Жорий йилнинг 9 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси томонидан суратга олинган «Умр бекатлари» ҳужжатли фильми тақдимоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда 12news.uz сайти хабар бермоқда.
Ҳужжатли фильм қаҳрамони – асли шаҳрихонлик, айни кунларда Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган, бу йил 101 баҳорни қаршилаган Ҳалима ая Қаюмовадир. Бутун ҳаётини темирйўл соҳасига бағишлаган ая 24 ёшидан бошлаб нафақага чиққунига қадар темирйўл ўтказгичи (стрелочник) сифатида ишлади.
Ёш ижодкор Лобар Қобилова сценарийси асосида режиссёр Музаффар Эркинов томонидан суратга олинган фильмда аянинг стрелочник сифатида меҳнат қилган илк даврлари бадиийлашган талқинда тасвирланган бўлиб, ёш Ҳалимани ташқи кўриниши унинг ёшлигига ўхшаш таниқли актриса Нигора Каримбоева гавдалантирган.
«Ҳужжатли фильм зерикарли асар дегани эмас. Унда албатта бадиийлик унсурлари бўлиши керак», – дейди фильм режиссёри М.Эркинов. Сценарий муаллифининг қайд этишича, Ҳалима аянинг ибратли умр йўли ёшларга ўз касбига садоқат, танлаган йўлида собитқадам бўлиш, меҳр-муҳаббат, фидойилик жиҳатлари билан намуна бўла олади.





