АсосийСиёсат

2025 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижий сафарлари: ташқи сиёсатдаги асосий йўналишлар ва амалий натижалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилдаги хорижий сафарлари мамлакат ташқи сиёсатининг институционал баркамоллашгани, иқтисодий манфаатлар билан уйғунлашгани ҳамда минтақавий ва глобал даражада мувозанатли олиб борилаётганини кўрсатади.

'2025 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижий сафарлари: ташқи сиёсатдаги асосий йўналишлар ва амалий натижалар'ning rasmi

Яқин Шарқ ва Осиё давлатлари билан ҳамкорлик: инвестиция ва инновация омили

Ўзбекистон президентининг 2025 йил бошида БАА, Кувайт, Қатар ва Малайзияга амалга оширган ташрифлар иЎзбекистон ташқи сиёсатининг иқтисодий-инновацион йўналиши устувор эканини кўрсатди.

Масалан, 13–15 январь кунлари амалга оширилган ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси Абу-Дабида бўлиб ўтган “Барқарор ривожланиш ҳафталиги” доирасидаги учрашувларда қватнашди. Унда қайта тикланувчи энергетика, сунъий интеллект, тиббиёт ва инфратузилма соҳаларида йирик инвестиция лойиҳаларига асос солинди. Бу ташриф Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясини халқаро молиявий ва технологик ресурслар билан таъминлашга хизмат қилди.

Жорий йилнинг 4–5 февраль кунлари Куала-Лумпур ва 17–18 февраль кунлари Кувайтга расмий сафарлар эса ислом молияси, нефть-газ, кимё саноати ҳамда хусусий сектор иштирокидаги лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилди. Ушбу йўналишларда давлатлараро сиёсий ишонч иқтисодий институционал ҳамкорликка айлантирилди.

Ўзбекистон президенти 3–4 ноябр кунлари Катар амирининг таклифига биноан ташриф бюуриб, иккинчи Жаҳон ижтимоий ривожланиш саммитида иштирок этди. Саммит доирасида 2030 йилга қадар ижтимоий ривожланиш йўлида қўшма саъй-ҳаракатларни белгилаб берувчи асосий ҳужжат — Доҳий декларацияси муҳокама қилинди.

Шунингдек, 31 август – 3 сентябрь кунлари Хитойга уюштирилган расмий ташриф — ШҲТ ва стратегик шериклик доирасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ташриф давомида Хитой билан иқтисодий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, ШҲТ доирасида хавфсизлик ва савд-сотиқ ҳамда Россия–Ўзбекистон–Хитой мулоқотининг уйғунлашувига эришилди.

Давлатимиз раҳбари 24–25 июнь кунлари Монголияга уюштирган ташрифини эса янги географик йўналиш — ташқи сиёсатнинг кенгайиши билан ифодалаш мумкин. Шу кунлари ўтказилган музокараларда янги бозорлар ва транспорт йўналишлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ва маданий алмашинув борасида муҳим келишувлар имзоланди.

 Европа йўналиши: сиёсий легитимлик ва стратегик шериклик

Ўзбекистон етакчисининг 11–13 март кунлари Францияга, 19–22 май кунлари Венгрия ва Словенияга, шунингдек, 24 октябрь куни Бельгияга амалга оширган ташрифлар Ўзбекистоннинг Европа сиёсатида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаганини кўрсатди. Марказий Европага ташрифлар Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан алоқаларини диверсификация қилди.

Жумладан, Мирзиёевнинг Парижга давлат ташрифи Ўзбекистон–Франция муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариб, таълим, маданият, транспорт ва инвестиция соҳаларида узоқ муддатли дастурларни шакллантирди. Шу билан бирга, ЮНЕСКО билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг маданий дипломатиясига халқаро эътироф олиб келди. Бу ташрифнинг самараси ўлароқ, Самарқанда шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Таъкидлаш лозим, бу сўнгги 40 йил ичида илк бор Париждан ташқарида ташкил этилган тарихий воқеа бўлиб, у таълим, фан, маданият, шунингдек сунъий интеллект ва барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилиш учун минглаб делегатларни бир жойга жамлади ҳамда шаҳарнинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрнини яна бир бор намоён қилди.

Ўзбекистон президентининг Брюссельга расмий ташрифи эса Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган сиёсий ва иқтисодий мулоқотни мустаҳкамлаб, мамлакатнинг Европа маконида ишончли ва барқарор шерик сифатидаги мақомини кучайтирди.

Шунингдек, Венгрияда — туркий давлатлар форматида сиёсий мувофиқлашувга эришилгани, OTP Group орқали банк-молия ҳамкорлик ҳамда Словения билан янги бозорларга чиқиш ва логистика имкониятлари кўриб чиқилгани таҳсинга сазовор.

 Марказий Осиё: минтақавий интеграциянинг институционал босқичи

Ҳаммага маълум, Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган кундан бошлаб нафақат Ўзбекистон тараққиёти, балки Марказий Осиёда ҳамкорлик ва бирдамлик руҳини кучайтиришга уриниб келмоқда. Бу борада қатор амалий натижаларга эришилгани ҳам бор гап. Ўзбекистон президентининг Алмати, Хўжанд, Астана, Душанбе ва Ашхободга амалга оширилган ишчи сафарлар Марказий Осиё ташқи сиёсатида янги ишонч муҳитини шакллантиришга қаратилди.

