АсосийJamiyat

“Тошшаҳартрансхизмат”:“Трамвайда битта йўловчи ташиш учун қилинадиган ҳаражат 2400 сўмдан кўп”

“Тошшаҳартрансхизмат” Акциядорлик компанияси “Тошкент трамвайи” Унитар корхонасига тегишли 13-сонли трамвай йўналишининг қисқартирилиши тўғрисидаги маълумот берди. 

“Тошшаҳартрансхизмат” АК жорий йилнинг 1-августидан эътиборан Қўйлиқ марказидан ТТЗгача бўлган йўналишда қатновчи 13 трамвайнинг “Тошкент” вокзалидан ТТЗгача бўлган қисмини қисқартирилаётганини маълум қилади.

Йўналишнинг умумий узунлиги 21,6 километрни ташкил этиб, Тракторсозлар мавзесидан Юзробот, Мирзо-Улуғбек, Феруза кўчалари орқали, Кичик халқа йўлига чиқиб, Шимолий вокзалгача, сўнг Меҳржон кўчаси бўйлаб Фарғона йўли кўчасидан Қўйлиқ марказигача бўлган 21,6 километр оралиқда ҳаракатланади.
Мутахассислар томонидан кўп бора ўрганишлар натижасида мазкур йўналишнинг айнан қисқартирилаётган қисмининг ҳам ҳаракат хавфсизлиги, ҳам корхоналарнинг иқтисодий самарадорлиги ва бошқа омиллар қиёслаб чиқилди.
Биринчидан, ушбу йўналиш Тошкент шаҳрини Тошкент вилоятининг тоғли туманлари билан боғловчи йилдан-йилга транспорт оқими кучайиб бораётган йўналиш ҳисобланади. Очиғи, ушбу йўналишда айниқса, шанба-якшанба кунлари ҳамда куннинг айни тиғиз пайтида ҳаракатланиш тобора қийинлашиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Қолаверса, ушбу йўналишда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Қибрай, Бўстонлиқ туманлари бўйича катта йўлнинг реконструкция қилиниши, кенгайиши ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.
Биргина мисол, трамвай йўлининг олиб ташланиши Юзработ, «Феруза», «Мирзо Улугбек» ва «Тараққиёт» кўчаларидаги қатнов йўлини кенгайтирилиши режалаштирилмоқда. Бу кенгайиш қарийб 10 метрни ташкил қилмоқда, бу эса мазкур йўлдаги ҳаракатнинг анча енгиллашувига олиб келиши шубҳасиз.
Қибрай, Чирчиқ, Бўстонлиқ, Оқтошга ҳар куни қатнаб ишга бориб келадиган қанчадан қанча кишилар учун йўлнинг торлиги, қиш-қировли , қолаверса жазирама кунларда қанчалик ноқулайликлар туғдиради. Мирзо Улуғбек кўчасида олиб бориладиган ишлар натижасида 8 полосали тезюрар йўл пайдо бўлади.
Масаланинг иқтисодий омилларини. 
Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига автобус, метро ва трамвайларда транспорт хизмат кўрсатилар экан, уларнинг ҳар бирининг ўз таннархи, ҳаражатлар ва даромадлар қиёсланади. Транспорт турига қараб йўловчи ташиш ҳаражатлари трамвайларда автобуслардагига нисбатан 1,5 баробар ортиқ, яъни трамвайда битта йўловчи ташиш учун қилинадиган ҳаражатлар 2400 сўмдан кўпдир. Ҳозир амалда бўлган йўловчи ташиш тарифи 1000 сўмлигини ҳисобга олганда, ҳаражатлар 2,4 баробарни ташкил қилаётгани ҳам эътиборга молиқ фактдир.
Яна бир жиддий омил борки, бу пойтахтимизда ишлаб чиқариш, саноат тобора ривож топаётган ҳудудларда аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда фаолиятимизни кучайтиришимизни талаб этаётганидир.
Мисол учун, собиқ Тошкент Авиация заводининг ҳудудида бугунги кунда 7-8 минг нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, минглаб ҳамшаҳарларимиз бу ерда фаолият кўрсатишмоқда. Ёки Тошкент Мотор заводини зонасини олайлик. Ҳозир бу саноат ҳудудида қарийб ўн мингга яқин ишчи-хизматчилар фаолият юритишмоқда.
Ушбу реал талаб ва эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда пойтахтимизда янги трамвай йўлларини қуриш ва мавжудларини ўзгартириш (демонтаж қилиш) бўйича ҳам жадал ишлар олиб борилаётганини таъкидлашимиз жоиз.
Жумладан, “Тараққиёт” кўчасидан “Оҳонгарон” шоссесигача 3,0 километрлик янги трамвай йўлини қуриш ва уни Авиасозлар бекатидан “Роҳат” бекатигача мавжуд бўлган 5,0 километрлик трамвай йўли билан улаш шулар жумласидандир.
13 – сонли трамвай йўналишининг қисқартирилиши муносабати билан йўналишлардаги йўловчилар оқими ўрганилди. Йўловчиларнинг талабини қондириш мақсадида қисқартирилаётган йўналиш қисмига транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида янги 14-сонли “ТТЗ – Тошкент вокзали” автобус йўналиши ташкил қилинди. Йўналишда “Mercedes- Benz Low Floor” русумли 12 та автобус 7-8 минутли интервал билан ҳаракатланиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, бугунги кунда 13-сонли трамвай йўналишини такрорловчи қуйидаги 8 та автобус йўналиши мавжуд:
“1 А” йўналишида 10 та автобус ҳаракатланиб, А.Югнакий мавзесидан Марказий универмаггача (ЦУМ) бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“16 А” йўналишида 10 та автобус ҳаракатланиб, Тракторсозлар мавзесидан Тошкент вокзалигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“17 А” йўналишида 13 та автобус ҳаракатланиб, А.Югнакий мавзесидан Чорсу савдо марказигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“24 А” йўналишида 12 та автобус ҳаракатланиб, Тракторсозлар мавзесидан Юнусобод 6 мавзегача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“83 А” йўналишида 8 та автобус ҳаракатланиб, Юнусобод 6 мавзесидан Оққўрғон даҳасигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“96 А” йўналишида 9 та автобус ҳаракатланиб, Юнусобод 9 мавзесидан Истиқлол кўчасигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“110 А” йўналишида 9 та автобус ҳаракатланиб, Тракторсозлар мавзесидан Қўйлиқ 9 мавзесигача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади;
“129 А” йўналишида 11 та автобус ҳаракатланиб, Юнусобод 17 мавзесидан Авиасозлар бозоригача бўлган оралиқда хизмат кўрсатади.
13-трамвай қатновининг бир қисми олиб ташланиши ҳамшаҳарларимизга катта ноқулайлик туғдирмаслиги учун барча чоралар кўрилади. Шунингдек, компания мазкур йўналишда ҳали ўрганишларни давом эттиради ва талаб ва эҳтиёжларни рўёбга чиқариб бораверади.

    Бошқа янгиликлар