АсосийShou-biznes

Сардор РАҲИМХОН САНЪАТНИ ТАРК ЭТИШИ, ҲАМКАСБЛАРИНИНГ ОЧИҚ ИҚРОРИ ВА БОШЛОВЧИЛИККА ҚАЙТГАНИ ҲАҚИДА…

Бу хонанда ўн йиллик ижодий фаолияти мобайнида худди шахмат йўлакчалариники сингари оқ ва қора йўлларни босиб ўтди. Гоҳида шахмат донасидек четга чиқди, бироқ “ўйин” қайта бошланди ва у яна талабгир “фигура”лардан бирига айланди. Саҳифанинг галдаги меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор РАҲИМХОН. Хонанда “Пионинанинг оқ ва қора доначалари кетма-кет босилгандагина ажойиб мусиқа жаранг сочади. Ҳаётимдаги яхши-ёмон воқеалар ҳам худди шу сингари”, дейди...

— Санжар ака, “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади”, деган нақлга ишониб яшайсизми ё тақдирга тан берадиганлар тоифасиданмисиз?

— “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади”, деган нақлга ишонаман. Чунки синов келса, албатта, мукофоти борлигини кўнглим сезади. Шу сабаб тушкунликка тушиб, ўзимни йўқотиб қўймайман. Нимаики бўлмасин бари яхшиликка! Сўнгги уч йил шу хулосага келишимга сабаб бўлди.

— Кўпчилик “Сардор Раҳимхон синди, энди аввалгидек машҳурлигини тиклолмайди”, деган фикрда эди...

— Мухлислар ва ҳатто баъзи ҳамкасбларим ҳам ўзимга очиқ айтишди. Аввалига икки йил руҳан чўкиб қолгандим. Ўзимга нисбатан талабчан бўлганим боис фикрларни тўғри қабул қилиб, хатони ўзимдан изладим. Бу табиатимга хос хислат. Сўнг ички ишонч, онам, яқинларимнинг дуоси билан тушкунликдан чиқиб кетдим. Биласизми, шундай фикрлар одамга куч берар, иродани мустаҳкамлаб, оёққа туришга имкон яратаркан. Ўша салбий фикрлар менинг фойдамга хизмат қилди, бунинг учун шу фикрни билдирганларга ташаккур айтаман!

— Омадсиз “юриш”ларингиз назарингизда қайси ҳамкасбларингизга имконият бўлди?

— Ҳеч қачон бирорта санъаткорни ўзимга рақобатчи санамаганман. Кўпчилик Улуғбек Раҳматуллаев, Алишер Файз, Шоҳруххонни менга рақобатчи қилиб кўрсатишади. Улар билан дўстман! Ҳамма пешонасига ёзилган тақдирдан қочиб қутулолмайди. Ва ҳар ким ризқига яраша насибасини олади, ҳеч ким бировнинг ўрнини босолмайди. Ишонсангиз, берилган синовлардан хурсанд бўлдим, чунки кўзим очилди, тобландим. Бу “дарс” бўлаётган воқеаларни борича қабул қилишни ўргатди.  

— Уч йиллик ижодий танаффусингиз мобайнида санъатсиз яшай олиш ё олмаслигингиз ҳақида ўйлаб кўргандирсиз?

— Йўқ, ўйламадим. Тўғри, бизнес қилмоқчи бўлиб, пул тикдим-у қарзга ботиб чув тушиб қолдим. Ўшанда иккита “қуён”нинг ортидан қувиб, иккисидан ҳам қуруқ қолгандан, битта ишни мукаммал бажаришим кераклигини тушундим. Бироқ, санъатсиз яшай оламан, бунга тайёрман. Ижодим зўр кетаётган бир вақтда санъатни тарк этишни дилимга тугиб қўйганман. Бироқ ҳали юрагимдаги айтар сўзларимни қўшиққа жо қилиб бўлганимча йўқ. Санъатни тарк этишимга бироз вақт бор.

— Одатда, олдимиздан оққан сувнинг қадрига етмаймиз. Шу маънода шукроналик ҳиссини қай вақт кўпроқ ҳис этдингиз — ижодий танаффус мобайнидами ё аввалгидек талабгир хонандалар сафига қўшилганингиздами?

