Бу инсон жуда очиқкўнгил, яхши суҳбатдош эканига суҳбатларимизда кўп бора амин бўлганмиз. У машҳурлик чўққисида ҳам қалбидаги самимийликни ёдидан чиқармайди. Унинг ижросида янграган қўшиқлар эса бугун нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги тингловчилар кўнглидан жой олиб келмоқда. Улуғбек Раҳматуллаев сўнгги пайтларда айнан интерьвю бериш борасида камнамо бўлиб қолганини сезиш қийин эмас. Биз ҳам уни таҳририятга таклиф қилганимизда негадир иккиланди. Бунинг сабабини эса суҳбат давомида билиб олиш билан биргаликда у билан ҳаёт, ижод ва қоларверса дунё содир бўлаётган воқеалар ҳақида фикрлашдик.
- Сиз билан кўришиш, суҳбат қилиш аввалгидан кўра бироз мушкул бўлиб қолибди. Интервью вақтини белгилашдан олдин бериладиган саволларни аввалдан кўриб чиқишни талаб қилаяпсиз. Сабаб?
- Биринчидан, суҳбатга бироз тайёрланиб олиш учун имконият бўлади. Биласизми баъзида журналистлар шу даражада кутилмаган бўладики, унга жавоб бериб бўлгандан кейингина аслида бошқача жавоб беришим мумкин эканлигини тушуниб етаман. Аввалдан кўриб чиқилган саволга аниқ жавоб берсак суҳбат ҳам шунча қизиқарли бўлади. Иккинчидан эса сўнгги пайтларда професионал бўлмаган журналистлар жуда кўпайиб кетди. Тайинли мақсадсиз суҳбатга келишади. Буниси ҳам майли, суҳбат чоп этилгач, унда ўзим айтмаган гапларни ўқиб қоламан. Ҳатто, баъзида ўзи бермаган саволга менинг номимдан сохта жавоблар ёзадими-ей? Бундай ҳолатлар жуда кўп учрагани учун аввалдан саволларни кўриб олиб кейин учрашишга қарор қилдим. Бир марта оғзи куйган, қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек бор экан...
- Айни кунлардан янги концерт дастурингизга тайёргарлик кўраётганингизни ҳам биламиз...
Аслида бизнинг кўпгина тингловчилар ҳам Раҳматтулаев концерти қандай йўналишда ўтишини билишади Ҳеч қандай бошловчисиз ўзим улар билан дилдан гаплашиб, қўшиқ айтаман. Бу ҳам қайсидир маънода мухлисларим билан ўзаро яқинликни таъминлайди. Бу йил ҳам бу анъанадан чекинмаймиз. Залдагилар билан доимий мулоқотда бўлиб тураман. Ҳар йилгидек кутилмаган янгиликларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Асосан, ҳаётий, фалсафий мавзуларга қўл урганман. Мумтоз адабиёт намуналарига ҳам мусиқа басталаб, томошабинларга ҳавола этамиз. Хуллас, ҳаммасига кўриб, эшитиб баҳо беришингиз мумкин.
- Шоу бизнес оламига энди қадам қўяётган ёш хонандалар ижодини “пиар” – сохта шов-шувлар билан бошлашга одатланиб қолишган. Аммо йиллар ўтгач уларнинг ўзларидан бундай ҳаракатларни қоралаб баландпарвоз гапираётганига гувоҳ бўламиз...
-Авваламбор ўз ижодимни гапирадиган бўлмсам. Мен ҳеч қачон ёлғон, пиар билан машҳур бўлишни ҳохламаганман ва бундай қилмаганман ҳам. Эсимда журналистлардан бири “Улуғбек Раҳматуллаев, Россия эстрадаси хонандаси Дима Билан билан дуэт куйламоқчи” деган гап тарқатган эди. Ўша маълумотдан кейин кўпчиликдан “қачон дуэт эшитамиз, қачон преъмера?” каби саволларни кўп эшитганман. Уларга қандай жавоб беришни билмай ноқулай вазиятга тушиб қолганимни яхши эслайман. Шунинг учун ҳам пиар вақтинчалик машҳурликни беради, деб ҳисоблайман. Ижодини пиардан бошлаган, вақти келиб уни қоралаётгани ҳам муносабатим жуда яхши. Ахир улар ёлғондан фойда йўқлигини англаб етишганининг ўзи катта гап.
Тасаввур қилайлик сизда сеҳрли ўчирғич бор. Ҳаётингиздаги қайси давр ё қай бир хатойингизни ўчирган бўлардингиз?
