Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати бугун брифинг ташкил этди. Унда пойтахтнинг бош кўчаларида олиб борилаётган реконструкция, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари борасида сўз борди.
Тошкент шаҳар бош кўчаларини реконструкция қилиш, ободонлаштириш, йўл транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, бинолар ва иншоотларнинг меъморий қиёфасини янгилаш мақсадида 2015 йилнинг 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг №227-сонли қарори қабул килинган. Ушбу қарорда 2015-2016 йилларда реконструкция ва таъмирланадиган Тошкент магистрал кўчалари рўйхати тасдиқланган.
Хозирги кунда мазкур кўчаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди, бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар беради.
Жумладан, бир қатор кўчаларда янгича меъморий ўзгаришлар, ободончилик ишлари бошланган, шунингдек ёритиш тизимлари, йўлаклар, фавворалар, суғориш тизимларини таъмирлаш кўкаламзорлаштириш, кўкаламзорлаштириш жараёнлари давом этмоқда.
Биноларни ва кўп қаватли турар-жойларнинг ҳолатини ўрганиш жараёнида мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси “Уй-жой кодекси”нинг айрим бандлари бузилаётгани ҳолатлари аниқланмоқда.
Айниқса, кўп қаватли уйлар олдидаги ноқонуний қурилмалар, айвонларни ўзгартириш, ғишт билан ўраб олиш ва хонадонлар ичидаги ноқонуний таъмирлашлар нафақат уйларнинг фасад қисмлари кўринишига, балки бевосита уларда яшовчи фуқаролар хавфсизлигига ҳам таҳдид қилади. Бу каби ўзгартишлар кўп қаватли уйларнинг қурилиш нормативларига ҳам зиддир. Шу билан бирга, бир қатор хизмат кўрсатувчи ташкилотлар кабель телевидениелари тармоқларига улашда ҳам уйларнинг уй йўлаклари қисмида махсус ажратилган жойлар кўзда тутилганига қарамай, том устлари орқали улашларни амалга оширмоқдалар, бу эса замонавий полизол қопламаларини шикастлайди, айрим уйларнинг фасадларида эса уланиш симларининг осилиб туриши янада ачинарли ҳолдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўп қаватли уйларда параболик антенналар ёки кондиционерлар ўрнатишни чеклашга қаратилган ҳеч қандай қарор ёки фармойиш қабул қилган эмас. Бундай масала кун тартибига ҳам қўйилгани йўқ.