АсосийShou-biznes

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА: “ХУСУСИЙ КИНОНИНГ БОЗОРДАН ФАРҚИ ҚОЛМАДИ...”

Лойиҳанинг галдаги меҳмони театр ва кино устунларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра ЖАМИЛОВА. Актриса хусусий кинода фаолият юритадиган режиссёрлар, актриса ва актёрларнинг санъатга бўлган енгил-елпи қарашлари, техника ютуқлари уларни дангаса қилиб қўяётгани хусусида очиқ-ойдин гапирди...

“Режиссёрлар нега томошабинни менсимайди?”

— Қанчалик аччиқ бўлса-да, бугун дилимдагиларни барини тўкиб солмоқчиман. “Бугунги кундаги кинонинг ахволидан қониқасизми?” деган саволга шунча йилдан буён ҳеч кимни ҳафа қилмай, нафсониятига тегмай, деган мақсадда “қониқмайман”, деб қўярдим, холос. Орада кўнгилдагидек фильмлар ишланса, севинардим. Ва “юқоридаги гапим режиссёрларга таъсир қилдимикан ёки мен нотўғри фикр юритяпманми”, деган фикрга ҳам борардим. Барча фильмларни ёмон, дейиш фикридан йироқман. Айрим кинокартиналар совринларга эга бўляпти, лекин уларнинг бари давлат буюртмаси асосида суратга олинган. Хусусий киностудиялар ишлайдиган фильмлар эса бу рўйхатдан мустасно. Улар ўзига хон, ўзига бек бўлгани учунгина қўпол қилиб айтганда, “кўпириб” кетишяпти. Истаса пул тиккан продюсери ёки унинг қариндош-уруғи бош қаҳрамон ролини ижро этади, сценарий йўл-йўлакай ёзилади, масъулиятни ҳис қилишмайди. Аслида эса улар ҳам тарози палласини босадиган, меъёр чегараларига эга кинокартиналар ишлаши шарт! Устозларимиз бизга “томошабин сенга эргашсин, сен уларга эмас! Йўқса, бор обрўинг ҳам бир пул бўлади”, дея уқтиришган. Шу ўгитга қулоқ тутиб кам бўлмадик. Яна бир гап, “бугунги кун томошабинининг онги паст”, деган ижодкор катта хато қилади. Ёш режисссёрлар Шуҳрат Аббосовдек ўз касбининг устасидан “мактаб”идан тажриба ўрганишга улгуриб қолсин. Собир Назармуҳамедов, Зулфиқор Мусоқов, Жаҳонгир Қосимов каби профессионал режиссёрлар бор. Сўраб ўрганганнинг айби йўқ-ку! Ахир санъатимиз келажаги шу ёшлар қўлида. Лекин афсус бош эгиб боришга ё уялишади ёки “ўзим уддалайман, барига ақлим етади”, деган фикрда саёз фильмлар ишланяпти. Энг аянчли ҳолат эса бачкана, бир хил қолипдаги фильмларнинг кўпаяётгани. Қувонарли жиҳати бу фикрлар томошабинлардан чиқяпти.

“Қачонгача қайнона-келин ва бизнесмен эркак қиёфасини кўрамиз?”

Ҳатто масхарабозларнинг кулдириши замирида ҳам мақсад бор. Лекин ҳозир катта экранларга чиқаётган комедия жанридаги фильмларда на мақсад ва на мазмун бор. Шундай “фильм”ларга “хонтахта” атамаси ишлатила бошланди. Қайнона-келин, бой-камбағал каби маиший мавзудаги кинокартиналарнинг бари — “хонтахта”. Бундай муносабатлар ҳар бир миллатда бор. Лекин улар тинмай юқоридаги каби мавзуларда фильм ишлаётгани йўқ-ку. Томошабин дастингиздан “дод”, деяптими, демак кинокартинага қўл уришдан аввал дўппини ерга қўйиб фикр юритинг. Режиссёрлар нега томошабинни менсимайди? Ахир улар бўлмаса ижодкор ҳеч ким эмас!           

Сира ёдимдан чиқмайди, биз ишлаган вақтларда ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрининг бош режиссёри Тошхўжа Хўжаев драматурглар спектаклга ярайдиган  пьеса олиб келмаса, китоб ўқиб, изланиб мавзу топарди. Режиссёрман, деб кўкрак керганлар нега ўқиб, изланиб янги мавзуни экранга олиб чиқолмайди? Оддий мисол, исталган хонадоннинг эшигини тақиллатсангиз, албатта, битта сценарийбоп мавзу топилади. Нега экранларда замон қаҳрамонлари йўқ? Қачонгача қайнона-келин ва бизнесмен эркак қиёфасини кўрамиз? Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, нега шифокор, тадбиркор, олима бўлган аёлларни экранга олиб чиқишмайди? Шу саволларга жавоб тополмай қийналаман.

