АсосийJamiyat

14 ёшли пахтачилик қизларнинг пичоқлашиши қандай якун топди?

Таҳририятимизга Самарқанд вилояти Пахтачи туманидан келган мурожаатда 42 ёшли аёл 14 ёшли қизига дугонаси томонидан етказилган тан жароҳати ҳақида ёзиб, ноҳақлик юзасидан қонун доирасида жазоланиши учун амалий кўмак сўраган. Мурожаатдаги ҳолатлар Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ўрганилди.

О.Азимов, Самарқанд вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари:

- Вилоят прокуратураси томонидан фуқаро М.Тухтаеванинг қўшниси С.Жўрақулованинг ноқонуний ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаати кўриб чиқилди.

Аниқланишича, 2015 йил 18 март куни соат 15.00 ларда Пахтачи туман "Янгиобод" маҳалласида яшовчи 2001 йил 20 октябрь куни туғилган С.Жўрақулова синфдоши 2001 йил 02 июнь куни туғилган Я.Тухтаева билан ўзаро жанжаллашиб, ошхона пичоғи ёрдамида унга жароҳат етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими Тергов бўлими  (ИИБ ТБ) томонидан терговга қадар текшириш олиб борилиб натижасига кўра Жиноят Процессула Кодекснинг 84-моддаси 1-қисми 7-банди, 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи туман ИИБ ТБ томонидан қабул қилинган қарорлар вилоят ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан бекор қилиниб қўшимча текшириш ўтказиш учун юборилган.

Текшириш якунига кўра туман ИИБ ТБ томонидан вояга етмаган С.Журақулованинг ҳаракатларида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш, яъни Жиноят кодексининг 25-97-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноят таркиби йўқлиги, вояга етмаган С.Жўрақулованинг ҳаракатларида қасддан баданга оғиp шикаст етказиш, яъни ЖКнинг 104-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги, бироқ мазкур жиноятни содир этган вақти унинг жиноий жавобгарликни назарда тутувчи 14 ёшга тўлмаганлиги, шунингдек вояга етмаган Я.Тухтаеванинг ҳаракатларида Маъмурий Жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 52-моддаси 2-қисмида кўрсатилган енгил тан жароҳати етказиш маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги, лекин у ҳуқуқбузарлик содир этган вақти 14 ёшга тўлмаганлиги инобатга олиниб 08.08.2015 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди, 84-моддаси 1-қисми 7-банди ва МЖтКнинг 13-моддасига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қapop қабул қилинган.

Шунингдек, фарзандларини таълим-тарбия бериш борасидаги мажбуриятларини лозим даражада бажармаган С.Жўрақулованинг онаси З.Назарова ва Я.Тухтаеванинг онаси М.Тухтаевага нисбатан МЖтКнинг 47-моддаси билан маъмурий чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясига юборилиб, Пахтачи туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясининг қарорига асосан З.Назарова ва М.Тухтаевага нисбатан МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланилган.

Мазкур қарор вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб асосли деб топилган.

 

 

 

    Бошқа янгиликлар