АсосийJamiyat

Институтга киришга қанчалик тайёр эканлигингизни билишни истайсизми?

 

Олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари яқинлашгани сари абитуриентларнинг хавотири ортиб бораверади. Ушбу хавотирни фақат ўз билимига бўлган ишонч ҳисси енгиши мумкин, буни текшириб кўриш эса энди жуда осон. ZiyoNET Давлат таълим портали барча олий ўқув юртига (ОЎЮ) кирувчиларга фойдали совға тайёрлади – бу ҳақиқийсига яқинлаштирилган ҳолда белгиланган вақтда тест топшириш имконияти. Хўш, бундай он-лайн тестнинг мақсади нима, натижалар қандай олинади? Шу каби саволларга ZiyoNET ресурс маркази мутахассиси Камола АХМЕДЖОНОВА жавоб беради.

ОНЛАЙН-ТЕСТНИНГ МАҚСАДИ

—«Абитуриент» лойиҳамиз Ўзбекистон ОЎЮларига индивидуал тайёрланиш учун онлайн-тест тизими томонидан тақдим этилган. Мақсад – талаба бўлиш истагидаги барча ёшларга ҳамда билимини текшириб кўриш истаги бўлган барчага шундай имкониятни яратиб бериш. Бизнинг порталда тестдан ўтиш учун ID.uz (ягона идентификацион тизим) дан рўйхатдан ўтиш лозим. Барча тестларни ишлаш ҳуқуқи рўйхатдан ўтгандан сўнг берилади.

АБИТУРИЕНТ НАТИЖАЛАРНИ ДАРҲОЛ ОЛИШИ МУМКИНМИ?

— Тестдан ўтиш учун, ўзингиз истаган ОЎЮ ёки керакли мутахассисликни танлаш лозим. Абитуриент учун виртуал имтиҳон муҳити яратилади, уч соат вақт ва 108 та - ҳар бир фандан 36 тадан савол берилади. Фойдаланувчилар натижалар билан дарҳол танишишлари мумкин.

ЯНА ҚАНДАЙ ҚУЛАЙЛИККА ЭГА?

— «Абитуриент» лойиҳасида ҳар бир фойдаланувчи учун қулай интерфейсда ишланган. Унда Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб ОЎЮ ва мутахассисликларни кўриш мумкин. Қизиқарли маълумотлар сифатида «Ўтган йилги ўтиш баллари» — барча ОТМлар ва барча мутахассисликлар бўйича абитуриентлар сони, битта ўринга танлов, таълим шаклининг бюджет (грант) ва контракт тўлови учун ўтиш баллари билан ҳам танишиш имкони мавжуд.

ҚАНДАЙ ТЕСТЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛГАН?

  • Абитуриентлар учун энг қизиқ ва фойдали маълумот — имтиҳон муҳитига яқинлаштирилган шароитда тестдан ўтиш имкони (вақт белгиланган бўлади). Тест учун саволлар ўтган йилги тест тўпламлар ва бошқа манбалардан олинган. Тестни бир неча марта топшириш ва ўсишни белгилаб бориш имкони берилган. Тест синовидан ўтишдан олдин истаган ОТМни танлашингиз ва тестни топширгандан сўнг танланган олий таълим муассасасига кира олиш имкониятингизни баҳолай оласиз. Битта фан бўйича ҳам тест синовидан ўтиш имконияти мавжуд.

СТАТИСТИКА БОРМИ? ШУ КУНГАЧА ТЕСТ ТОПШИРГАНЛАР СОНИ ҚАНЧА?

— Статистика ишлаб чиқилган, ҳозирги вақтда юздан ортиқ фойдаланувчилар порталга кириб ўз билимларини текшириб кўришди. ZiyoNET РМ ходимлари томонидан маълумотларни йиғиш ва фойдаланувчиларга тақдим этиш борасида жуда катта ишлар олиб борилган. Портал абитуриентларга бўлғуси мутахассисликни танлашга ва истаган ОЎЮ киришга ёрдам беради, деган умиддамиз.

Дарвоқе

1. ZiyoNET орқали танланган ОТМ қайси йўналишлар бўйича мутахассисларни (ОТМ ва мутахассисликлар бўлимида)тайёрлайди, ёки аксинча, қайси ОТМлар танланган йўналишлар (“Мутахассислар каталог”и) бўйича кадрлар тайёрланишини кўришингиз мумкин.

2. “Абитуриентлар учун қўлланма” бўлимида имтиёзлар, бланк тўлдириш намуналари, тест синови вақтидаги талабларни кўриш ва юклаб олиш имконияти мавжуд.

3. «ОТМ имтиҳонларини топшириш учун ҳужжатлар» бўлимида ўқишга топшириш олдидан керакли ҳужжатлар билан танишасиз.

4.«Видеороликлар» бўлимида ОТМга кириш учун ҳужжатларни тўғри тўлдириш ҳақидаги роликларни кўриш мумкин.

МУҲИМ!

ZiyoNETда ишлаш мутлақо бепул: портал бепул ТАS-IX зонасида ишлайди, у ОЎЮга кираётган абитуриентларга ва талабаларга қулайлик яратади.

О.ФОЗИЛОВА

 

    Бошқа янгиликлар