“Менинг ўғлим давлат ташкилотида ишлайди. Яқинда унга сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ учун чақирув қоғози келди. Айтинг-чи, агар ўғлим сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтайдиган бўлса, унинг иш жойи ва ойлик маоши сақланадими?”
Н.Ш. Тошкент ш.
Маълумки, юртимизда қонунчиликка асосан муддатли ҳарбий хизмат, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат, контракт бўйича ҳарбий хизмат, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизматини ўташ белгиланган. Қонунчиликда белгиланган ва санаб ўтилган тўрт турдаги ҳарбий хизмат орасидан айнан сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ борасида муштарийлар юқоридаги каби сўровлар билан таҳририятга ҳам мурожаат қилишмоқда. Мавзу юзасидан юқоридаги каби саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлим бошлиғи Ҳусниддин САИДОВГА мурожаат қилдик.
Фуқароларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан йилига бир марта — февраль-март ойларида ўтказилади. Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.
- Фуқароларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизмати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги 99-сонли “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақирув резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташ тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ ташкил қилинади ва амалга оширилади.
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилади ҳамда чақирилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг махсус ҳисоб варағига пул бадаллари киритилишини назарда тутади.
ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ:
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган фуқаролар 27 ёшга тўлганларидан кейин Қуролли Кучлар резерви таркибига ўтказиладилар.
ИШ ЖОЙИ ВА МАОШИ САҚЛАНАДИМИ?
— “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддаси талабларига мувофиқ, ҳарбий йиғинлар даврида, шу жумладан улар ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш даврида ҳарбий хизматга мажбурларнинг иш жойи (лавозими) ва иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади. Мазкур шахслар билан тузилган меҳнат шартномаси чақирув қоғози олинган кундан ҳарбий йиғинлардан қайтилгунга қадар бўлган даврда иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эмас, корхона, муассаса ва ташкилот тугатилган ҳоллар бундан мустасно.
НЕЧА ЁШГАЧА БОРИШ МУМКИН?
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига олинган ва белгиланган пул бадалини Молия вазирлигининг Махсус ҳисоб рақамига тўлиқ ҳажмда тўлаган шахслар ойлик ўқув йиғинларига жалб этилади.
ҲУДУДНИ ТАНЛАШ МУМКИНМИ?
Хизмат ўталадиган ҳудудни фуқаронинг ўзи танлаш ҳуқуқи борми?
У.Низамов, Самарқанд ш.
- Ҳарбий йиғинлар Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмлари базасида ҳудудий принцип асосида ташкил этилади. Бу ўринда сафарбарлик чақируви резерви хизматчисига танлаш ҳуқуқи берилмайди.
ТЎЛОВ ҚАНЧА?
Бугунги кунда сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат учун тўлов қанчани ташкил этади? Ушбу пулни тўлаш қандай усулда амалга оширилиши мумкин?
С.Нишонов, Тошкент ш.
- Сафарбарлик чақируви резерви хизмати сафига олинган шахслар томонидан тўланадиган пул бадаллари миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Қарори билан энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баравари этиб белгиланган бўлиб, бугунги кунда 3 256 000 сўмни ташкил қилади.
Пул бадаллари сафарбарлик чақируви резервига олинган шахслар томонидан хизматга олингандан кейин бир йил мобайнида акциядорлик тижорат Халқ банки муассасалари орқали тўланади. Томонларнинг келишувига кўра тўлов тўлиқ ҳажмда бир йўла ёҳуд босқичма-босқич нақд пул тўлаш, пул ўтказиш ёки пластик карточкалар орқали амалга оширилиши мумкин.
Агар навбатдаги тўловни тўлаш пайтида тасдиқланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ўзгарса, у ҳолда бадалнинг қолган қисми энг кам ойлик иш ҳақининг янгидан белгиланган миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
ТЎЛАСА-Ю, ВАҚТИДА ЧАҚИРИЛМАСА-ЧИ?
Тўловни амалга оширган, аммо вақтида хизматга бора олмаган ёхуд чақирилмаган ҳолатларда қандай йўл тутилади?
Х.Умиров, Тошкент ш.
- Фуқароларнинг сафарбарлик чақируви резерви хизмати пул бадалларини тўлиқ тўлашлари, шунингдек хизмат мобайнида ойлик ҳарбий йиғиндан ўтишлари сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташ шартлари ҳисобланади.
Пул бадалларни тўлиқ амалга оширган шахслар йигирма етти ёшга тўлгунга қадар бир ойлик ҳарбий йиғинга жалб этилишлари мумкин.
ХОРИЖГА ДОИМИЙ КЕТАЁТГАНЛАРГА ТАЛАБ ҚАНДАЙ?
Хорижга доимий яшашга чиқиб кетаётганлардан сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат талаб қилиниши тўғрими?
С.Наимов, Тошкент ш.
- Доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётган сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаётган фуқаролар Молия вазирлиги Махсус ҳисоб рақамига пул бадалини тўлиқ тўлаганларидан сўнг ҳарбий ҳисобдан чиқарилади.
Лайло РУСТАМОВА тайёрлади