4 ноябрь куни пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон – Германия ва Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашларининг навбатдаги қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, машинасозлик, нефть-газ, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, юқори технологиялар, енгил саноат, тўқимачилик, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, фармацевтика, божхона, суғурта ва экспорт-импорт каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2014 йилда қарийб 685 миллион долларни ташкил этган. Ўзбекистонда Германия сармояси иштирокида савдо, енгил саноат, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳаларига ихтисослашган 110 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Юртимизда ушбу мамлакатнинг 40 га яқин етакчи фирма ва компанияси ўз ваколатхонасини очган.
Тадбирда Ўзбекистон ва Германия ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.