Ҳар бир инсонни ҳаётида бошқа одамга айтгиси келмаган, бирор воқеадан ҳатто ўзи ҳам уялган вақтлари бўлади. Шу ўринда менда ҳам бундай вазиятлар бўлгани табиий. Яқин кунгача ҳаётимда содир бўлган қайсидир воқеани эсласам, бекор шундай қилганман-да, ҳаёлимдан ана шу кунлар ўчиб кетса эди, деган ўй билан юрардим. Бугун эса биз ҳаётимизда юз берган ҳар бир катта-кичик воқеа аслида биз учун катта мактаб эканлигини билдим. Ана шундай кичик воқеалар бизга катта ҳатоликларга йўл қўймаслигимизга ундашини англадим. Шунинг учун сеҳрли ўчирғичим бўлгандан кўра келажакда мени қандай ҳатога йўл қўйишим мумкинлигини айтиб турадиган маслаҳатчим бўлишини афзал кўрардим.
Шоу бизнес оламидаги қайси ҳолатлар жиғингизга тегяпти?
(Узоқ ўйланиб) Мен ҳозир айтмоқчи бўлган гаплар шоу-бизнесга қанчалик тааллуқли эканини билмадим. Назаримда бу барчанинг ўзига боғлиқ. Айтмоқчи бўлганим, бугун тўйга қим қайси қўшиқчини чақирди, келган машҳурлар сони нечта эди, сингари жуда ҳунук “беллашув” кетяпти. Бу ҳолатни кўриб жуда ҳафа бўласак киши. Аслида тўй-ҳашамларимиз келган санъаткорлар сони билан эмас давранинг файзи билан қизиқ. Бундан ташқари кўпчилик биз санъаткорларга тўйларда ҳам жонли куйлашни талаб қилишади. Аммо тўй ташкилотчилари бизга 5-10 дақиқагина вақт беришади. Ўзингиз ўйланг, берилган бундай кам вақт ичда қандай қилиб биз мусиқий асбобларни созашимиз мумкин? Бунга алоҳида тайёрланишимиз керак-ку? Навбатда турган санъаткорлар ҳам бизларни тезлаштириш билан овора бўлишади. Назаримда битта тўйга иккита қўшиқчи чақирилса етарди. Бу энг аввало тўйларимизнинг ихчам, камчиқим ўтишини таъминлайди. Қолаверса, санъаткорларнинг хизмат қилиш учун ҳам, тайёргарлик кўришга ҳам вақти етарли бўларди. Бундай тартибдан кейин тўйларда жонли куйлашимизни талаб қилишса ярашади.
- Режиссёр сифатида қандай фильмга қўл урган бўлардингиз?
- Ўзбек киносининг энг машҳур режиссёрларидан бири Рустам Саъдиев мени ҳар гал кўрганда “қачон рози бўлсанг, сен учун махсус сценарий ёзиб кинога таклиф қилардим, сени француз актёрларига ўхшатаман, биргаликда ҳам комик, ҳам таъсирчан, юки бор фильм суратга олардик” деб айтадилар. Яқинда бир сафарда ҳам яна бир ижодкор мени французларга ўхшатди. Ўша пайт ўйлаб қолдим, балки ростдан ҳам кинода ўзимни синаб кўришим ҳам керакдир? Агар ўзим режиссёрлигимда фильмга қўл урсам Рустам аканинг гапларимдан ғояларидан келиб чиқиб, бир вақтнинг ўзида ҳам кулдириб, ҳам йиғлатадиган асар яратган бўлардим.
- Демак, сизни катта экранларда ҳам кўриб қолишимиз эҳтимолдан ҳоли эмас?
Очиғи, Рустам акани менга бу таклифни билдирганларининг ўзи катта омад. Сабаби бу режиссёр оддий асарга қўл урадиган инсон эмас. Таклифига рози бўлишиим мумкин. Фақатгина кинодаги иштирокимни кўрганлар “э, фақат сен қолувдинг рол ўйнаманган” деган фикрни эшитмаслигимга амин бўлганимдан кейин иш бошлайман.
- Кўп орзу қиласизми?
- Мен орзу эмас, ният қиламан. Бу иккисининг фарқи катта. Назаримда орзу қилган инсоннинг меҳнат қилгиси келмайди. Худди овқат емасдан қорни тўйишини истайдигандек. Яхши ниятнинг натижаси кутилгандек бўлади. Ҳамма нарса ниятдан бошланади дейишади-ку?
