1

Вазирлик янги ўқув йилдан дарслар онлайн бўлиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди

ЖАМИЯТ 06.06.2020, 14:53
Вазирлик янги ўқув йилдан дарслар онлайн бўлиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантиндан кейин ўқувчиларни билим олиши учун Online-maktab лойиҳаси доирасида 3 та телеканал орқали видеодарслар намойиш этилди.

Икки ярим ой давомида 3900 дан зиёд видеодарслар тасвирга олинди ва эфирга узатилди.

Мазкур лойиҳани янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, коронавирус пандемияси даврида телевизион видеодарслар намойиш этилган учта телеканалдан “Online-maktab” лойиҳасини давом эттириш мақсадида фойдаланилади ва янада такомиллаштирилади.

Online-maktab лойиҳаси доирасида 2020 йил 1 августдан бошлаб, 2020/2021 ўқув йили учун телевизион видеодарсларни тасвирга олишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида телевизион видеодарслар ҳар ўқув йили давомида эфирда намойиш этиб борилади.

Online-maktab лойиҳаси доирасида жалб этиладиган ўқитувчиларга ҳар бир телевизион видеодарс ва видеомашғулотлар учун (асосий иш ҳақидан ташқари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида, муҳаррир ва сурдопедагогларга ҳар бир ишлаган куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўлаш таклиф этилмоқда.

Online-maktab лойиҳасининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

  • умумий ўрта таълим тизимида масофавий ўқитиш тизимини такомиллаштириш;
  • телевизион видеодарслар тайёрлаш бўйича илғор халқаро тажрибалардан фойдаланиш;
  • умумий ўрта таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
  • ўқувчилар ва ўқитувчиларни халқаро баҳолаш дастурлари ва тадқиқотларга (PISA - 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш, PIRLS - бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш, TIMSS – 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий йўналишдаги фанлардан ўзлаштириш даражасини баҳолаш, TALIS - раҳбар ва педагог кадрларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш ва таълим олиш муҳитини ҳамда ўқитувчиларнинг иш шароитларини ўрганиш ва бошқа) тайёргарлигини кучайтириш;
  • барча умумтаълим фанлари, биринчи навбатда STEAM (илм-фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика) (кейинги ўринларда - STEAM) фанларининг ўқитиш сифатини ошириш;
  • ўқувчиларда ижодий ва танқидий фикрлаш, ахборотларни таҳлил қилиш, етакчилик, коммуникативлик, ҳамкорликда ишлаш, муаммоларни ечиш каби XXI аср кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;
  • ўқувчиларга ўқув материалларини чуқур ўрганишга ва такрорлашга имконият яратиш;
  • босқичма-босқич фанлар ва синфлар кесимида барча мавзулар бўйича видеодарслар базасини яратиш;
  • етакчи умумий ўрта таълим муассасалари, олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларининг илмий ва методик салоҳиятларидан фойдаланиш орқали таълим бериш сифатини ошириш.

Online-maktab лойиҳаси доирасида дарсларни тасвирга олишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

  • ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши мураккаб бўлган мавзуларни кенгроқ очиб бериш;
  • амалий машғулотлар ва виртуал лабораторияларни намойиш қилиш;
  • дарслик ва ўқув дастурларига қўшимча тарзда қизиқарли ва фойдали маълумотларни бериб бориш;
  • ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш;
  • ўқитувчилар томонидан илғор хорижий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
  • телевизион видеодарсларни ўзбек, рус ва айрим фанлардан инглиз тилида намойиш қилинишини ташкил этиш чораларини кўриш.

2020 йил 1 сентябрга қадар телевизион видеодарслардан фойдаланишда ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида www.maktab.uz платформаси яратилади ва умумтаълим муассасалар тизимида ягона марказлашган виртуал (онлайн) мактаб сифатида татбиқ этилади.

Maktab.uz платформасида ўқувчиларда таълим олишга бўлган қизиқишни уйғотадиган замонавий механизмлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Ўқувчиларнинг билим салоҳияти, ўзлаштирилмаган дарсларни аниқлайдиган тестлар ишлаб чиқилиб, улар асосида ўқувчиларга ёрдамчи ўқув дарсларини, тематик ўйинларни тавсия этадиган ва ота-оналар ҳамда ўқитувчиларга боланинг билим олиш жараёнидаги мавжуд камчиликлари ҳақида хабар берадиган тизим йўлга қўйилади.

Ўқувчиларнинг онлайн таълим олишга бўлган қизиқишини рағбатлантириш мақсадида тегишли телеканаллар ва maktab.uz порталида болалар викториналарини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Maktab.uz порталини ривожлантириш мақсадида мазкур портални мобил алоқа операторлари томонидан доимий равишда беғараз тарғибот ишлари (мижозларга SMS хабарлар орқали ва қўшимча хизмат тариқасида) олиб бориш таклиф этилмоқда.

Ўқувчиларни география, технология, физика, кимё, биология, зоология, жаҳон тарихи ва бошқа фанларга қизиқишини янада ошириш мақсадида Discovery, National Geographic ва BBC каби хорижий медиа-корпорациялар билан ҳамкорликда, уларнинг ҳужжатли илмий-маърифий фильмларини ўзбек ва рус тилларига таржима қилиниб, Оnline-maktab каналларида эфирга узатилишини ҳамда maktab.uz порталига босқичма-босқич интеграция қилиш ишларини амалга оширади.

Ўқувчиларни юртимиз тарихи, тарихий обидалари, ер ости табиий бойликлари, уларнинг топилиш тарихи ва қайта ишлайдиган миллий заводлар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида улар ҳақидаги замонавий ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқиб, Оnline-maktab телеканаллари орқали эфирга узатиш ишларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1