АсосийJamiyat

“Спайс” ва марихуна сотиш билан шуғулланган гуруҳ фош этилди

Пойтахтда сунъий гиёҳванд воситалар савдоси билан шуғулланаётган жиноятчилар қўлга тушди.

“Спайс” сунъий гиёҳванд воситаси, афсуски, бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бу оғу савдоси билан шуғулланиш яхшиликка олиб келмаслиги маълум бўлса-да, юртдошларимиз орасида шу номақбул ишга қўл ураётганлар учраб турибди. Яқинда шундай гуруҳлардан бири қўлга олинди ва жавобгарликка тортилди.

Дастлаб бу тўданинг Тошкент вилоятида туғилган вакили, 39 ёшли Суннатулла Абдирайимов қўлга тушди. У Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида “спайс” ва марихуна гиёҳванд моддаларини сотиш билан шуғулланиб келган. Уни гиёҳванд моддаларни сотиш пайтида, жиноят устида қўлга олишди.

Абдурайимовнинг гувоҳлик беришича, марихуанани унга 34 ёшли Шерзод Долгих деган йигит етказиб берган. Тезкор гуруҳ ходимлари унинг уйида тинтув ўтказишганда, сотишучун 55 дона гугурт  қутисида қадоқланган  190 граммга яқин марихуанана моддасини топишган.

Шу тариқа жиноят калавасининг бир учи Қашқадарё вилоятида яшовчи, 1982 йилда туғилган Баҳриддин Каримовга бориб тақалди. Маълум бўлишича, Долгихдан мусодара қилинган гиёҳванд модда ҳам аслида Баҳриддиндан олинган экан. Бироқ, хавф исини сезган Б.Каримов ғойиб бўлган.

Жиноий тўданинг яна бир аъзоси 36 ёшли Фарҳод Мирсаидов ҳам пойтахтда “спайс”нинг бир дозасини 300 минг сўмга сотаётганда тузоққа илинди. Аниқланишича, пул ва наркотикларни у қариндоши Ойбек Зияевга бериши керак бўлган.“Иссиқ излар” бўйлаб тезкор гуруҳ пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 33 ёшли О.Зияевнинг эшигини қоқишди. Ойбек аввалига эшикни очишдан бош тортди. Фавқулдодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ёрдамида эшикни бузиб киришга тўғри келди. Тезкор гуруҳ ичкарига кирганида Ойбек уларга қаршилик кўрсатмоқчи ҳам бўлди. Текширувлар пайтида унинг машинасидан кўкнори бошчаси ва икки дозада “спайс” моддаси топилган.

Тергов давомида пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бирининг 25 ёшли талабаси, гуруҳда воситачи ролини ўйнаган Денис Токарев ҳам қўлга олинган. Унинг изидан Республика олимпия заҳиралари мактаби теннис мураббийси 50 грамм “спайс” моддасини “Самарқанд дарвоза” савдо мажмуаси автотураргоҳида минг долларга сотишга уринаётган пайтда қўлга тушган. 

31 ёшли С.Обидовнинг уйи ва машинасини тинтиш чоғида 80 грамм “спайс”, марихуна уруғи ҳамда наркотиклар тайёрлаш ва чекиш учун ишлатиладиган мосламалар топилган. Унинг ўзи наркотик қотишмаларни интернет сайтларининг биридан олинган рецепт асосида тайёрлаганини тан олган. Моддаларни ҳам интернетдаги форумда хабар қолдириш орқали топган, кейин унинг пулини «Webmoney» тизимидан пул ўтказиш йўли билан тўлаган.

Тезкор тадбирлар натижасида жиноий гуруҳ фош этилди. Гуруҳнинг барча аъзолари суднинг қора курсисига ўтқазилди ва 3 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Нозим Қаҳҳоров

    Бошқа янгиликлар