Ёдингизда бўлса газетамизнинг 29-сонида актриса Гулчеҳра ЭШОНҚУЛОВА билан бўлган суҳбат чоп этилганди. Мулоқот жараёнида актриса шахсий ҳаёти ҳақида ҳам тўхталиб, “Шу йил тўй экан-да?” деган саволимизга “Буни вақт кўрсатади”, дея жавоб берганди.
Газета сотувга чиққанидан беш кун ўтиб, интернет тармоғида актриса Гулчеҳра Эшонқулова ва асл касби сартарош бўлган дебютант актёр Шароф Шараповнинг 30 майда расмийлаштирилган никоҳи ва икки ой ҳам ўтмай ажрашишга қарор қилишгани ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Демак, актриса “Даракчи” газетасига ёлғон интервью берган. Қизиқ, бундан мақсад нима эди?! Айтмоқчи, Гулчеҳра билан апрель ойида қўнғироқлашганимизда, май ойида суҳбат қилишимизни сўраб “ҳаётимда катта янгилик бўлади”, деган. Актриса балки шахсий ҳаётидаги ўзгаришни назарда тутган-у, бироқ интервьюда нима сабабдандир айтишга ботинолмаган кўринади. Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида актриса билан боғланишга уриндик, бироқ у на телефон қўнғироқлари-ю ва на “sms”ларимизга жавоб берди. Сўнг “танганинг иккинчи тарафи”ни ҳам унутмаган ҳолда Шароф Шараповнинг онаси Озода опа билан боғландик...
— Озода опа, ўғлингиз билан Гулчеҳра Эшонқулованинг орасидаги муносабатдан хабардормидингиз?
— Йўқ, ўғлим хайит куни уйга — Самарқандга келганида узр сўраб, хато қилганини айтиб қолди. Унга қадар ҳеч нимадан хабарим бўлмаган. Ёдингизда бўлса, “инстаграм”да иккиси ҳам бирга тушган расмларини жойлай бошлашганди. Ўшанда ҳамкасби-ку, деб эътибор қилмагандим. Чунки ўғлимнинг актриса Зарина Низомиддинова билан ҳам худди шундай расмлари бор эди-да. Яқинда Гулчеҳра билан уйимизга келишди, ўғлим “Самарқандни зиёрат қилмоқчи экан”, деди. Ўшанда Гулчеҳрани олдимга олиб, “Ўғлим ҳали ёш, ёмон йўлга кириб кетмасинё холаси қатори экансиз, кўз-қулоқ бўлиб туринг”, деб илтимос қилгандим. Бироқ, Гулчеҳра аллақачон унинг рафиқаси бўлиб олгани хаёлимга ҳам келмаган экан.
— Ўғлингизнинг қилмишига муносабатингиз қандай бўлди?
— Очиғи, бор ҳақиқатни билгач, тобим қочиб, уч кун шифохонада ётдим. Ўғлим хатосини тушунибди-ку, деб унга ҳаммасини яна бир марта оғир-босиқлик билан тушунтирдим. Шароф Самарқандда Архитектура ва қурилиш институтининг иккинчи босқичида таҳсил оларди. Билсам, Гулчеҳрани деб ўқишни ташлаб кетган экан. Эндигина 21 ёшга тўлганини, ўқиши, келажагини ўйлаши кераклигини уқтирдим.
— Бироқ интернетда “Гулчеҳра ва Шароф яна бирга, муҳаббатлари учун курашишмоқчи”, деган мазмундаги янги хабарлар тарқалди-ку?!
— Бу бўлмаган гап! Боиси Шароф ҳозир Самарқандда, пойтахтга қайтиш нияти йўқ, агар Гулчеҳра бошқача йўл тутмаса... Лекин Шароф никоҳ тузилгани ҳақидаги гувохномани менга берган ва ўзи ажрашишни расмийлаштириш учун адвокат ёллаган. Гулчеҳра уйимизга келиб, Шароф билан гаплашиб олмоқчилигини айтди. Ўғлим эса гувоҳлар олдида Гулчеҳранинг жавобини берди. Унга қадар унинг ота-онаси билан учрашишга боргандим, улар Гулчеҳранинг қарори билан иш кўришар экан. Шу сабаб у мени уйидан қувиб солди. Мени ажаблантиргани, нега катталар бу ҳақда менга бир оғиз айтишмади экан?
— Бу никоҳга оилавий қарши бўлганинглар учун ўғлингиз ажрашмоқчими ёки ўз хоҳиши биланми?
— Ўз истаги билан. Гулчеҳра ҳам “viber”дан “тўғри айтибсиз, биз бир-биримизга мос эмасмиз. Ўғлингиз паспортини йўқотиб қўйди, Шарофни Самарқандга юборяпман. Уни ёш қизга уйлантираверинг, ажрашиш учун судга ариза бердим”, деб “sms” ёзди.
