АсосийJamiyat

Олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари иш бошлади

20 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг барча оилй таълим муассасаларида қабул комиссиялари ўз ишини бошлади.
Абитуриентлар 20 июл кунига қадар соат 9:00 дан 18:00 гача олий таълим муассасалардаги қабул комиссияларига келиб, ўз ҳужжатларини топширишлари мумкин, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати.
Олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишни истаган абитуриентнинг ҳужжатлари тўпламида қуйидагилар бўлиши лозим:
-таълим йўналиши, ўқитиш тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза;
-таълим ҳақида ҳужжатнинг асл нусхаси (аттестат, коллеж/лицей дипломи); 
-086—У шаклдаги тиббий маълумотнома; 
-паспорт нусхаси; 
-3,5×4,5 ҳажмда (паспортдаги каби) 6 та фотосурат бўлиши керак. 
Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақа ғолиблари ўқишга танловсиз кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг асл нусхасини тақдим этишлари керак бўлади.
Абитуриент қабул комиссиясига паспорт ва ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжатни шахсан кўрсатади.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар тегишли тавсияномани ҳам олий таълим муассасаси қабул комиссиясига тақдим этишлари керак.
Абитуриент ҳужжатларининг тўлиқлиги текширилгандан сўнг, у веб-камера орқали суратга туширилади ва ҳужжатлар қабул қилинади. Суратга тушириш учун ҳар бир олий таълим муассасаси қабул комиссиясида алоҳида бурчак ёки хоналар ташкил этилган бўлиб, ушбу сурат абитуриентлар базасига киритилади ва Давлат тест марказига юборилади.
Барча зарур ҳужжатлар топширилганданг сўнг қабул комиссияси абитуриентга ҳужжатларни қабул қилинганлиги ҳақида тилхат беради.
Эслатиб ўтамиз, тест синовлари одатдагидек 1 август куни бўлиб ўтади.

 

    Бошқа янгиликлар