20 август куни «Истиқлол» саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир ва гала-концерт бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъсис этилган «Ниҳол» мукофоти билан эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги соҳасида юртдошларимиз юрагига етиб борадиган, ёшларни эзгуликка чорлайдиган асарлар яратишда фаоллик кўрсатаётган 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар тақдирланмоқда.
«Ниҳол» мукофотига саралаш уч босқичли тизимда ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад чекка ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган истеъдод эгаларининг ижодини тарғиб этишдан иборатдир.
Бу йилги танлов ҳам юқори савияда, байрамона руҳда ташкил этилди. Танловни ўтказиш учун таниқли режиссёр ва продюсерлар, шоир ва бастакорлар, мусиқашунослар, хореографлар, санъат усталари кенг жалб этилгани ёшларнинг салоҳияти ва қобилиятини тўла ўрганиш имконини берди.
Танловнинг мамлакат босқичи юртимиз ёш истеъдодларга нечоғли бой эканини намойиш этди. Мазкур мукофот соҳиблари ўз йўналишлари бўйича олий ўқув юртига имтиҳон ва тест синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имконияти, «Ниҳол»нинг махсус статуэткаси ва энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баробари миқдорида пул мукофотига эга бўлади, дея хабар беради ЎзА.
«Ниҳол» мукофотининг 2015 йилги совриндорлари: эстрада санъати йўналиши бўйича Шаҳзодбек Собиржонов (Андижон вилояти), Шираз Турсинбоев (Қорақалпоғистон Республикаси), Бекзод Баҳромов (Наманган вилояти), Фарангиз Шамсиева (Самарқанд вилояти), Дилмурод Султонов (Хоразм вилояти), мумтоз қўшиқ йўналиши бўйича Сайёд Жўраев (Бухоро вилояти), Баҳодир Сайидов (Навоий вилояти), Алишер Аҳмедов (Тошкент шаҳри), мусиқа ижрочилиги бўйича Шаҳзод Асатуллаев (Қашқадарё вилояти), Достонжон Мирзокаримов (Сирдарё вилояти), опера ижрочилиги бўйича Зарнигорхон Умарова, Дилдора Мирсодиқова (Тошкент шаҳри), Иқболжон Раҳматов (Фарғона вилояти), Аминзода Жуманиёзов (Хоразм вилояти), рақс санъати йўналиши бўйича Сеҳриё Мирзаева (Тошкент шаҳри) мазкур мукофотга лойиқ топилди. Уларга диплом ва мукофотлар тантанали тарзда топширилди.





