Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди томонидан "Хоразмавтойул" ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилотининг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, ташкилот билан ҳамкор бўлган хусусий корхоналар раҳбарлари, шунингдек Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси, вилоят давлат солиқ инспекцияси, АТ "Асака банк" вилоят филиалининг масъул ходимларига нисбатан кузғатилган жиноят иши кўриб чиқилди. Миллий хавфсизлик хизмати фош этган ушбу жиноий гуруҳни "Хоразмавтойул" ҲЙФТ директори Ш.Рўзметов бошқариб келган.
Ш.Рўзметов корхона бош муҳандиси, таъминот бўлими бошлиғи, бош ҳисобчиси, бош механиклари, туман йўл хўжалиги пудрат, таъмирлаш, фойдаланиш корхоналари раҳбарлари билан жиноий тил бириктириб, йўл қуриш, таъмирлаш, реконструкция килиш учун ажратилган маблағларни жуда кўп миқдорда талон-тарож қилиб келган. Хусусан, бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар, етказиб берилмаган товарлар учун катта миқдордаги пуллар "Бизнес капитал фортуна", "Янгибозор гранд савдо", "Хива йўл таъмир қурилиш", "Хоразм Жайхун қурилиш таъмир", "Ҳунарманд баракат газ инвест монтаж" каби МЧЖлар ҳисоб рақамига ўтказилган ва нақдлаштириш орқали ўзлаштирилган. Шу билан бирга ёқилғи мойлаш мақсулотлари ҳамда эҳтиёт қисмлар сотиб олиш бўйича "Нехел люкс", "Водий лойиҳа сервис", "Мега фортуна савдо", "Глобус индустрии трайд", "Элит бизнес импекс" МЧЖлар билан шартномалар тузилган ва уларнинг ҳисоб рақамига шартномада кўрсатилган 587 миллион сўмдан ортиқ маблағ ўтказиб берилган ва МЧЖлар орқали нақдлаштирилиб, талон-тарож қилинган.
"Урганч-Гурлан-Манғит-Туркманистон чегараси" автомобиль йўлининг бошланғич қисмидан 19-километригача бўлган таъмирлаш ишларидан ҳам 305 миллион 948 минг сум маблағ ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштирилган. Бундан ташқари "Хоразмавтойул" ташкилоти балансидаги 143 миллион сўмдан ортиқ асфальт бетон ва шебен маҳсулотлари жисмоний шахсларга нақд пул эвазига сотиб юборилган. Қурилиш-монтаж ишларидан орттирилган ва ташкилот балансида бўлган асфальт маҳсулотлари ҳисобидан фуқаролар уйи атрофи нақд пул эвазига асфальтлаштириб берилган.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамгармаси мутахассиси Б.Йўлдошев "Урганч-Гурлан-Маншт-Туркманистон чегараси" автомобиль йўлини таъмирлаш жараёнида аниқланган камчиликларни яшириш эвазига жиноий гуруҳ, аъзоларидан 11 миллион сўм ҳамда 1 500 АКШ долларини пора тариқасида олган. Шунингдек, ҳужжатли тафтиш ўтказишга жалб қилинган Урганч шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходими Р.Йўлдошевга 3 минг АҚШ доллари, АТ "Асака" банк Хоразм вилояти филиали бош мутахассиси Р.Хажиевга 2500 АҚШ доллари, собиқ Урганч шаҳар прокурори М.Оллабергановга 11 минг АҚШ доллари миқдорида пора бериб келинган. Бундан ташқари, 417 млн сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар қасддан тўланмагани, судда исботланди.
Тергов давомида йўл қурилиши учун ажратилган давлат маблағларининг 2,5 миллиард сўмдан ортиғи ушбу жиноий гуруҳ томонидан талон-тарож этилгани маълум бўлди. Етказилган зарарнинг 1,8 миллиард сўми айбдор шахслар томонидан қопланди.
Ш.Рўзметов жиноий йуллар билан топилган даромадларига Хива туманида икки қаватли ҳашамдор уй кургани, унга курилиш материалларининг барчаси узи раҳбарлик килиб келаётган ташкилот хисобидан сарфлангани, шунингдек, 3 та кимматбахр автомашина сотиб олгани аниқланди ва судда исботини топди.
Ушбу жиноят иши буйича айбланган 39 нафар судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди ва тегишли жазоларга ҳукм қилинди.