— Отамни йўқотгач, олдимизда оққан сувнинг қадри йўқлигини тушундим. Оилали бўлгач, турмуш, карьера ташвишлари билан овора бўлиб, барибир ота-она билан боғлиқ юракни емирадиган армонлар қоларкан. Қўнғироқ қилганимда отамнинг “алло”, деб гўшакка жавоб беришлари, “яхши келдингими?” деб ҳол-аҳвол сўрашлари, дакки беришларини соғиндим. Санъатда ҳамма нарса ўткинчилигини тушуниб етдим ва кибр, эътибордан ҳаволанишим йўқолди. Ҳозир давраларда файз олсам, дарҳол шукр айтиб, “бу меники эмас”, дейман. Бир вақтлар машҳурлик, омад мени сира тарк этмайдигандек “ҳали оилам, яқинларимнинг кўнглини олишга улгураман”, деган фикр бўлган-да. Шукр, қайта оёққа турдим, энди ақл билан иш тутяпман. “Гуллаган” вақтимда омадим, давлатимни атрофдагиларга бўлишганимдан афсусланаман. Чунки мушкул вақтда улардан муносиб жавоб ололмадим.

— Бундай вазиятларга жуда кўп гувоҳ бўлганман. Ўша ҳамкасбларингизга қайта имкон берасизми?

— Дилхиралик билан юзкўрмас бўлишдан осони йўқ. Бироқ яқин одамларни олдимизда сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак. Боиси ҳамма ҳам хато қилади. Тўғри, ўша вақтда жаҳлим чиқади, лекин тез унутаман. Табиатан кечирувчанман.   

— Янги қўшиқ чиққанидан бошлаб, эскиришга қадам босади. Шу жиҳатдан қарасак, кетма-кет қўшиқлар тақдим этишингиз, қўшиқларингиз шунчаки қабул қилинмаётганидан илҳомланаётганингиз билан боғлиқми ё “ошиғи олчи” хонандалар рейтингидан тушиб қолмаслик қайғуси сабабми?   

— Дилимдаги кечинмаларни сўз билан тушунтиролмайман. Уч йиллик ижодий танаффус мобайнида айтар гапларим йиғилиб қолгани учун юрагимдагиларни қўшиқ орқали тақдим этишга улгуриб қолай, деган мақсадда шошяпман. Ҳозир кутиш менга оғир. Балки тез орада санъатдан кетишимни ҳис қилаётгандирман, яна ким билсин... Чунки улар дилим тубидаги кечинмаларим бўлган,  “Отажон”, “Дўст”, “Ҳабибим, ҳолим ёмон” қўшиқлари рейтинг учун ёзилган эмас, бироқ оммалашди.

— Юракдан чиққани албатта, юракка етиб боради-да! Яхшигина оммалашган “Маликам, энди қара” қўшиғи ҳам ҳаётий вақеа асосида ёзилган экан-а?

— Ҳа, бир дўстимнинг илтимосига кўра, севгилиси Маликанинг хотирасига атаб куйланган қўшиқ. Оғир хасталик сабаб, вафот этган... “Эслатар сени қушлар, қайтармас сени тушлар” мисрасини эсланг-а...

— Сардор Раҳимхон “Эътироф” тақдимотида ғолиб бўлиши учун овоз берган дўсти Улуғбек Раҳматуллаев билан дуэт куйлаётганмиш...

(Кулади) Йўқ, ундай эмас.

— Ўзбек санъати ва шоу-бизнесини кимсиз тасаввур эта олмайсиз?

— Бундай санъаткорнинг ўзи йўқ. Лекин тўғри, ҳамманинг ўз ўрни бор. Санъат ҳақидаги тушунчам жуда юқори, у даражада ҳеч ким ижод қилмаяпти.

— Сардор Раҳимхон ҳамми?

— Ҳа.

— Сўнгги вақтларда миллий эстрада йўналишидан чекиниб, ёшларбоп қўшиқлар тақдим этаётганингизга нима сабаб?

