилардан бири яна мухлисга ёпишди ва уни судраб, кўчага олиб чиқа бошлади:
— Бу маст, бунга ёрдам керак эмас! Қани, буёққа юр.
Мухлис шериги: Қўйворинг уни, нима қиляпсиз? Ахир юрагининг мазаси йўқ...
Қўриқчи: Юрагининг маззаси бўлмаса ичмасин эди!
Мухлис шериги: Нима ичипти? Кўрмаяпсизми чой ичиб ўтирибмизку! Битта рсам тушаман деганга шунчами...
Моҳичеҳра (қўриқчига қараб): Шошманг, сиз кимсиз? Қаердан келиб қолдингиз? Қўйиб юборинг уни.
Қўриқчилар гапга қулоқ солмай, мухлисни судраб кафе дарвозасига олиб чиқишди. Мухлиснинг аҳволи янада оғирлашди. Моҳичеҳра “Тез ёрдам” билан боғлангач, мухлиснинг ёшини, отини сўраб, “Тез ёрдам” навбатчисига манзилни тушунтира бошлади.
Искандар: Моҳичеҳра, сиз суҳбатни давом эттираверинг. Буёғини ўзимиз ҳал қиламиз...
Моҳичеҳра: Бўлди, бу жанжал аллақачон муҳарриримизнинг қулоғига етиб борибди. Суҳбатни таҳририятнинг ўзида давом эттирарканмиз. Кетдик бу ердан...
Ширин: Тўхтанг, музқаймоқ жуда ширин экан, еб олайлик. Сиз ҳам ўтиринг...
Моҳичеҳра: У ёқда мухлисингизнинг юраги хуруж қилиб турипти. Уни “Тез ёрдам”га топшириш керак, ҳали суҳбатни ҳам давом эттиришимиз лозим. Шу пайтда музқаймоқ ўтадими?
Ширин музқаймоқни еб олганидан сўнг Фарҳод билан бирга кўчага чиқишди:
Ширин: (машинасига ўтирар экан мухлисга ачиниб қараб) — Искандар ака, бекор унга қўл кўтардингиз. У менга ҳеч нарса қилгани йўқ-ку? Шунчаки суратга тушмоқчи эди холос.
Шу маҳал мухлис чўнтагини ковлаб бир қоғозни олди-да Ширин ўтирган машинага яқинлашиб эшигини очди. Шунда қўриқчилардан бири яна югуриб келиб, мухлисни туртиб машина эшиги ёнида туриб олди.
Мухлис букланган қоғозни очиб кўрсатишга ҳар қанча уринмасин, қўриқчи унинг йўлини тўсиб, ҳаракат қилишга йўл бермасди.
Ширин: — Шошманг, балки дастхат сўраётгандир. Қўйиб юборинг-чи.
Қўриқчи мухлисни қўйиб юборди. Шунда машина ёнида турган Фарҳод эшикни силтади. Эшик қирраси мухлиснинг бошига тегди. Бошини ушлаган мухлис Фарҳодга жаҳл билан ўқрайиб, сўнг қўлидаги қоғозни очиб Ширинга кўрсатди. Ширин қоғоздаги “Чув тушди” ёзувини ўқиб, қичқириб юборди:
- Вой! Алдашибди!..
Қўриқчи яна мухлиснинг елкасидан тортди. Аммо Шириннинг қўлидаги қоғозни ўқигач, ҳайрон бўлиб қотиб қолди, бояги важоҳатидан асар ҳам қолмади. Атрофда ҳайрон бўлиб турганлар ҳам бирин-кетин қоғозни ўқиб, аввалига ишониб-ишонмай кула бошлашди.
Ширин (кулгудан тўхтаб мухлиснинг пешонасини ушлаб кўрди): — Буёққа келинг-чи, эшик бошингизга ёмон урилди. Ҳеч нарса қилмадими?
Қўриқчи анча-мунча қўполлик қилгани учун дув қизариб: — Оббо сен-ей, ҳали бизни алдадингми? Биз ҳам сизларни бир боплайлик, — дея мухлиснинг қўл телефонини тортиб олиб машинасига бориб ўтириб олди. — Телефонингни бермайман!
Ҳамма бу ҳазил-ку, дейишимизга қарамай, қўриқчи телефонни бермади. Шунда Шириннинг ўзи бориб, мухлисининг телефонини олиб келди.
Бобур Бобомурод, продюсер (кулиб): — Моҳичеҳра, ниманидир кўнглим сезди-я... Фарҳод ва Шириннинг газета ўқишга вақти йўқ. Мен эса газетани ҳар бир сонини ўқийман, лойиҳадан ҳам хабарим бор. Лекин бу жанжалли вазият ҳечам “Чув тушди”га ўхшамади-да.
Фарҳод: — Аммо боплаб алдадингиз...
Моҳичеҳра: — Фарҳод, шунча гап сўз бўлди, сиз хотиржам кузатиб ўтирдингиз-а? Ширинга ҳам, мухлисга ҳам ёрдам бермадингиз...
Фарҳод (кулиб): — Шунча қўриқчиларимиз бор-ку, мен нима қиламан аралашиб?
Фарҳод ва Шириннинг жамоаси “мухлис”дан узр сўраб, кула-кула, биз эса актёримиз калтак еганидан кўнглимиз хижил бўлиб хайрлашдик. Ушбу лойиҳани режалаштираётганимизда хонандалар “тоби қочган мухлис”га ёрдамга шошилишса керак деган хаёлда “Чув тушди” деб ёзилган қоғозни касалхонага кетаётганда кўрсатамиз деб ўйлагандек.
Лекин хонандалар ҳам уларнинг атрофидагилар ҳам ёрдамга шошилишмади... хуллас, шунақаси ҳам бўлади. Ҳар доим биз ўйлагандек бўлавермайди.
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА тайёрлади