- Ўзингиз ҳақингизда эшитган қайси таърифдан ҳурсанд бўлгансиз, қай биридан жаҳлингиз чиққан?
- Мени яқиндан таниганлар “одамнинг камчилик ютуқларини ҳеч ўйланиб ўтирмасдан гапирасан, кимгадир ёқиш учун кўзбўямачилик қилмайсан”, дейишади. Мана шу таърифдан хурсанд бўламан. Чунки ҳақиқатдан ҳам шундайман. Ёқмайдиганига келсак мени негадир уйқучи деб ўйлашади. Айниқса гастроль сафарига бирга борган ҳамкасбларимдан “бўш бўлдим дегунча, машинада кетаётган бўлсангиз ҳам уҳлайсиз” дейишади. Уларнинг бу таърифидан кейин ўзимни дангаса деб ўйлаб қоламан. Аслида иш тартибимиз шуни тақозо этади.
- Сўнгги бор кимни ҳафа қилдингиз?
- Ҳамманинг кўнглини бирдек топиш қийин. Хизматларда ҳам вақт тақозоси билан кўп қўшиқ куйлолмасам, меҳмонлар тинглашни истаган тарона янграмаса, биз учун куйлаб бермадингиз деб хафа бўлишади. Агар менга боғлиқ бўлмаган ҳолатда кимнидир ранжитган бўлсам бу ҳақида ўйлаб сиқилмайман. Чунки вазият менинг кўлимда эмас эди. Лекин кимнидир онгли равишда хафа қилсам, ўша инсон мени кечирмагунча виждоним қийналиб юради.
Кейинги пайтларда ўғлимни кўп ҳафа қиляпман. Мана икки кундан бери Файзуллоҳ айтган ўйинчоқларни олиб боришни ваъда беряпман-да, ёдимдан кўтариляпти. Бугун тонгда ҳам у уйғониши билан мендан “айтган ўйинчоғимни олиб келдингизми”, деб сўради. У мендан ҳафа бўлди. Мен эса ўғлимнинг кичик илтимосини икки кундан буён бажара олмаётганимдан роса уялдим.
- Сизни таъсирлантирган сўнгги воқеа ҳақида гапириб бера оласизми?
- Бундан бир неча ҳафта олдин суриялик Айлан исмли уч яшар болакай сурати интернет орқали бутун дунёга тарқалди. Шўрлик бола ота-онаси, акаси билан уруш ўчоғидан қочаман деб, ажалга рўпара бўлган. Тўғрироғи, отаси қайиқда уларни денгиз орқали Европага олиб ўтмоқчи бўлганида, сувга ғарқ бўлган. Кўп ўтмай тўлқинлар унинг жонсиз жасадини қирғоққа опчиқиб ташлаган. Бу суратни кўриб ичим ачиди. Беихтиёр кўзимга ёш келди. Айнан шу ҳолатдан таъсирланиб, қанчадан-қанча рассомлар сурат чизиб, шоирлар шеър ёзмади дейсиз. Шу сурат асосида ишланган фотоколлажларнинг бирида мурғак жасад устида яна бир бола “раҳмат, дунё” деб ёзилган шарни кўтариб турибди... Даҳшат! Болакай бу дунёга келиб 3 йил қисқа умри давомида нима кўрди дейсиз. Ўша суратни кўрган заҳотим, арзимаган ташвишлар учун ношукурлик қилишимиз, нолишимиз беҳуда эканини, дунёда тинчлик, хотиржамликдан буюкроқ неъмат йўқлигини англадим.
Куни кеча яна бир воқеа ҳақида ўқидим. Уруш бўлаётган юртдан қочиб кетган қочоқ йигит ва қиз оила қуришибди ва қочоқ ҳамюртлари учун дастурхон ёзиб, уларни бир неча соатга бўлса ҳам дахшатли уруш таассуротларидан узоқлаштиришибди. Уларнинг мана шу қилган хайрли ишидан сўнг умримизни эзгулик ва меҳр-оқибат билан ўтказишимиз кераклиги ҳақида ўйлаб қолдим. Бу воқеа ким қандай русмдаги машина ҳайдаяпти, кимнинг иморати баландроқ ё кимнинг тўй оқшоми дабдабалироқ ўтди, деган ўйлар билан банд бўлаётганларга ўрнак бўлади десам, адашмайман.
Ҳа, тинчликнинг қадри ўзгача! Бизлар ана шу тинч, гўзал ва обод юртда ўйнаб кулиб яшаётганимизга минг бор шукр қилсак арзийди!
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди





