«ЯНА КУЗ. ЯНА ОҒРИҚ. ЯНА РЕВМАТИЗМ»

САЛОМАТЛИК 21.09.2015, 16:38
«ЯНА КУЗ. ЯНА ОҒРИҚ. ЯНА РЕВМАТИЗМ»

«Ҳаво совиши билан оёқларим зирқираб оғрий бошлайди. Икки йил аввал менга ревматизм ташҳисини қўйишган. Зарур муолажаларни олган бўлсамда, ҳалигача бу безовталикдан қутулолмайман. Ревматизмнинг мавсумий хуружлари ҳақида маълумот берсангиз»

Шариф Намозов, Тошкент вилояти

Ревматизм ва бошқа ревматик турдаги касалликлар деярли ҳар куз-қиш мавсумида хуруж қилади. Агар профилактика чоралари бажарилмаган бўлса, албатта. Хўш, мавсумий оғриқ хуружларининг сабаби нима? Олдини олса бўладими? Бу ҳақда тиббиёт фанлари номзоди Музаффар АЛИБЕКОВ таништиради.

Томоғингиз оғримаяптими?

Ревматизм бириктирувчи тўқиманинг яллиғланиши билан кечадиган касаллик бўлгани боис деярли организмдаги барча бириктирувчи тўқималарга шикаст етказади. Хасталик юрак қон-томир бўғимларини ҳам зарарлайди. Аста-секинлик билан ривожланиши охир – оқибат турли асоратларга олиб келиши мумкин. Куз мавсумининг боши ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши (эрталаб салқин, пешинда иссиқ, кечки томон яна салқинлашади) билан кечади. Бу эса иммунитети суст бўлганларда шамоллашга мойилликни оширади. Қарабсизки, илгари ревматизм билан оғриган бемор тонзиллит, фарингит, лимфаденит билан касалланса  хасталик ҳуружи узоқ куттирмаслиги мумкин. Шу билан бирга совуқсираш, оёқдан зах ўтиши, вақтида овқатланмаслик, терлаб туриб сув ичиш ҳам ўткир ревматик касалликларга сабаб бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

  • Ревматизм билан оғриган беморларнинг 60-100 % да бўғим оғриқлари кузатилади.
  • Сурункали тонзиллит ревматизмнинг асоратли кечиши ҳамда юракка зиён етказиши билан характерланади.

Мавсумий ўзгаришлар қандай бошланади?

Ревматизм деганда бўғим оғриқларини тасаввур қилишга одатланганимиз боис безовталиклар шугина холос деб ўйлаймиз. Аслида эса хасталикнинг хуруж қилиши субфебрил тана ҳароратининг кўтарилиши, оғриқ бераётган бўғим терисида шиш ва майда қизариш кузатилиши билан ҳам кечади. Шу билан бирга умумий  аҳволнинг ёмонлашиши, ҳолсизлик, кўп терлаш, тез чарчаб қолиш кабилар ҳам касаллик авж олаётганидан дарак беради. Агар сизда ревматизм бўлса, ушбу белгиларни назардан қочирмай, албатта, мутахассисга мурожаат қилинг. Оғриқсизлантирувчи препаратлардан фойдаланишингиз мумкин. Бироқ бу вақтинчалик чора, холос.

Шифокор қабулигача...

Елка, тизза ёки тирсак бўғимларидаги оғриқ тобора кучайиб бораяпти. Шифокор ҳузурига боргунча сабрингизни синовдан ўтказмай, яхшиси оғриқсизлантирувчи, агар тана ҳарорати кўтарилган бўлса, иситма туширувчи препаратларни қабул қилинг. Сўнг бу ҳақда шифокорга айтишни унутманг. Қўни-қўшнилардан эшитган усуллар: иссиқ грелка қўйиш, танани қиздирувчи мазлар билан уқалаш кабилардан фойдаланмаганингиз маъқул. Ахир улар қандай каромат кўрсатишини билмайсизку.

Чораси нима?

Аввало соғлигингизни асранг! Зеро ревматизм билан ҳазиллашиш ярамайди. Ўтказиб юборилса (ҳатто бу хасталик хуружлари бўлса ҳам) юракка зарба бериши мумкин. Касаллик йирик бўғимларни зарарлантиргани боис оғриқ қўл ва оёқ кафтида, тизза, болдир, товон, тирсак ва елка бўғимларига кўчиб юради. Учувчан характердаги шишли оғриқ бир неча соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин. Агар сизда ревматизм хуружи кузатилаётган бўлса, дастлаб уни келтириб чиқарган сабаб ўрганилади. Эҳтимол бу шамоллаш ёки ангина таъсиридандир. Шундай бўлган тақдирда антибиотик дори воситалари  буюрилиб, бўғимлардаги яллиғланиш учун нестероид препаратлар белгиланади. Бу пайтда кам калорияли махсулотлар билан озиқланиш, кўпроқ суюқлик ичиш фойдадан ҳоли эмас. Бўғимдаги безовталикни енгиллаштириш учун оғриқсизлантирувчи мазь, гел ва суртмалардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Олдини олса бўладими?