Уч томонлама форматларда ўтказилган учрашувлар, чегара ҳудудларида рамзий иншоотларни очиш ва қўшма тадбирлар минтақада қарама-қаршилик эмас, ҳамкорлик моделини мустаҳкамлади. Бу жараён Ўзбекистоннинг минтақавий етакчи сифатидаги дипломатик ролини кучайтирди.

Қолаверса мазкур ишчи сафарлар Марказий Осиёда янги сиёсий маданият шаклланаётганини кўрсатди. Натижада уч томонлама формат (Ўзбекистон–Қирғизистон–Тожикистон формати мустаҳкамланди. Чегаралар туташувида дўстлик стеласи — рамзий ва амалий ишонч тимсоли ўрнатилди. Марказий Осиё умумий кун тартибини янада мустаҳкамлашга қаратилган қадамлар қўйилди.

Йил давомидаги кўплаб ташрифлари орқали Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни Туркий тиллар давлат дунёсига интеграциялашуви ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашига ҳам катта ҳисса қўшди. Масалан, 6–7 октябрь кунлари — Озарбайжоннинг Габала шаҳрига амалий ташриф буюриб, Туркий давлатлар ташкилотининг XII саммитида иштирок этди.

 Кўп векторли ҳамкорлик ва глобал дипломатия

Хитой, Россия, АҚШ ва БМТ доирасидаги ташрифлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг кўп векторли ва мувозанатли характерини намоён қилди.

ШҲТ саммити, “Марказий Осиё — АҚШ” формати, БМТ Бош Ассамблеясидаги иштирок мамлакатнинг халқаро хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва минтақавий барқарорлик бўйича ташаббусларини глобал даражага олиб чиқди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари 20–24 сентябрь кунлари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси умумий мунозараларида иштирок этиб, Ўзбекистоннинг глобал овозини намоён қилди Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида  БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш билан, қатор давлатлар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашувлар ўтказди.

Шунингдек, 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ Президенти Дональд Трамп билан музокаралар ўтказди. Икки давлат раҳбарлари стратегик шериклик муносабатларини кенгайтиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилишди. Минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. 5 сентябрь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти АҚШ раҳбарини ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги юксак натижалар билан табриклади, шунингдек халқаро ва минтақавий миқёсдаги кескин можароларни тинч йўл билан ҳал этишга қўшган шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.

АҚШ Президенти эса Ўзбекистон Президентининг АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан бир кун аввал бўлиб ўтган учрашув ва музокаралари самарали якунларини юқори баҳолади.

Бу учрашувлар самараси ўлароқ, хавфсизлик, барқарор ривожланиш бўйича ташаббуслар ўртага ташланди, Халқаро ташкилотлар билан институционал алоқалар мустаҳкамланиши учун амалий қадамлар қўйилди.

Шунингдек, 5–7 ноябрь кунлари АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида АҚШ маъмурияти билан ўтказилган мулоқот Ўзбекистоннинг стратегик мувозанат сиёсатини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Мазкур ташриф доирасида “Марказий Осиё — АҚШ” форматида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция, савдо ва технологиялар бўйича келишувларга эришилди.

Вашингтон шаҳрида C5+1 форматида ўтказилган учрашув — АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги инклюзив ҳамкорлик саммитидир. C5+1 форматидаги ҳамкорлик кўплаб соҳа ва йўналишларда ўзаро келишувларга, умумий тараққиётга замин бўлди. Ушбу форматдаги алоқаларда Ўзбекистон фаоллик кўрсатаётгани эътиборга молик.

Давлатимиз раҳбари 8—9 мая кунлари ишчи сафар билан Россияда бўлди. У Москвадаги Қизил Майдонда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80-йиллигига бағишланган ҳарбий парадни томоша қилди. Кремл девори ёнидаги Номаълум аскар қабрига гул қўйди. Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид масалаларни муҳокама қилди.

2025 йилнинг 31 август — 3 сентябрь кунлари эса Ўзбекистон Президенти Хитой Халқ Республикасига расмий ташриф билан борди. Ташриф доирасида Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этди. Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Давлат кенгаши раиси Ли Кэчян, шунингдек етакчи хитой компаниялари раҳбарлари ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, преиздентимиз Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 80 йиллигига бағишланган хотира тадбирларида қатнашди.

 Йилнинг сўнгги ташрифлари

2025 йилнинг 18–20 декабрь кунлари эса Шавкат Мирзиёев Японияга стратегик аҳамиятга эга сафари амалга оширди. Президентнинг Токиога ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг технологик ва интеллектуал ривожланишга қаратилган йўналишини яққол ифодалади.

