“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигоранинг ижтимоий тармоқлар, шунингдек, “whatsapp” ҳамда “telegram”да чамаси бир ёшлардаги болани аравачада етаклаб юришгани тасвирланган сурат тарқалди. Бу сурат хонандаларга билдирмай олингани шундоқ сезилиб турибди. Ойбек ва Нигора билан боғлиқ мазкур сурат интернетда тарқалиб шов-шувларга сабаб бўлгандан кейин Нигоранинг ўзи ҳам бу расмни инстаграмдаги шахсий саҳифасига жойлади. “Тоза ҳаво – танга даво. Ҳам болаларга, ҳам катталарга” дея изоҳ қолдирган Нигорага “бу сизларнинг фарзандингизми?” қабилидаги саволларнинг кети узилмаяпти. Нигора эса бу саволларга жавоб беришни лозим топмаган кўринади. Шундай бўлса-да бу сурат қўл телефонларида ҳам тарқалишга улгурди. Балки биз кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб олармиз, деган мақсадда Нигорага қўнғироқ қилдик.
Нигора Исмоилова, “Ниҳол” мукофоти совриндори:
— (кулиб) Ҳали Ойбек ҳам, мен ҳам турмуш қурмаган бўлсак, қаердан фарзандимиз бўлади. Одамларга ҳам ҳайронсан, кўрмасдан, билмасдан туриб турли бўхтонларни ўйлаб топишади. Болаларни жуда яхши кўраман, аравачадаги бу кичкинтой эса хонанда Фарруҳ Аҳмедовнинг ўғли. Санъаткор дўстларимиз билан кечки сайрга чиққанимизда Ойбек иккимиз болага қараб тургандик. Бу сурат қандай қилиб одамлар қўлига етиб борди ҳайронман. Ортиқча миш-мишларга эса ҳожат йўқ менимча.





