АсосийShou-biznes

Мобил алоқадан қачон кўнглимиз тўларкин?

Алоқа соҳасида назорат, ахборот ва коммуникация технологиялари буйича давлат инспекциясининг мобил алоқанинг сифатсизлиги борасидаги кўрсатмаларига мобил операторлар қандай муносабат билдиришади?

Бугуни кунда мобил алоқанинг  ҳаётимизда тутаётган ўрни беқиёс. Айни вақтда истеъмолчилар учун унинг сифат даражаси муҳим муаммолардан бири бўлиб турибди, чунки алоқа сифатсизлиги билан боғлиқ ҳар бир муаммо муҳим ишларни амалга оширишда панд бермоқда. Мобил алоқа воситасида сўзлашув вақтида алоқанинг ўз-ўзидан йўқолиб қолиши, ёқимсиз шовқинлар, сўзлашув вақтида сўзнинг боши ё охири эшитмай қолиши, шунингдек гапни тўлиқ эшитиб бўлмаслик ҳолатлари мобил алоқа вақтида юзага келаётган муаммоларнинг баъзилари холос.

Мобил алоқа сифати қониқтирмаган вақтда қаерга мурожаат қилиш лозим? Мобил алоқа операторлари алоқа сифатини яхшилаш учун қандай ишларни амалга оширмоқдалар? Шу ва бошқа бир қатор саволларга Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Мобил алоқа тизимлари мониторинги ва радиочастоталардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи Камолиддин Авулов жавоб берди.

- Яқинда Ўзбекистондаги баъзи мобил алоқа операторлари хизмат кўрсатишнинг сифатсизлиги борасида огоҳлантирилган эди. Айни огоҳлантириш қайси мезонлар ва кўрсаткичлар асосида амалга оширилди?

- Мобил алоқа операторларига хизмат кўрсатиш сифати стандартларига риоя қилишда муайян талабларнинг бузилиши, улар иш сифатининг қониқарсиз деб баҳоланишига сабаб бўлмоқда. Радиомониторинг натижалари ва тармоқ сифат кўрсаткичлари бўйича ойлик ҳисоботларни, таянч станцияларнинг тўхталишлари бўйича маълумотлар, шунингдек, келиб тушган мурожаатлар таҳлили якунлари бўйича бизнинг Инспекция “Электромагнит мослашув маркази” ДУК билан ҳамкорликда бир қатор камчиликлар аниқлади:

  • алоҳида ҳудудларда мобил алоқа сифатсизлиги;
  • мобил алоқа хизматларидан туну-кун фойдаланиш имконияти яратилмаганлиги;
  •  аҳоли кам истиқомат қиладиган ҳудудларни мобил алоқа билан тўлиқ қамраб олинмаганлиги.

- Айнан қайси операторлар Инспекциядан огоҳлантириш олдилар?

- “COSCOM” МЧЖ ҚК(Ucell), “Unitel” МЧЖ (Beeline), “RWC” МЧЖ ҚК (Perfectum) ва “Ўзбектелеком” АК (UzMobile). Уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси қонун ва норматив ҳужжатлар талаблари асосида ўз фаолиятлари амалга оширмоқдалар ва бугунда улар Инспекцияга алоқа сифатини яхшилаш борасидаги ўз режаларини тақдим этишди.

- Ўзбекистонда мобил алоқа сифатини мониторинг қилишда абонентларнинг мурожаатлари қандай ўринни эгаллайди?

- Фуқароларнинг мурожаатлари - муҳим омил бўлиб, улар алоқа сифати яхши бўлмаган, меъёрларга мувофиқ бўлмаган ҳудудлар ҳақида маълумот олиш имконини беради. Операторларга бериладиган огоҳланиришлар айнан уларнинг мурожаатлари асосида амалга оширилади. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ташкил этилган комиссия томонидан ҳар чоракда симли ва мобил алоқа тармоқ сифати бўйича Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари билан боғланган ҳолда селектор йиғилишлари ўтказилади.

- Алоқа сифати нима учун панд бераяпти? Алоқа билан боғлиқ муаммолар туғилганда қаерга мурожаат қилиш лозим?

- Бундай муаммо юзасидан энг аввало мобил алоқа хизматларини кўрсатиб келаётган компанияга ёки тўғридан-тўғри Инспекция ва унинг худудий бўлинмаларнинг “ишонч телефонлари”га мурожаат қилиш лозим (уларни www.gis.uz расмий сайти орқали топиш мумкин).

- Абонентлар алоқа сифатининг ёмонлиги борасида шикоят билан тез-тез мурожаат қилишадими? Бунинг асосий сабаби нимада?

- Яширмайман, охирги вақтда шикоятлар сони ортди. Бунга абонентларнинг тобора кўпайиб бораётгани, мобил Интернет хизматларига бўлган қизиқиш ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки трафик ортгани сари мобил алоқа тармоқ юкланиши усиб бормоқда. Бу эса алоқа сифати ҳамда телекоммуникация тизимга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Айтиш лозимки, аҳоли зич бўлган ҳудудларда янги таянч станцияларини ўрнатишда қуйидаги муаммолар мавжуд: янги таянч станцияларини ўратишга мос келадиган маъмурий биноларнинг йўқлиги, шунингдек уй-жой мулкдорларнинг ўз уйларининг том қисмида станцияларини ўрнатишни истамасликларидир. Таянч станцияларини демонтаж қилиш мобил алоқа сифатининг пасайишига олиб келади. Чунки бошқа янги таянч станция қуриш ва уни ишга тушириш ишлари учун бир йилдан кам бўлмаган муддатда керак бўлади. Бу эса ўз навбатида мобил алоқа сифатининг ёмонлиги борасидаги шикоятларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

  • Айнан нимадан шикоят қилишади? Қай мазмундаги мурожаатларини кўпроқ кўриб чиқилади?
  • Абонентлар томонидан асосан мобил алоқа сифати (овозли хизматлар, Интернет) ҳамда ахборот маълумотлар хизматлар (call-марказлар) операторлар фаолиятига шикоят қилишади. Шикоятларнинг аксарияти Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимиздан тушади.

Мамлакатимизнинг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқаролар мобил алоқадан фойдаланиш имкониятига эгамила?

— Мобил алоқа билан қамраб олишда ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар эҳтиёжига, шунингдек ушбу ҳудудда таянч станцияларни қуриш ва ишлати инфратузилманинг мавжудлигига аҳамият қаратилади. Хусусан айни дамда Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлар мобил алоқа билан қамраб олинган.

- Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, баъзида бошқа вилоятдан туриб қўнғироқни амалга ошираётган абонент билан алоқа йўқолиб қолади ёки унинг овозини эшитиш қийин кечади. Бу нима билан боғлиқ?

- Алоқа сифатига жуда кўп омиллар таъсир қилади: тармоқнинг юқори юклама ва таянч станциянинг ортиқча юклама билан ишлаши, об-ҳаво шароити, абонентнинг мобил алоқа билан қамраб олинган ҳудудга нисбатан жойлашуви ва ҳоказо...

 

    Бошқа янгиликлар