5 июн куни Халқ таълими вазирлиги томонидан Олмазор туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабида “2015-2016 ўқув йилида умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан тўлиқ таъминлаш чоралари” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда халқ таълими тизими мутасаддилари, ўқитувчилар, мактаб кутубхоналари ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар беради.
2015-2016 ўқув йили учун барча умумтаълим мактаблари эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, жами 454 номда 25 миллион 708 минг нусхадан ортиқ дарслик ва қўлланмалар чоп этилиши режалаштирилган. Бугунги кунда нашриёт ва босмахоналар томонидан нашр этилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар қабул қилиниб, жойларга етказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 1-2-синф чет тили дарсликларининг мантиқий давоми сифатида янги ўқув йилига 3-синф ўқувчилари учун муаллифлар гуруҳи томонидан чет тилларидан давлат таълим стандарти ва ўқув дастури асосида дарслик, машқ дафтари, ўқитувчи китоби, мультимедиа иловалари ишлаб чиқилиб, нашриётлар ва босмахоналар томонидан чоп этилмоқда.
Тадбирда мактаб кутубхонаси жамғармасидаги мавжуд дарсликлар, ўқув-методик қўлланмаларни хатловдан ўтказиш, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарслик билан тўлиқ таъминлаш борасидаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Маълумот учун, жорий йилдан 1-синф ўқувчилари учун “Меҳнат таълими”, 4-синфлар учун “Меҳнат таълими”, “Тасвирий санъат”, 5-синфларда “Меҳнат таълими”, “Тасвирий санъат” ва “Мусиқа” фанларидан дарсликлар ижара тизимига киритилди. Бу эса ота-оналарга янада қулайлик туғдиради. Шунингдек, 5-синфлар учун “Жисмоний тарбия” дарслиги мактаб кутубхонаси фонди учун 15% миқдорда бепул фойдаланиш учун етказиб берилди.





