Пойтахтимизда “Infolib – 2015” IV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Хўжаевнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда кутубхона, айниқса, ёшлар орасида янада оммалашди. Масалан, 2012 йилда кутубхонага 250 мингдан зиёд киши келиб, 1 миллиондан ортиқ китоб ўқиган бўлса, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида бу кўрсаткич 630 мингдан ошди ва 4,5 миллион китоб мутолаа қилинди.
Ҳафталик доирасида давра суҳбатлари, кутубхона бўйлаб турли экскурсиялар, маърифий акциялар, кўргазмалар ва фильмлар намойиши ўтказилди. Шу билан бирга, таниқли ёзувчи ва шоирлар, рассомлар, режиссёрлар, хонандалар иштирокида ижодий кеча ва учрашувлар бўлиб ўтди. Ўқувчи-ёшлар учун эса турли маҳорат сабоқлари ташкил этилди. Янги китоблар тақдимотлари ўтказилди.
Тадбирда “Infolib – 2015” ҳафталиги якунлари сарҳисоб қилиниб, энг фаол иштирокчилар тақдирланди.