— Турмуш ўртоғингиз бу воқеага қандай муносабат билдирди?
— У киши Америкада ишлайди. Рости, бу хабарни яширгандим, бироқ хабар топгач Шарофдан ранжиди.
— Эркак киши сифатида ўғлингиз жиддий қадам босишдан аввал оқибатлари ҳақида ўйлаши керак эди. Катталарнинг розилигисиз никоҳдан ўтиш куракда турмайдиган иш. Бироқ ғишт қолипдан кўчиб бўлган. Ҳар қалай ёш тафовути катта бўлса-да, бахтли яшаётган санъаткорлар ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди...
— Фикрингизга қўшилмайман. Ёш жиҳатдан ораларида ўн уч йил фарқ бўлмаганида ҳам уларнинг никоҳига рози бўлардим. Қолаверса, Шароф эндигина 21 ёшга кирган талаба-ку, оиласини қандай таъминлайди? Бундан ташқари, Гулчеҳра асл юзини кўрсатиб бўлди. Менга пўписа қиладиган, ҳурмат-иззатни билмайдиган, ўғлим ҳақида қайғурмайдиган келин керак эмас!
— Ҳамма айбни Гулчеҳранинг гарданига ортиш нотўғри. Шарофнинг ҳам хатоси катталигини тан олиш керак.
— Албатта! Шарофнинг хатоси шундаки, мен ва отаси билан маслаҳат қилмай ўзбошимчалик қилган. Биласизми, улар орасида ҳеч қандай муҳаббат йўқ. Балким, ўғлимнинг номида уй-жой бўлгани, қўлида отаси юборган пули бўлгани учунгина Гулчеҳрага керак бўлгандир? Ўз вақтида уй-жойни ўз номимга расмийлаштириб олдим. Отаси ҳам пул бермай қўйди. Натижани эса ўзингиз кўряпсиз: ҳеч нарсаси йўқ Шароф Гулчеҳрага керак бўлмай қолди.
АЛОҲИДА РАМКАДА
Албатта, бу фақат бир томоннинг фикри, холос. Уни ҳам маълум сабабларга кўра, анча-мунча “тарашлаган” ҳолда ҳукмингизга ҳавола этдик. Албатта, бир тарафга қулоқ тутиш билан мутлақ ҳақиқатни аниқлашнинг имкони йўқ. Бу борада Гулчеҳра Эшонқулованинг қандай фикрда эканлиги ҳозирча қоронғи. Фақат биргина савол очиқ қолмоқда. Нима учун Гулчеҳра газетамизда чоп этилган суҳбатида ўн минглаб ўқувчилардан асл ҳақиқатни сир тутди экан? Ахир ойни этак билан ёпиб бўлмайди-ку?
Дарвоқе, Шароф билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмади. Боиси онасига “мен ўзимга келиб оламан, хавотир олманг”, дея “sms” ёзганча уйига бормаётган экан. Бироқ sayyod.com сайтига берган интервьюсида “Ҳозир Самарқанддаман ва ўз хатоимни тушуниб етдим. Ота-онамни танладим, уларни ҳеч қачон қайтариб бўлмайди, хотинни эса ҳамиша топса бўлади. Никоҳ бўлгани рост, лекин турмушимиз бўлмади... Очиғи, кўзларим кўр эди, билмайман нега. Хамма нарсадан воз кечгандим, ота-онамдан хам. Аммо ҳаммасини тушуниб етдим ва уйимга қайтдим”, деган эди. Таажжуб...
P/S: Оила – муқаддас даргоҳ. Шу боис, ҳукуматимиз томонидан оилалар мустаҳғкамлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Чунки, оила жамиятнинг асоси демакдир. Шу боис, оила муҳаббат, тенглик ва ўзаро ишонч пойдевори устида қурилмоғи лозим. Бу масалада нафақат икки ёшнинг келишуви, балки ота-оналарнинг ҳам розилиги, оқ фотиҳаси керак бўлади.
Катта ҳаёт йўлига қадам босган ёшлар ҳам оила муқаддас эканини чуқур англаб етиши даркор. Бу ҳақиқатни айрим ёш санъаткорларимиз ҳам тушуниб етиши лозим: Турмуш “хонтахта” фильмдаги роль эмаски, бугун оила қуриб, эртага ажрашиш мумкин бўлса? Ахир жуда кўп ёшларимиз машҳур санъаткорларга ҳавас қилади, интилади, тақлид қилади. Шу боис бундай “юлдузларимиз” ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис этиб, санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш ҳақида қайғуриши мақсадга мувофиқдир.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.