“Таксига чиқишга безиллаб қолганман”

— Ишонсангиз, таксига чиқишга безиллаб қолганман, чунки “фалон актёр, актрисага айтинг ҳамма фильмда чиқавериб жонга тегди-ку”, “нега бир тийингга қиммат фильмлар ишлашади?” дея таъналарга кўмиб ташлашади. “Фикрингизга қўшиламан, лекин улар мени гапим билан иш қилмайди-да”, деб тезроқ манзилимга етиб олиш пайида бўламан. Емаган сомсанг учун пул тўлаш ёқмайди-да. Таъналарга жавоб топгандекман, биз ўқиган вақтда контракт тушунчаси йўқ эди. Назаримда, Ўзбекистон санъат ва маданият институтида билими бор ёшлар ўқиши керак, эплолмаса ҳайдалсин. Бу ҳақда сўз очишимдан мақсад, куни кеча ўша институтда дарс берадиган, ўз касбининг устаси бўлган тасвирчи билан суҳбатлашгандим. “Гулчеҳра опа, гуруч курмаксиз бўлмас экан. Икки-учта талабам “контрактни тўлаб қўйганман, мени безовта қилиб нима қиласиз? Дарсга келмайман, дейди”, деса бўладими? Ўша институтга бориб, яратилган имкониятларга роса ҳавасим келди. Ўз касбининг усталари бўлган педагоглар дарс беришади. Баъзи талабалар учун “олдида оққан сувнинг қадри йўқ экан”.

Устоз саҳнанинг чангини яламаган бўлса, йиллар давомида ўқиб ўргангани асосида дарс берган тақдирда ҳам муносиб шогирд тайёрлай олмайди. Очиқ айтганим учун педагоглар хафа бўлишмасин. Яна бир гап, театрда ишлаган вақтимда устозлар бошчилигида бошқа театрдаги премьерага боришимиз шарт эди. Ва спектаклдан сўнг муҳокама бўларди, хато-камчиликлар айтилгани учун эса ҳеч ким хафа бўлмасди. Қолаверса, қайси театрда кимлар ишлашини билардик, бир-биримизни танирдик. Ҳозирги кунда устоз-шогирдлик оқсагани боис бу анъана ҳам йўқолиб кетди. 

“Лаб-лунжингизни йиғиштириб гапиринг”

— Бир хусусий фильмда ёшлар билан ишлашга тўғри келди, номини айтишни истамайман. Асл касби ҳуқуқшунос, лекин бу борада билимга эга эмас. “Кинода нима қилиб юрибсан?”, десам, “Санъаткор бўлмоқчиман”, дейди. Унда шу касбни етук мутахассиси бўламан, деган билимга чанқоқ тенгдошингни йўлини тўсиб, нега ҳуқуқшуносликка ўқидинг? У билан қандай азобда ишлаганимизни айтмай қўя қолай. Хусусий кинонинг истаган одам кириб-чиқиши мумкин бўлган бозордан фарқи қолмади. Ҳозир ҳар икки кишининг биттаси “артист бўламан, ҳамма пул уларда”, дейди.

Сира ёдимдан чиқмайди, иккинчи босқич талабаси эдим. Имтиҳон вақти абитуриентларни кузатиб тургандим. Ректоримиз Ҳамид Абдуллаевич актёрлик маҳоратидан имтиҳонга кирган абитуриентдан “Нега санъаткор бўлмоқчисан?” деб сўраса, “Артистлар кўп пул топади”, деганди, ректор ҳайдаб солди. У вақтда ҳатто “отарчи” деган сўз ҳам йўқ эди-да!

Истагим, “хонтахтачи” ва “отарчи”лар ҳақиқий санъатни орқага тортмасин! Авваллари “артист”, деса одамларнинг чеҳраси ёришарди. Ҳозир бу сўз салбий оҳангда айтиладиган бўлиб қолган. Гоҳида кўча-кўйда “артистсиз-а?” деб қолишади. “Йўқ, актрисаман, лаб-лунжингизни йиғиштириб гапиринг”, дея ҳазил аралаш жавоб қайтараман. Профессионал ижодкорни “отарчи”лар билан бир қаторга қўшишлари одамни хафа қилади. “Бирники мингга, мингники туманга”, деб бежиз айтишмаган-да.

