“Газетанинг аввалги сонларида Тошкентда вақтинча яшаш учун хостеллар мавжудлиги ҳақида ўқиган эдим. Бироқ ҳамма ҳам улар ҳақида билмайди. Уларни қаердан топиш мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Улар аэропорт ва вокзаллар қошида ҳам мавжудми? Хизмат нархлари қандай? Яна қаерда тунаб қолса бўлади? Ушбу маълумот чекка ҳудудлардан пойтахтга ташриф буюрувчилар учун айни муддао...”
Ф.Мағдиева, Бухоро ш.
Ёз – пойтахтга дам олиш, саёҳат ва харидларни амалга ошириш учун юртимизнинг барча ҳудудларидан меҳмонлар келадиган мавсум... Кимлардир дам олишга, яна кимлардир даволанишга ва шахсий масалаларни ҳал этиш учун келади. Бир сўз билан айтганда, сабаблар кўп, келганда эса муаммо битта – қаерда тўхташ? Ҳам ҳамёнбоп, ҳам қулай бўлсин...
МЕҲМОНХОНА ВА МЕҲМОНХОНА УЙЛАРИ
Бу вақтинчалик яшашнинг у қадар арзон бўлмаган, аммо ғам-ташвишдан холи усули. Меҳмонхонадаги хонадан ташқари меҳмон нонушта ва бепул Wi-Fi’га эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари пойтахтда 5 кун турадиганлар учун вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ҳам таъминланади.
Ўртача нархлар
Иккита юлдузли меҳмонхоналарда нархлар суткасига 80-100 у.е. (Ўзбекистон фуқароларидан тўлов Марказий банк курси бўйича сўмда қабул қилинади) ташкил қилади. Меҳмонхоналарнинг бир ўринли эконом класс номериига жойлашиш ҳам доим қиммат бўлади, шу сабабли 3-4 киши бўлиб ташриф буюрган меҳмонлар кўп кишили хоналарни банд қилишса, тўлов киши бошига ҳисобланиб, арзонроққа тушади.
Тежамкор вариантларни у қадар катта бўлмаган хусусий меҳмонхона ва меҳмонхона уйлари ҳам таклиф қилишмоқда. Уларнинг баъзиларида бир киши учун суткасига 10 у.е. тўлаб жойлашса бўлади.
Яшаш учун ўз варинтларини хостеллар ҳам таклиф этишмоқда – бу эса бюджет ва умумий турар жой орасида олтин ўрталик саналади. Булар фақат бир кеча тунашни мақсад қилган меҳмонлар учун жуда қўл келади. Тошкентда илк бор пайдо бўлган хостелларнинг манзилларини интернетдан топиш мумкин.
Бироқ улардаги нархлар пулини тежаб қолмоқчи бўлганлар учун у қадар тўғри келмайди.
Бизнинг таҳлил бундай муассасаларда битта жойнинг нархи 10 у.е.дан кам эмаслигини кўрсатди.
Дарвоқе, суриштирув давомида вокзал ва аэропортлар қошида ҳам ҳеч қандай меҳмонхона ва ётоқ учун жойлар йўқлигини аниқладик.
|
Муассаса номи |
Жойи |
Таклиф |
|
“Ҳаёт Хостел” |
Миробод тумани |
Бир ўринли хонада жой нархи 75 минг сўм |
|
“Тапчан-Хостел” |
Миробод тумани |
Битта жой нархи 30 минг сўм |
|
“Арт-хостел” |
Яккасарой тумани |
Битта жой нархи 60 минг сўм |
|
“Арт-тревел” |
Юнусобод тумани |
Бир ўринли хонада жой нархи 50 минг сўм |
|
“Хосилот” |
Яккасарой тумани |
Бир ўринли хонада жой нархи 35 минг сўм |
|
“Сафар” |
Яккасарой тумани |
Бир ўринли хонада жой нархи 40 минг сўмдан |
|
“Mirzo” |
Шайхонтоҳур тумани |
Тўрт ўринли хонада жой нархи 65 минг сўм |
|
“Сувчи” |
Шайхонтоҳур тумани |
Битта жой нархи 20 минг сўм |
Қаердан топиш мумкин?
Кўп меҳмонхоналарнинг ўз сайтлари мавжуд, уларни қидирув тизимларини ишга солиб топиш мумкин. Тошкентда жойлашган бундай муассасалар тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон сайёҳлик соҳасига йўналтирилган– http://welcomeuzbekistan.uz/ порталидан олиш мумкин.
