АсосийJamiyat

Дабдабозликнинг олдини олиш ҳақидаги қарор муҳокамасида қатнашинг

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокимияти Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “Туман ҳудудида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”га қарорини муҳокамага қўйди.

Бу ҳақда "Электрон Ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази хабар берадиҚарорнинг асосий мақсади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда туман ҳудудидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги сабабли бундай ҳолатларга чек қўйиш, фуқаролар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлашдир.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, туман хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, Маънавият-тарғибот маркази туман бўлими, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни ўтказишни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгаши тузилади.

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ихчам ўтказишни, дабдабали ўтказилаётган тадбирларга сарфланаётган маблағларни кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтириш тарғиб қилинади.

Тумандаги давлат бошқаруви органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат унумдорлигини сақлаш мақсадида ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда иш кунлари тўй ва маросим муносабати билан соат 07.00 дан 09.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача ош бериш ва аксинча иш вақтида соат 09.00 дан 12.00 гача, 14.00 дан 18.00 гача ош беришни таъқиқлаш, ҳамда соат 22.00 дан кейин тўй ва базмларни давом эттириш ҳолатларининг олдини олиш бўйича жамоатчиликнинг таклифлари қўллаб-қувватланади.

Ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, нақд пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, бир хил белгиланган нархларда амалга оширилиши назоратга қилинади. Барча ресторан, ошхона, кафе ва тўйхона эгалари тўй ва маросимларда фуқаролар ҳаётига хавф солувчи техникалар, кўргазмалар ва пиротехникадан фойдаланмаслик ҳамда тўйхона атрофида яшовчи аҳолининг тинчлиги бузилмаслиги учун тўй-ҳашамдан сўнг шовқинли ҳолатлар бўлмаслигини таъминланади.

Тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари туман ҳудудида айланиши ва суратга олиши жараёнида фуқаролар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этилишини назорат қилиш бўйича, шунингдек мазкур турдаги тадбирларни тантанали ўтказишга жалб қилинадиган автомашиналар сонини 4 тададан ошмаган миқдорда бўлишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланади.

Тўйлар ва базмларда санъаткорлар иштироки ва уларнинг кийиниш маданиятига риоя қилиниши, шунингдек хонандалик ва раққосалик лицензияси мавжудлиги назоратга олинсин, раққосалик касбига номуносиб бўлган қиз-жувонларнинг тўй-ҳашам ва базмларга раққоса номи остида чиқиши қатъий чекланади.

Мазкур қарор “ҚАМАШИ” газетасида расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Муҳокама жорий йилнинг 11 августида ўз ниҳоясига етади.

    Бошқа янгиликлар