— Мухлисларимни ёшартиряпман. Очиғи, миллий эстрада йўналишидан кўра, эстрадада ижод қилиш ёқади. Лекин яқин орада шўх қўшиқлар қатори Жасур Жавҳарназаров билан ҳамкорликда миллий услубдаги жуда таъсирли, кўзга ёш келтирадиган қўшиғимни тақдим этаман.   

— Инстаграм тармоғида “Маликам, энди қара” қўшиғингиз сингари “Санамжон” қўшиғи ҳам яхшигина шов-шув қилинди...

— Бу қўшиқнинг шеърини уч киши: шоирлар Бобур Бобомурод, Хушнуд Дарвеш ва ўзим ёзганмиз. Бу қўшиққа юрагимни “жойлаганман”... Олдиндан айтаман, афғон миллий халқ куйидан фойдаланганмиз. Хонандалар Аҳмад Зоҳир, Жўрабек Муродов, Фарҳод ва Ширин ҳам бу куйдан фойдаланишган.

— Концерт дастурингиз нега қолдирилди?

— Мавжуд қолипларни бузиб, 10 йиллик сарҳисоб концерт дастури тақдим этишни истамадим. Аслида туғилган кун, юбилейларни ёқтирмайман... Ҳали юбилей концерти берадиган даражада ижод қилганим йўқ. Балки 50 йиллик сарҳисоб концертини ўтказиш насиб этар. Айни дамдаги режам баҳорда концерт бериш.  

— Мухлислар эркалигини кўтарасизми?

— Албатта, лекин шахсий ҳаётимга дахлдор бўлган эркаликлар бундан мустасно! Туғилган кунига бориб табриклаш, совға улашиш, телефонда гаплашиш каби эркаликларини кўтараман.

— Хасталикка чалинган одамлар дарди ва улар нималарни ҳис этишини сизчалик тушунадиган санъаткорлар саноқли бўлса керак. Буни ишонч билан таъкидлашимнинг боиси касалликка чалинганларга мунтазам равишда моддий ёрдам қўлини чўзишингиздан хабардорман. Куни кеча Сурхандарёдан Олим ака исмли киши таҳририятимизга қайта-қайта қўнғироқ қилиб, хаста ўғлига кўрсатган беминнат ёрдамингиз учун раҳматини етказиб қўйишимизни илтимос қилди. Аслида бундай савоб ишлар оммага ошкор этилиши шарт эмас. Мени мақсадим эса муштарийимизнинг илтимосини бажариш ва сиздек сахий инсонлар кўпайиши тарафдориман!

— Ўғли тузалиб кетсин! Бундай мухлисларимизнинг мурожаатига жавоб бериш, қўшиқ айтиб кетиш мен учун қаҳрамонлик эмас. Кимнингдир кўнглини кўтариш учун қўлимдан келадиган ишни нега амалга оширмаслигим керак? Қийинчилик кўриб катта бўлганим учун ҳам уларнинг кўнглидаги кечинмаларини ҳис қиламан. Оғир дамларда берилган ёрдамнинг аҳамияти қай даражада юқорилигини ёшлигимдаги ҳолатим мисолида кўз олдимга келтираман.

— Мухлислар радиодаги Санжар Раҳимов, Жаъфар тахаллуси билан эфир олиб борадиган радиобошловчини соғинишган...

— Гапингизни бўламан, тез кунларда “Менинг юртим” телеканали орқали ҳар якшанба тонгида янги лойиҳа орқали бошловчилигимни соғинган мухлисларим билан ғойибона учрашамиз.

— Тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами муборак! Байрам арафаси хонандаларимиз тўйга тўёна сифатида қўшиқ ҳозирлашади. Сиз ҳам Ватан, деганда юрагингиздан ўтадиган ҳисларни қўшиққа жойлаяпсизми?

— Шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг “Элим” номли шеърини қўшиқ қилганман. Лекин ҳозир кетма-кет премьера қилинаётган шу мавзудаги қўшиқлар билан тақдим этишни истамаяпман. Шу боис Конституция байрамимизда клипи билан мухлисларга ҳавола қилишни ният қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Мустақиллик байрами билан муборакбод этаман. Оилаларидан файз, ҳаловат, қувонч аримасин!    

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

 

 

    Бошқа янгиликлар