Халқ таълими вазирлигининг 2015 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу давр мобайнида ота-оналар учун болаларни мактабга тайёрлаш бўйича 5 та номдаги қўлланмалардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар беради.
“Таълимда глобал ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида 1220 та қисқа муддатли гуруҳлар тарбиячиларига штат бирликлари ажратилди, қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Ўқувчиларнинг эгаллаган билим ва кўникмаларини амалиётда мустақил равишда қўллай олишга ўргатиш мақсадида 18 та умумтаълим фанлари бўйича тайёрланган узлуксиз таълимнинг компетенциявий ёндашувга асосланган Давлат таълим стандартлари 75 та мактаб, 59 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда тажриба-синовдан ўтказилмоқда.
Таълим муассасаларида илғор педагогик технологияларни кенг жорий этишга қаратилган 28 та илғор педагогик технологиялар тажриба-синов майдонларида тажрибадан ўтган 150 га яқин интерфаол метод, илғор педагогик технологиялар ва илғор иш тажрибалар оммалаштирилиб, вазирлик таълим порталига жойлаштирилди.
Бошланғич 1-2-синф ўқитувчилари учун илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида 7 номдаги методик қўлланмалар ва уларнинг мультимедиали иловалари ишлаб чиқилди ва таълим муассасаларига тўлиқ етказилди.





