АсосийIqtisodiyot

60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод этилади

'60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод этилади'ning rasmi

Мамлакатимизда пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бир қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда.

Бу борадаги янги тартиблар Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ белгиланди.

ЎзА мухбири мазкур қарор асосида жорий қилинаётган янги солиқ имтиёзларига доир янгиликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Шуҳрат ИСМОИЛОВ билан суҳбатлашди.

Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб 67 та фаолият тури бўйича ўзини ўзи банд қилган касб эгаларининг даромади солиққа тортилмайди, – дейди Ш.Исмоилов. – Бу имтиёздан фойдаланиш учун қўлингизда уяли телефон бўлишининг ўзи кифоя. Халқчил тилда айтганда, илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш учун махсус мобиль илова ишлаб чиқилади. Бундай имтиёзларга эга бўлувчиларга қандай талаблар қўйилади, ўзи кимлар бу имкониятдан фойдаланиши мумкин, деган саволлар ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Юқорида айтганимиздек, банд бўлган аҳолига қўйиладиган талаблардан бири – мобиль телефон орқали солиқ органларини хабардор қилишнинг ўзи кифоя. Умуман олганда, бу шу давргача ҳам қисман амалдаги тартиб бўлиб, шу пайтгача 24 фаолият турига рухсат этилган эди. Эндиликда вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби бекор бўлади.

Ўрни келганда, мобиль илова афзалликлари ҳақида ҳам тушунча бериб кетсак.

Биринчидан, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар аҳолидан буюртмаларни қабул қилиши мумкин, бу қайсидир маънода ўзини ўзи банд қилган фуқаро хизматидан фойдаланаётганини кўради ва ундан буюртмаларни қабул қилиш имкони мавжуд бўлади.

Иккинчидан, юридик шахсларга хизматлар кўрсатса (товарларни сотишда), электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қила олиши мумкин.

Учинчидан, ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши мумкин, яъни илова орқали ўзининг бухгалтериясини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик кредит олишда фойдаланиши мумкин.

Тўртинчидан, ўзларининг бажарадиган ишлари ва кўрсатадиган хизматларини реклама қилиши мумкин. Ушбу реклама аҳоли томонидан буюртма беришда қўшимча имкониятлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Бешинчидан, аҳоли томонидан ушбу мобиль иловадан фойдаланган ҳолда буюртма берган ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг бажарган ишлари ёки кўрсатган хизматларига қараб, баҳолаш ва фикрларини қолдириши мумкин. Бу кейинчалик бошқа фуқаро фойдаланаётганида баллга қараб, фуқаро хизматлари сифати олдиндан аниқланиши мумкин бўлади.

Қайсидир фаолият тури, айтайлик, уй тозалаш хизматлари, қишлоқ жойларда асосан чорва молларига қараш хизматлари бор, мазкур хизмат турларини реклама қилиб қўйдими? Қайсидир ишга муҳтож аҳоли қатлами фойдаланиш учун буюртма беради. Натижада аҳоли бандлиги, рўйхатдан ўтган фуқаролар даромади ошиши таъминланади ва фуқароларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш механизми ҳам ўзгаради.

Амалдаги тартибга асосан ҳудудий меҳнат бўлимлари томонидан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинча меҳнат гувоҳномаси ҳамда ойлик тўловлари амалга оширилар эди.

Янги тартибга кўра, 2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатдан ўтиш учун телефон ёки шахсий кабинет орқали солиқ идораларини хабардор қилиши кифоя.

Олдинги тартибда эса ўзини ўзи банд қилган фуқаро вақтинчалик гувоҳномаларнинг муддатига қараб, тўлов тўлар эди. Масалан, бир ойга 111 минг 500 сўм миқдорида. Эндиликда эса мобиль илова орқали рўйхатдан ўтганидан кейин жорий йил учун йил якунига қадар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдори, яъни бугунги кунда 111 минг 500 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўлаши кифоя бўлади.

Бунда фуқароларнинг меҳнат муҳофазаси таъминланиб, худди якка тадбиркор сифатида ҳисобга олинади. Яъни, иш стажи ҳисобга олинганлиги таъминланади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қилмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, ушбу қарорга асосан тадбиркорлик субъектларига ҳам бир қатор енгилликлар берилди. Хусусан, олдин якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини амалга ошираётган жойидан эмас, балки доимий яшаш жойидан рўйхатдан ўтаётган эди. Эндиликда фаолиятини амалга ошираётган жойидан рўйхатдан ўтади.

Шунингдек, қарорда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган 67 та фаолият тури билан шуғулланувчи оилавий корхоналар (ишчилари сони камида 3 нафар бўлган) айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлаши белгилаб қўйилди. Амалда эса бундай корхоналар учун айланмадан солиқ ставкаси жойлашган ҳудудига қараб товар айланмасининг 1 фоизидан 4 фоизигача белгиланган эди.

Масалан, сартарошлик хизмати фаолияти билан 5 нафар ходимни иш билан таъминлаган юридик шахс айланмадан солиқ тўловини фаолиятни амалга ошириш жойи учун белгиланган ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлайди.

Мухтасар айтганда, ушбу қарор билан бугунги кунда норасмий секторда банд бўлган фуқаролар эндиликда яратиладиган мобиль илова орқали рўйхатдан ўтиб, солиқ органларини хабардор қилиши мумкин. Бу – уларнинг бандлиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, аҳоли бандлигининг ошиши ва уларнинг даромади манбалари кўпайишига хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар