АсосийJamiyat

Жисмоний шахслар солиқларини мустақил хисоблашлари мумкин

 

Бугунги кунда барча соҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилиб, сифатли интерактив хизматлар кўрсатилаётгани ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан тўловчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, солиқ солиш бўйича кенг кўламдаги зарур маълумотларни олишни янада ривожлантириш мақсадида интерактив давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Бу ўз навбатида фуқаролар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Хусусан, расмий www.soliq.uz сайтида «Жисмоний шахсларнинг ер солиғини ҳисоблаш электрон калкулятори» интерактив хизмати жорий этилган. Ушбу интерактив давлат хизмати жисмоний шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг солиқ саводхонлигини ошириш, давлат солиқ хизмати органларида мавжуд маълумотлардан фойдаланган ҳолда мустақил равишда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини автомат тарзда ҳисоблаб чиқариш, унинг тўғри ҳисобланиши ва имтиёзлар тўғри киритилганлигини назорат қилиш имконини беради.

Мазкур интерактив хизматдан фойдаланиш учун расмий www.soliq.uz сайтига кириб, Жисмоний шахслар учун бўлимидан «Жисмоний шахсларнинг ер солиғини ҳисоблаш электрон калкулятори» интерактив хизматини танлаган ҳолда тизимга ўтилади. Жисмоний шахсларнинг ер солиғини ҳисоблаш учун катакчалар тўлдирилади, бунда солиқ тўловчи ўзига тааллуқли маълумотларни мажбурий тартибда эмас, балки ўз хоҳишига қараб тўлдиради.

«Электрон калкулятор»да солиқ имтиёзларини автомат тарзда чегириш имкониятлари назарда тутилган ва тегишли солиқ тури бўйича жисмоний шахсларга берилган солиқ имтиёзларини киритиш учун солиқ тўловчига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва бошқа меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган солиқ имтиёзларини тўлдириш ва белгилаш учун имтиёзлар рўйхати калкуляторнинг асосий ойнасида акс эттирилган.

Электрон калкулятор ёрдамида жисмоний шахслар томонидан ер солиғи бўйича тўланиши лозим бўлган солиқ суммасининг ҳисоблаб чиқарилишида қуйидаги катакчалар тўлдирилади:

- ер участкаси жойлашган ҳудуд;

- обектнинг коди орқали ер участкасининг нима мақсадда фойдаланилаётганлигини танлаш;
- ўлчов бирлиги орқали ер участкасининг майдони танланади;
- ер участкасининг зонаси;
- солиқ тури бўйича жисмоний шахсларга берилган солиқ имтиёзлари;

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 290-моддасида назарда тутилган солиқ имтиёзларини тўлдириш учун «қўшиш» тугмасини босиш керак.
Электрон калкуляторга бирламчи маълумотлар киритилиб, «Ҳисоблаш» тугмачаси босилгандан сўнг қуйидаги натижалар компутер экранида акс этади:
- тўланиши лозим бўлган жами солиқ суммаси;
- солиқ тури бўйича берилган имтиёз суммаси;
- бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси.
Компютер экранида ҳосил бўлган натижани ҳар бир солиқ тўловчи жисмоний шахс чоп этиш ёки электрон кўринишда сақлаб олиш имкониятига эгадир. Ушбу интерактив хизмат, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар куни исталган вақтда тўхтовсиз ва бепул кўрсатилади.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Давлат солиқ қўмитаси томонидан жорий этилган интерактив давлат хизматлари тегишли маълумотларни солиқ тўловчига етказиб, уларнинг хабардорлигини ошириш, солиқ саводхонлигини юксалтириш, вақт ҳамда маблағлари тежалиши, энг муҳими, солиқ органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар