Тошкентда “Цемент саноати ва бозори” XIII халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон, Хитой, Австрия, Германия, Испания, Россия, Туркия ва бошқа давлатлардан соҳа раҳбарлари ва етакчи мутахассислар иштирок этмоқда. Мазкур конференция пойтахтимизда олтинча марта ўтказилмоқда.
Конференцияда айни пайтда Ўзбекистонда йилига 8,6 миллион тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга 8 цемент заводи фаолият кўрсатаётгани таъкидланди. Жорий йилнинг 10 ойида 6,6 миллион тоннадан ортиқ цемент тайёрланган.
Конференцияда Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш ҳажми йилига ўртача 3,5 фоизга оширилиб, 2019 йилда бу кўрсаткич йилига 15 миллион тоннага етказилиши кутилаётгани алоҳида таъкидланди. Бундай параметрлар Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 4 мартдаги фармонига биноан тасдиқланган 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган.