“Имкониятлар ижодкорни дангаса ва масъулиятсиз қилиб қўйди”

— Ҳозир техника асри бўлгани боис кино суратга олишда анчагина қулайликлар пайдо бўлди. Ўхшамаган саҳнани қайта-қайта дубль қила олади. Авваллари ўйнаган ролимиз яхши ё ёмон чиққанини бир неча босқичдан ўтган фильм тайёр бўлгандагина билардик. Тасвирчи, чироқчи, актёр, умуман ижодий жамоадан ким хатога йўл қўйгани ўшанда маълум бўларди. “Плёнка” қимматлиги боис учтагина дублга рухсат бериларди, холос. Шу сабаб бир ёқадан бош чиқариб, ишга жиддий ёндашишга одатлангандик. Ижодкорларга яратилган ҳозирги техник имкониятлар эса уларни ўта дангаса ва масъулиятсиз қилиб қўйди. Хусусий фильмда суратга тушганимда режиссёрнинг “суфлёр”га ўхшаб, “ўнгга қара, югур, энди кул”, деб хатти-ҳаракатни, ҳатто сценарийдаги сўзларигача айтиб туришини кўриб ҳайратда қолдим. Актёрлар қаҳрамонининг ҳолатини “юрак”дан ҳис қилмаса, уни қўғирчоқдан фарқи қолмайди-ку. Лекин иккита фильмда кўринганидан сўнг “юлдуз”га айланади. Улар ҳатто ёши катта санъаткорлар билан сўрашишмайди. Камига кеч келган бўлишига қарамай, суратга олиш майдончасида “бу кийимни киймайман, дазмол қилинг, сочимни турмакланг”, дея дирижёрлик қилишади. Бир ярим соат ёш актрисаларни тайёр бўлишини кутиб ўтирган пайтларим кўп бўлган. Гоҳида либос топилмаганидан ижарага олинган хонадон эгаларининг кийимини кийган актрисаларни ҳам кўрганман (кулади). Бундай ҳолатларни сира ҳазм қилолмайман. “Мактаб”имга амал қилган ҳолда суратга олиш майдончасига уйдан кийиниб, сочимни турмаклаб, пардоз қилиб, тайёр бўлиб бораман.

Актёрларимиз аввало ўзини ҳурмат қилса, босар-тусарини билса, кийиниш одобига  риоя қилса, ижодини тарози палласига қўя олса, жамиятда ўз ўрнини топа билсагина ҳақиқий, ҳурматга лойиқ ижодкор бўла олади. Истагим, шундай санъаткорларимиз кўпаяверсин!

“Юраг”и бор, кўзи “гапирадиган”,  улама киприкда ва лаби шиширилган актрисалар

Ёш актрисалар ҳақида гап кетганида, Раъно Шодиева, Дилноза Кубаева, Жамила Ғофурованинг ижодига тўхталган бўлардим.

  • Раъно Шодиева билан кўп ишлаганман. Фильмдаги ҳар бир хатти-ҳаракати ўзига ярашади, сунъийлик йўқ. Атрофдагиларнинг фикр, танбеҳларини ўзига сингдириб, ролини юракдан ижро этади. Камера ёқилгач, дарров қаҳрамони ҳаётига кира олади. Раъно профессионал актриса даражасига ета олди.   
  • Дилноза Кубаева кино учун яралган актриса. Истараси иссиқ, кўзи “гапиради”. Кинодаги ҳар бир қаҳрамонининг хатти-ҳаракатидан то қилиқларигача ўзига ярашади. Уни кўриб, “бу режиссёр қўйган вазифани шундайлигича ўйнаб бераяпти”, деган фикр туғилмайди.  
  • Жамила Ғофурова “мактаб” кўрмаган, лекин актёрларга хос ички “мактаб”га эга, кўзи алдамайди. Буни Жамиладан тортиб оломайсиз. Экрандаги қаҳрамонини томошабин ишонадиган даражада маромига етказиб ижро этади. Ролида “яшаш”ни биладиган актриса.   
  • Севара Солиева Ўзбекистон санъат ва маданият институтининг талабасига айланмай туриб, “Бир кам дунё” сериалида биз билан суратга тушганди. Катта жамоага қўшилиб, “юраг”и борлиги сабаб унга сингиб кета олди. Бу қизнинг ҳам келажаги бор.

