АсосийJamiyat

Солиқ тўловларини онлайн шаклда тўлаш мумкин бўлади

 

Бугунги кунда, Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк билан ҳамкорликда солиқ тўловчиларга яна бир енгиллик яратиш бўйича янги лойиҳани ишга тушириш борасида иш олиб бормоқда.

Тез кунларда, солиқ тўловчи юридик шахслар интернетдаги «Шахсий кабинет»лари орқали солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн шаклда тўлаш имкониятига эга бўладилар, дея хабар беради ДСҚ.

Ушбу лойиҳа, солиқ тўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, яъни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни банк муассасаларига бормасдан, масофадан туриб тўлаш имкониятини йўлга қўйиш мақсадида, илғор хорижий мамлакатлар солиқ органлари тажрибаларига таянган ҳолда ишлаб чиқилган.

Тизимнинг афзаллиги шундаки, солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботларини тайёрлаб, электрон шаклда жўнатганидан сўнг, ҳосил бўлган солиқ мажбурияти суммасини тўлашга ихтиёрий розилик бериши билан тўлов топшириқномаси автоматик равишда шаклланиб, солиқ тўловчининг ҳисоб-рақамига хизмат қилувчи тижорат банкига ҳимояланган алоқа каналлари орқали етказилади.

Агар ҳисоб-рақамда пул маблағлари етарли бўлса, шу заҳотиёқ тўлов амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасига қайд этилади ёки тўлов топшириқномаси 2-сонли картотекага олиниб, бу ҳақда тадбиркорлик субъектига электрон хабарнома юборилади.

Ушбу тизимдан солиқлар бўйича жорий тўловларни тўлашда ҳам фойдаланиш мумкин. Яна бир муҳим томони, ушбу тизим ишга туширилиши билан ҳозирги кунда Солиқ кодексининг 59-моддаси талаби бузилиши натижасида хўжалик субектларининг мансабдор шахсларининг маъмурий жавобгарликлари кўриб чиқилишига сабаб бўлаётган ҳолатларнинг ҳам олди олинади.

Бугунги кунда ушбу тизим тест-синовларидан ўтказилмоқда ва жорий йилнинг июл ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Ушбу хизматдан фойдаланиш бепул ва 24 соат узлуксиз ишлайди.
 

 

    Бошқа янгиликлар