Ревматизм хуружларидан ҳимояланиш учун шамолламасликка ҳаракат қилинг. Кариес, томоқ оғриқлари, оёқдан зах ўтишига йўл қўйманг. Вақтида овқатланинг, дам олинг. Иммунитетингиз заифлашиб қолмасин. Зарур ҳолларда организмни қувватлантириш учун витамин препаратларини қабул қилиш мумкин. Бу ишни шифокор кўрсатмаси билан бажариш кераклигини унутманг.

Фарзандларингиздан эҳтиёт бўлинг!

Ревматизм 3 ёшгача бўлган болаларда учрамайди. Бироқ тез-тез такрорланувчи томоқ оғриқлари, хусусан ангина кейинчалик ревматизмга сабаб бўлиши мумкин. Агар фарзандингиз йўтал, ютинганда оғриқ бўлиши ёки овоз бўғилишидан шикоят қилса, албатта, муолажани бошланг. Дори – дармонлар билан организмини заҳарлашни истамайман десангиз, уй шароитида мойчечак ёки мармарак дамламаси билан оғизни ғарғара қилдиринг. Антисептик воситалар ёрдамида томоққа ишлов бериш ҳам мумкин.

ТАРВУЗНИ ЕНГУ, ДАНАГИНИ ЙИҒИБ ҚЎЙИНГ!

Иссиқда чанқоқбосди бўлган  бу полиз экинини мазза қилиб истеъмол қиламиз. Шарбати ҳам танни яйратади. Буйрак ва жигарни тозалашда шифобахш хусусиятга эга бўлган тарвузнинг данаги ҳам буни қарангки фойдали экан. Табобатда айнан тарвуз данаги ёрдамида бир қанча муолажалар ўтказилади.

Гижжаларга қарши восита

Тарвуз уруғидаги тўқималар ошқозон ичак фаолиятини нормаллаштиради. Уруғни бутунлигича истеъмол қилиш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Шу боис уруғни аввал қуритиб, сўнг ховончада майдалаб олиш зарур. Организмни паразитлардан тозалашда майдаланган уруғни ярим стакан сутга аралаштириб, ҳар куни эрта наҳорда ичилади. Муолажа бир ҳафта давом эттирилади.

Чойга аралаштириб...

Уруғ таркибидаги цитруллин моддаси антиоксидант сифатида таъсир қилади. Кечки пайт янчилган уруғни (1 чой қошиқ) чойга аралаштириб дамлайсиз-да, оз-оздан қабул қиласиз. Бунда уруғ аралаштирилган чой қон томирларини кенгайтириб, артериал қон босимини меъёрлаштиришга ёрдам беради.

Буйракка ҳам фойдаси  бор

Олимларнинг таъкидлашича, тарвуз уруғи буйрак ва сийдик йўлларини тозалашда ёрдам беради. Кутилган натижага эришиш учун майдаланган уруғни чойга аралаштириб, кун давомида 3-4 марта ичиш лозим. Пешоб ажралишини фаоллаштириши организмга таъсир бераётганини билдиради.

Эркаклар учун...

Маълумотларга кўра қуритилган тарвуз уруғини мунтазам истеъмол қилиш хотирани мустаҳкамлайди. Фарзанд кўриш истагида бўлган эркаклар жинсий қувватни ошириш учун майдаланган тарвуз уруғини 1 чой қошиқдан наҳорга истеъмол қилишлари тавсия этилади.

Тарвуз уруғи таркибида магний, темир, марганец, кальций ва А,В,С витаминлари бор.

Салатга қўшилса...

Асабийлик, ҳазм фаолиятининг бузилиши, буйрак ва жигар хасталикларида майдаланган тарвуз уруғини сабзавотли салатга қўшиб истеъмол қилиш тавсия этилади. Бодринг, помидор ва кўкатлардан тайёрланган (майонезсиз) салатга 1 чой қошиқ майдаланган тарвуз уруғи кифоя.

Косметологияда

Тарвуз уруғни майдалаб, озроқ сув ёки сут билан аралаштиринг-да, юзга ниқоб ўрнида фойдаланинг. Уруғ таркибида ёғ кислоталари бўлиб, қуруқлашган терини юмшатади. Муолажани бир ҳафтада икки марта бажариш мумкин.

Н. Илёсова тайёрлади

 


 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1