Аммо афсуски улардаги шароитлар, алоқа ва нархлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган Ўзнетда ягона база ҳали мавжуд эмас. Ушбу соҳада энг кенг маълумотларни ўз ичига олган бепул электрон маълумотномалар мавжуд.
ТОШКЕНТДА УЙНИ ИЖАРАГА ОЛИШ НАРХЛАРИ
Ўзингизга вақтинчалик яшаш жойини излар экансиз, бунда энг аввало, ўзингиз учун қандай шароит тўғри келишини аниқлаб олишингиз лозим: фақат тунаб қолиш учун жой керакми; хонада бошқа шахслар билан қўшни бўлиб яшашга тайёрмисиз; барча шароитлари бор алоҳида хона керакми; эгаси билан бирга турса ҳам арзонроқ бир ётоқ бўлса басми? Ижара нархлари ана шу омилларнинг барчасига боғлиқ бўлади.
Ўртача нархлар
Қуйида келтирилган жадвалда энг минимал нархлар келтирилган. Уларни шакллантиришда инобатга олинган омилларда хоналарнинг сони, таъмир ҳолати, жиҳозларнинг сифати, маиший техниканинг мавжудлиги инобатга олинган.
|
Уй-жой тури |
Ойлик ижара нархи |
|
Ётоқ жойи |
50 000 сўмдан |
|
Алоҳида хона |
100 000 сўмдан |
|
Алоҳида хонадон |
400 000 сўмдан |
|
Бир қаватли уй |
500 000 сўмдан |
Қаердан топиш мумкин
Бундай таклифлар эълон қилинадиган майдонлар сифатида электрон доскалар ва газета саҳифаларини кўрсатиш мумкин.
Улар орасида энг машҳурлари Olx.uz (собиқ Torg.uz), Arka.uz, Zor.uz, Vse.vsem.uz, босма нашрлар орасида эса “Даракчи-Бизнес маркет” ва бошқалар бор.
Узоқ муддатли ижара учун уйларни агентликлар ёки алоҳида риэлторлар кўмагида ҳам топиш мумкин. Эътиборли бўлинг: риэлторларга мурожаат қила туриб, уларнинг ҳужжатларини текширишни унутманг.
Пойтахтда рўйхатдан ўтиш
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисидаги Йўриқномага кўра беш кундан олти ойгача даврдаги вақтинча қайд этиш фуқарони доимий истиқомат жойидаги рўйхатдан чиқармасдан амалга оширилади. Тошкентда 5 кундан кўп вақт турмаган фуқаролар рўйхатдан ўтишлари шарт эмас.
Фуқаронинг пойтахтда неча кун туриш муддатини участка нозири суриштириб аниқлаши мумкин.
Паспорт тизими қоидаларини бузсангиз
Ҳисобда турмасдан яшаса...
Паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши — энг кам иш ҳақининг 1 дан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳисобда турмасдан яшашга йўл қўйилса
Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг фуқароларнинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан ёхуд вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши — энг кам иш ҳақининг 3 дан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Меҳмонларга эслатма
Юқоридаги усуллардан фойдаланмоқчи бўлган фуқаролар учун айрим тавсияларни бермоқчимиз:
- Яшаш жойингиз ҳақида пойтахтга келмасдан аввал ўйлаб олганингиз маъқул. Меҳмонхона ва хостелларнинг телефон рақамларига, шунингдек эълондаги ижарага берувчи хонадон эгаларига қўнғироқ қилинг ҳамда жойни олдиндан буюртма қилиб қўйинг.
- Сайёҳларнинг келиши ва барча меҳмонхоналар буюртма қилиниш мавсумини инобатга олинг. Бу давр март ойининг ўрталаридан май ойи ўрталаригача ҳамда август ойи оҳиридан октябрь ойининг сўнггини кунларини ўз ичига олади.
- Агар сиз пойтахтга беш суткадан кўпроқ муддатга келган бўлсангиз, вақтинчалик яшаш жойингизга вақтинчалик рўйҳатга туринг.
Ушбу мақола реклама ҳисобланмайди, материал ушбу соҳада аҳоли учун зарур бўлган барча маълумотларни етказиш мақсадида тайёрланган. Танлаш ҳуқуқи муштарийларга қолди.
С.Алмаева,
Р.Жаляева
тайёрлади





