АсосийJamiyat

“Ўзэкспомарказ”да йирик саноат ярмаркаси иш бошлади

“Ўзэкспомарказ”да геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати ҳамда ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркаси очилди. 

Ҳар йили ўтказилаётган тармоқ саноат ярмаркалари корхоналарга ишлаб чиқариш ва қайта ишланган хомашё, материал ва бутловчи буюмлар, тайёр маҳсулотларни етказиб беришда узоқ муддатли хўжалик алоқаларини кенгайтириш ҳамда тармоқ ва тармоқлараро кооперация асосида янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилмоқда, дея хабар беради ЎзА. 
Ушбу тадбирларга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётгани эътиборга лойиқ. Масалан, ўтган йилги форумда 250 дан ортиқ корхона иштирок этиб, қарийб икки минг турдаги янги маҳсулотларни тақдим этган эди. Уларнинг 90 тури Маҳаллийлаштириш дастури бўйича ўзлаштирилган янги маҳсулотлардир. Жорий йилда иккита йирик комплексни бирлаштирган кўргазмалар майдонида 300 дан ортиқ саноат корхонаси 2,5 минг турдан ортиқ маҳсулотларни намойиш қилмоқда. Уларнинг 100 тури янги маҳсулотлардир. 
Иштирокчилар орасида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси таркибидаги корхоналар алоҳида ажралиб турибди. Айни пайтда соҳада ишлаб чиқаришни кенг кўламли модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир. 
Тармоқ саноат ярмаркасида “Ўзбекнефтгазқазибчиқариш”, “Ўзгеобурғунефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзнефтмаҳсулот”, “Ўзнефтгазмаш”, “Ўзнефтгазқурилишинвест” акциядорлик компаниялари ва бошқа корхоналар фаол иштирок этмоқда.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти тармоқ ва унинг бўлинмаларини бошқариш тузилмаси, кўмир қазиб олиш ва технологик транспортни такомиллаштириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида қатор чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан бирга импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. 
Жорий йилнинг ўтган 5 ойида қиймати 1,4 миллиард сўмдан ортиқ бўлган маҳаллийлаштирилган маҳсулот тайёрланди ва сотилди. Йил охиригача мамлакатимизнинг кон-шахта ва кон-транспорт асбоб-ускуналарига эҳтиёт қисмлар ва буюмлар ишлаб чиқарадиган заводлар билан кооперацияни амалга ошириш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича ишлар давом эттирилади. 
Тармоқ саноат ярмаркасида “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси таркибидаги 11 корхона иштирок этмоқда.

Тармоқ саноат ярмаркасида Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексининг 30 га яқин корхонаси қатнашмоқда. Улар рақамли телевидение приёмниклари, турли хил модемлар, IPTV-приставкалар ва мультиплексорлар, стационар ва мобиль телефонлар ҳамда бошқа турдаги юқори технологияли маҳсулотларни намойиш этмоқда. 
 

    Бошқа янгиликлар