Хабарингиз бор, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 8 июнидан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилди.
Деярли 3 ой давомида халқимиз жамоат транспортидан фойдаланмаётган эди. Унгача эса тизимда айрим муаммолар кўзга ташланарди. Жумладан, Тошкент шаҳрида ҳайдовчиларнинг муомала маданияти ва ўзига хос «автобуслар пойга»лари ҳақида қатор мақолалар ҳам эълон қилинганди.
Ўз навбатида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ «D» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган автобус ҳайдовчиларини 15 кунлик иш cменаси, 3 миллион сўм ойлик иш ҳақи билан, шунингдек, кондуктор чиптачиларини 15 кунлик иш сменаси, 1 миллион саккиз юз минг сўмдан бошланадиган ойлик иш ҳақи билан ишга таклиф этган.
Хўш, энди қандай тартибда фаолият давом эттирилади? Ҳайдовчилар учун қийинчилик туғдирган «кунлик план»лардан воз кечиладими?
«Тошшаҳартрансхизмат» Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, Аъзам Абдуллаевнинг маълумот беришича, эндиликда ҳайдовчиларга янгича талаблар қўйилиши билан бир қаторда уларнинг ишлари енгиллаштирилиб, қатор имтиёз ва таклифлар ҳам назарда тутилмоқда.
– Албатта, жамиятимиз бутунлай янгича форматда ишни давом эттириш ниятида, – дейди Аъзам Абдуллаев. – Аввало, ҳайдовчиларга қўйилган талабларимизни кучайтирдик. Барча белгиланган қоидаларга ҳар бир ҳайдовчи риоя этиши шарт. Шунга яраша анча имтиёз ва енгилликлар киритилмоқда. Жумладан, ҳайдовчи ва чиптачилар учун анча қийинчилик туғдирган, олдиндан ўрнатилган режалар энди йўқ. Қанча пул тушиши уларнинг муаммоси эмас.
Ҳайдовчилар 15 кун ишда ва мос равишда бир ойда 15 кун уйда бўлишади. У белгиланган манзилга аниқ кўрсатилган вақтда етиб бориши керак. Ҳайдовчи олдин маълум пул тушумини йиғиши керак бўлар эди, агар йиғмаса ойлигига таъсир қилиб, ҳар куни ишлашига тўғри келарди. Энди бундай бўлмайди. Ҳайдовчиларнинг ўзигина эмас, фарзандларига ҳам дам олиш учун йўлланмалар берилади. Ижтимоий ҳимояси таъминланади.
Ҳозирда акциядорлик жамияти томонидан жамоат транспорти фаолиятини қайта тиклашда белгиланган қоидаларга риоя этилиши учун барча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, автокорхоналар томонидан транспорт воситасини ҳар бир қатнов олдидан ва охирги бекатда, шунингдек, автошоҳбекатларда тўлиқ дезинфекция қилиш, ҳайдовчиларни тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб бориш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси туфайли 22 мартдан буён Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган эди.