11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар берди.
Тақдим этилган лойиҳалар иқтисодиётнинг изчил ўсишига, иқтисодий барқарорликнинг мувозанатлаштирилган кўрсаткичларини ҳамда экспортнинг ўсишини сақлаб қолишга, ташқи савдо тўлов балансининг ижобий сальдосини таъминлашга, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилгандир. 2016 йилда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, уни техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурларини фаол амалга оширишни давом эттириш назарда тутилган.
Депутатлар келгуси йилга шакллантирилган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши назарда тутилаётганлигини алоҳида қайд этдилар.