“Марказий Осиё — Япония” саммити, молиявий институтлар (JBIC, JICA) ва илмий-таълим муассасалари билан келишувлар Ўзбекистонни юқори технологиялар, таълим ва инновация соҳаларида узоқ муддатли шерикликка олиб чиқди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари "Марказий Осиё + Япония" мулоқотининг биринчи саммитида нутқ сўзлади. Япония сафаридан сўнг Ўзбекистон президенти Россияга жўнаб кетди.

Президент ортда қолаётган 2025 йилнинг охирги сафарини Санкт-Петербург шаҳрига амалга оширилди.  Бу ерда Ўзбекистон етакчиси МДҲ иштирокчи давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида ҳамда Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида қатнашди.

 Хулоса

2025 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилган хорижий сафарлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг уч асосий концептуал хусусиятини шакллантирди. Бу аввало, иқтисодий манфаатларга йўналтирилган прагматик дипломатия. Иккинчидан - Марказий Осиёда ишонч ва интеграцияга асосланган минтақавий сиёсат. Ва албатта глобал майдонда мувозанатли ва кўп томонлама иштирок этишдан иборат.

Шу тариқа, 2025 йил ташқи сиёсати Ўзбекистоннинг халқаро тизимдаги ўрнини мустаҳкамлаб, мамлакат тараққиёти учун барқарор ташқи муҳит яратишга хизмат қилди.

Хулоса қилиб айтганда, Президент Мирзиёевнинг хорижий ташрифлари нафақат анъанавий шерикликни мустаҳкамлади, балки минтақавий ва глобал сиёсатда янги йўналишларни очди. Бу ташрифлар қатор қимматли самаралар келтирди.

Жумладан, етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланди. Кенг кўламли келишувларни имзолаш, инвестиция дастурлари билан алмашиш ва бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш – иқтисодиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон етакчиси илгари сурган ва амалга татбиқ этилган кўплаб халқаро ташаббуслар, шунингдек, БМТ, ШҲТ, «C5+1» саммитлари ва бошқа форматларда фаол иштирок этиш, бу Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги ўрнини мустаҳкамлади.

Марказий Осиёдаги мавқени мустаҳкамлаш ва Осиё ҳамда Европа давлатлари билан алоқаларни кенгайтириш эса Минтақавий интеграция жараёнларини кучайтирди.

Умуман олганда, ўтаётган 2025 йил Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатида самарали йил бўлди, деб айтиш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг хорижга амалга оширган давлат ва расмий ташрифлари, Ўзбекистонда ташкил этилган турли нуфузли халқаро тадбирлар, хусусан, 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити, 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси, 30 октябрь – 14 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида UNESCO 43-сессияси ўтказилгани - Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва дипломатик салоҳияти янада юксалганини англатади.

Абулфайз Сайидасқаров

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    '“Мақсад — халқ ҳаётини яхшилаш”: Саида Мирзиёева нима учун айнан ҳозир гапирди?'ning rasmi

    Сиёсат Бугун 05:10

    “Мақсад — халқ ҳаётини яхшилаш”: Саида Мирзиёева нима учун айнан ҳозир гапирди?

    Ўзбекистон Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева илк катта интервьюсида давлат бошқаруви, ислоҳотлар ва шахсий қарашлари ҳақида очиқ фикр билдирди.

    'Коррупцияга қарши курашда янги тизимлар жорий этилади'ning rasmi

    Сиёсат 01.01.2026 10:00

    Коррупцияга қарши курашда янги тизимлар жорий этилади

    Президент фармонига мувофиқ, 2026 йилдан коррупциянинг олдини олиш, ички назоратни кучайтириш ва хабар берувчиларни ҳимоя қилишга қаратилган қатор янги механизмлар ишга туширилади.

    'Ўзбекистон Ғазо секторидаги вазиятни инсонпарварлик фожиаси деб баҳолади'ning rasmi

    Сиёсат 31.12.2025 16:58

    Ўзбекистон Ғазо секторидаги вазиятни инсонпарварлик фожиаси деб баҳолади

    Ташқи ишлар вазирлиги минтақадаги зиддиятларни кузатиб бораётганини билдирар экан, Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш ва тинчликни таъминлашни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

    'Ўзбекистон етакчисини янги йил байрами билан кимлар табриклади?'ning rasmi

    Сиёсат 31.12.2025 14:48

    Ўзбекистон етакчисини янги йил байрами билан кимлар табриклади?

    2026 йил кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар раҳбарлари, парламентлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар етакчиларидан самимий табрик ва эзгу тилаклар келмоқда.

    'Мирзиёев Жапаров ва қирғиз халқини Янги йил билан табриклади'ning rasmi

    Сиёсат 31.12.2025 08:42

    Мирзиёев Жапаров ва қирғиз халқини Янги йил билан табриклади

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровга ва республика халқига Янги йил муносабати билан табрик йўллади.

    'МДҲ президентлари 2026 йилда қаерда учрашиши маълум бўлди'ning rasmi

    Сиёсат 31.12.2025 08:00

    МДҲ президентлари 2026 йилда қаерда учрашиши маълум бўлди

    МДҲ Давлат раҳбарларининг аввалги саммити 2025 йил 10 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган эди.