АсосийJamiyat

Тошкентда ёш киноижодкорларнинг қисқа метражли фильмлари намойиш этилади

Жорий йилнинг 16-22 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остидаги “Ёшлар ҳафталиги”доирасида “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар Республика фестивали ташкил этилмоқда.

Фестивалда иштирок этиш мақсадида турли ҳудудлардан 100га яқин ариза келиб тушди. Фестиваль Саралаш комиссияси фильмлар кўригини ўтказди ва улардан 20тасини фестиваль асосий дастурига тавсия этди. Мазкур 20та фильмнинг 40 нафардан ортиқ ёш ижодкорлари булар – сценарий муаллифлари, режиссёрлар ва операторлар фестиваль иштирокчисига айланишган ҳамда тадбир доирасида 11-20 ноябрь кунлари “Ўзбекфильм” киностудияси, Республика киночилар уйи ва “Ёшлар ижод саройи”да ўтказиладиган “Grand Master Class” номли асосий маҳорат дарсларида иштирок этишади, бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ахборот хизмати хабар беради.

16-19 ноябрь кунлари “Ёшлар ижод саройи”да асосий кўрик дастурига кирган фильмлар намойишлари ташкил этилади ва 21 нобярь куни Фестиваль ғолиблари тантанали равишда тақдирланади. Шу билан бирга, ғолиб ва совриндорлардан иборат ижодий гуруҳ ташкил этилиб, уларга 2016 йил давлат буюртмаси асосида бадиий фильмни суратга олиш топширилади.

Ғолиблар ғоянинг оригиналлиги ва долзарблиги, юқори бадиий савия, қизиқарли сюжет, кино тилининг ўзига хос услуби, новаторлик ва изланиш, режиссёрлик ва операторлик топилмалар, актёрларнинг ижроси каби мезонлар бўйича аниқланади.

Аҳамиятли томони шундаки, Фестивалда иштирок этган асарлар жамланиб, махсус тўплам шаклида чиқарилади ҳамда халқаро кинофестивалларга тавсия этилади, шунингдек, республика кинотеатрларида аҳоли учун намойишлари ташкил этилади. Бу эса, ўз навбатида, ёш кинематографларга ўз асарларини кенг жамоатчиликка намойиш этиш ва ўз-ўзидан «катта кино»га ишонч билан кириб бориш учун парвоз нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

Фестиваль доирасида махсус эффектлардан фойдаланиш ва 3D-технологияси асосида фильмлар суратга олиш бўйича хорижлик мутахассислар иштирокидаги мастер-класс, ўзбек киносанъати музейида очиқ эшиклар куни, замонавий киноиндустрия ускуналари кўргазмаси, “Кино ва мода” намойишлари каби бир қатор тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Мазкур Фестиваль доирасидаги “Cinema Expo” – замонавий киноиндустрия ускуналари халқаро кўргазмаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Кўргазма мамлакатимиз кинобозорига замонавий аудио-визуал технологиялар ва инновацион лойиҳаларни олиб кириш ҳамда фильм ишлаб чиқариш ва уни тарғиб қилиш билан боғлиқ барча турдаги хизматларни қамраб олади. Унда Чехия, Хиндистон, Россия каби 10дан ортиқ хорижий мамлакатлар компаниялари иштирок этиши кўзда тутилган. Мисол учун айтиб ўтиш мумкин, энг катта стендлардан бирини Хиндистон кинокомпанияси эгаллаган бўлиб, унда “Болливуд” ҳақида тўлиқ ахборот олиш мумкин бўлади.

 

    Бошқа янгиликлар