Қолган ёш актрисалар ҳақида гапириб ўтишни лозим топмадим. Боиси уларнинг бари экранда хунук кўринишдан қўрқиб, қаҳрамонининг ҳолатига тўғри келмаса-да, ҳинд актрисаларига ўхшаб бўрттирилган пардозда чиқишади. Кўпчилик актрисалар лабини устма-уст қўйилган иккита котлетга ўхшатиб, суъний шишириб олишган. Улама киприкларнику, гапирмаса ҳам бўлади. Фильм кўра туриб, ҳатто эрталаб уйқудан кўз очганда ҳам кечаги пардозда эканини кўриб ғашинг келади. Ҳурматли ёш актрисалар табиийлигингизни йўқотиб, обрўингизни йўққа чиқарманг! Кинода фақат чирой эмас, истеъдод ҳам муҳим омил.  

“Бугунги кунда эркак бош қаҳрамон йўқ!”

Бир неча йиллар аввал ёқимтой актёрлар тўртлиги бор эди. “Ҳозир ҳам эски ҳаммом, эски тос”. Фильмларда бўй кўрсатиб туришибди, омадини берсин. Лекин ҳақиқат шундаки, бугунги кунда эркак бош қаҳрамон йўқ! Аслида шу тўртликни хусусий кино бачканалаштириб юборган.

  • Фаррух Соипов типаж жиҳатдан бош қаҳрамон бўла олади, “Келгинди куёв”даги бачкана ролини ҳисобга олмаса албатта. Лекин ўша роль ўзига ярашган. Бироқ тўртликнинг орасидан Фаррухни биринчи ўринга қўйган бўлардим.    
  • Адиз Ражабовни режиссёрлар муҳр босгандек, фильмдан фильмга “сакратаверишди”. Бу ҳолатга тирикчилик сабаб кўниккандир, балки. Охири ўзи ҳам қочгани жой тополмади, шекилли. Уни айби шундаки, иккита фильмдан сўнг “бўлди, бир хил қолипдаги учинчи фильм менга ортиқча”, дея бунга чек қўёлмади.

Қолганлар ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Чунки танбеҳдан тўғри хулоса чиқарадиган ижодкор ўн йил аввал ўзгарган бўларди. Бемаза қовундек ролларини кўпайтирмасдан, сараланган фильмда кўринган актёр севимли бўлади. Соғинтириб ижод қилганга нима етсин. Агар маҳоратинг бўлса, ижодий танаффус мобайнида унутилмайсан. Бугунги қиладиган ишинг, аввалгисидан устун бўлиши шарт!       

Энг муносиблар...

Фарзандингиз тимсолини яратишга муносиб актёр ва актриса?

— Ҳар бир фильмда ўғлимни Бобур Йўлдошев, қизимни Раъно Шодиева ўйнашини истайман. Ўрта ёшдаги актёрлардан катта ўғлимни Фатхулла Масъудов, Учқун Тиллаев, катта қизимни Раъно Зокирова ижро этса дейман.

— Сизга мос “жуфт”?

— Ҳар томонлама тўғри келадиган актёр бу Ўлмас Алихўжаев эди. Ҳозирча унинг ўрнини босадиган актёр йўқ. Борлари “хонтахтачи”ларга айланиб қолган.

— Хусусий киностудияда ишлайдиган режиссёрларнинг қай бири билан “жон” деб ишлардингиз?  

— “Геолог: ўлимдан кучли” фильмида ишлаган режиссёрим Дилмурод Масаидов билан мамнуният билан яна бирга ишлаган бўлардим. Очиғи, хусусий киностудиялардаги бошқа режиссёрларнинг бирортасини танимайман.     

Сизнингча...

— Кумуш ролига муносиб актриса?

— Жуда қийин савол! Ундай актрисанинг ўзи йўқ.

— Зайнаб ролига-чи?

— Феъл-атвор жиҳатдан мос тушадиган актрисаларимиз жуда кўп (кулади).

— Отабек ролига мос актёр борми?

— Йўқ!

— “Ўткан кунлар” фильмини суратга ололадиган режиссёр?

— Зулфиқор Мусоқов. Ўзи ҳам шу асарга қўл уриш истагида юрибди. Ёш режиссёрлардан бирортасини айтолмайман. Чунки классик асаримиз классиклигича қолишини истайман. Улар ўз йўналишида ишлайверишсин.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

 

    Бошқа янгиликлар