Тошкентда 7 май куни ўғирлаб кетилган 31 ёшли фуқарони 2 эркак ва бир аёл бўлакларга бўлиб, ҳовлига кўмиб ташлади

ЖИНОЯТ 13.05.2020, 16:18
Тошкентда 7 май куни ўғирлаб кетилган 31 ёшли фуқарони 2 эркак ва бир аёл бўлакларга бўлиб, ҳовлига кўмиб ташлади

Тошкентда бир ҳафта аввал ўғирлаб кетилган фуқаронинг жасади бўлакланиб, ҳовлига кўмиб ташлангани аниқланди.  Бу ҳақда Даракчига Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Унга кўра, роппа-роса бир ҳафта аввал,  7 май куни пойтахтнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи ўттиз бир ёшли Р. Р. «Lacetti» русумли автомашинасида уйидан чиқиб, бедарак йўқолгани бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ЖКнинг (Жиноят кодекси) 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.

Ўтказилган тезкор-тергов ҳаракатлар давомида аниқланишича, Юнусобод туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Ж.Арипбаев (муқаддам судланган, айни пайтда ишсиз) Р. Р.дан сотиб олиш шарти билан ижарага автомашина олган. Ўзаро муносабатлар жараёнида Р. Р.нинг ўзига тўқ инсонлардан эканини билган Ж. Арипбаев унинг пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишни режалайди. 

Шу мақсадда у 1991 йилда туғилган М.Маҳкамов ва 1991 йилда туғилган С.Абдулҳакимовалар билан тил бириктиради. Аввалига ижтимоий тармоқ орқали Р.Р. билан аёл киши сифатида танишиб, виртуал мулоқотга киришишади. Томонлар шу тариқа бир-бирини «синашгач», шу йилнинг 7 май куни С.Абдулҳакимова Р.Р.ни уйига таклиф қилади. Айтилган манзилда эса Р.Р.ни «кутиб олган» уччовлон аввалига уни уриб-дўппослаб, қўл ва оёқларини арқон билан боғлашади. Сўнг ёнида бўлган 400 АҚШ доллари ва 1.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритади.

Бу билан қанотланмаган жиноий гуруҳ Р.Р.ни қийнаб, пул талаб қилишда давом этади. Айни жараёнда унинг уяли телефонида Телеграм месенджери орқали (Р.Р.нинг номидан унинг) ота-онаси билан СМС хабарлар алмашиб, уларга бир дўстининг уйидан 29.000 АҚШ долларини олиб, фалон манзилга етказиб беришни айтади. Ва шу тариқа улар 29.000 АҚШ долларини қўлга киритишади.

Шундан сўнг содир этган жиноятларини яшириш мақсадида Ж. Арипбаев 8 майга ўтар кечаси Р.Р. миниб келган «Lacetti» русумли автомашинаси юкхонасига ўзини мажбуран жойлаб, икки кун аввал ижарага олган Яшнобод туманидаги ҳовлига олиб боради ва шу ерда уни уриб, умрига зомин бўлади. Сўнг ёлланма ишчилар ёрдамида мазкур ховлида чуқур қаздириб, марҳумнинг мурдасини бўлакларга ажратиб, кўмиб юборади...

Тўпланган ҳужжатларга кўра, Ж.Арипбаевнинг ҳаракатларида қасддан одам ўлдириш жиноят таркиби мавжудлигини ҳисобга олиб, жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 137-моддаси (Одам ўғрилаш )1-қисмидан ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и» банди ва 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми «г» бандига қайта малакаланганди.

Ж. Арипбаев айни пайтда қўлга олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1