1

Англия футболи афсонаси Жек Чарльтон 85 ёшида вафот этди

СПОРТ 12.07.2020, 18:39
Англия футболи афсонаси Жек Чарльтон 85 ёшида вафот этди

The Guardian нашрининг хабар беришича, бугун Англия миллий терма жамоаси собиқ ҳимоячиси Жек Чарльтон 85 ёшида оғир хасталикдан вафот этди. Футбол тарихида ўзидан ёрқин из қолдирган инсоннинг фаолияти барчага қизиқ ва ибратли.

У 1935 йилнинг 8 майида Англиянинг Ашингтон шаҳрида футболчилар оиласида дунёга келган. Ёшлигидан футболга меҳр қўйган. Унинг нақ бешта амакиси турли йилларда «Лидс Юнайтед», «Честерфайлд», «Бредфорд» ҳамда «Нюкасл» жамоаларида фаолият олиб борган. Лекин Чарльтонлар авлоди эсланганда кўпроқ унинг ўзи ва амакилари эмас, балки ўша машҳур укаси Бобби ёдимизга келади

У туғилган шаҳар Англиянинг йирик кўмир индустриясига айланган базаси ҳисобланар ва оиладаги ҳамманинг иши шу соҳа билан боғланган эди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, ёш Чарльтон оиланинг катта фарзанди сифатида рўзғор юмушларига анча эрта ўзини ура бошлайди. Лекин ўша пайтлари молиявий жиҳатдан қанча қийналмасин, машҳур клублар ўртасидаги баҳсларни трибунадан туриб кузатиб боришни канда қилмасди. Оилада унинг бу қизиқишини фақат онаси Сиссиегина илғай олган.

Онаси ҳатто, бирмунча вақт давомида ўша пайтлардаги маҳаллий мактаб жамоаларига мураббийлик ҳам қилган. Нисбатан футболни тушунган ва унинг ичида фаолият юритган аёл ўз фарзандларининг ушбу спорт турига бўлган қизиқишига бефарқ қарамаган ва уларнинг тарбиясига асосан ўзи масъул бўлган. Сиссие дам олиш кунлари ўтказиладиган ўйинларга фарзандларини олиб борган. Кейинчалик ҳам Жек Чарльтон ўз интервьюларида ёшлик даврларидаги «Нюкасл»нинг ўйинлари ёрқин ва чиройли бўлгани ҳамда уларнинг бирортасини ўтказиб юбормаганлигини бирма-бир хотирлайди. Балки, ҳаёти давомида бутун умр мухлислик қилган клубига нисбатан уйғонган меҳр мана шу даврларда шаклланган бўлса ажаб эмас.

Жек Чарльтоннинг футболчилик фаолияти 15 ёшида бошланган. Маҳаллий «Лидс» жамоасидан тушган таклифга дастлаб, отаси сабаб розилик билдира олмайди. Эски жойи, кўмир шахтасида бир қанча муддат ишлаб юришга мажбур бўлади. Лекин барибир у ўз келажаги — футболдан узоққа кетолмас эди. Бундан ташқари «Лидс»да тўп тепаётган амакиси Жимнинг қистови сабаб, ниҳоят, узоқ кутилган трансфер амалга ошади. 1950 йили Жек Чарльтон «Лидс Юнайтед» академиясига қабул қилинади. Орадан икки йил ўтгач Рич Картер қўл остидаги клубнинг асосий таркибига келиб қўшилад. Шу йилдан бошлаб энди Жек учун катта футбол карьераси бошланади. Ўзининг дебют ўйинини 1953 йилнинг 25 апрелида «Донкастер Роверс» клубига қарши ўтказган ҳамда учрашув 1:1 ҳисобида якунланган.

«Ўша пайти асосан марказда ўйнар эдим ва бунинг эффекти ўзимга ҳам унчалик сезилмасди, кейин мени Картер ёнига чақириб, қаерда ўйнашимни тайинлаган: »Сенинг асосий вазифанг — рақиб ҳужумчиларини кучсизлантириш«, — дея уқтирган. Шундан бери марказий ҳимояда ўйнаб келмоқдаман», — деган эди Чарльтон бир интервьюсида. 

Табиатан меҳнаткаш ва интилувчан бўлган бу йигит машғулотлардан сира қочмас ва ўзининг устида тинимсиз ишлар эди. Лекин жамоасида у каби ўйинчилар анча камлиги сабаб клуб миқёсида у айтарли совринларга эриша олмайди. Бир неча йиллар давомида «Лидс Юнайтед»нинг Англия иккинчи дивизионида зўрға жон сақлаб юриши ҳамда қолган футболчилар билан юзага келган баъзи келишмовчиликлар Жекнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. У клуби учун борини бериб ўйнарди ва баъзида мураббийга ҳам ўз сўзини ўтказа олган. Бу эса тренерларга ёқмайди.

Кейинчалик у тез-тез тунги клубларга борадиган, машғулотларга кечикиб қатнашадиган одат чиқарди. Бу эса раҳбариятга маъқул келмас, энди у жуда кўп муддат захира ўриндиғида қолиб кетарди. Ўйин амалиёти етарлича бўлавермагач, ичкиликка берилиб, қисқа вақт мобайнида Жекнинг ҳаёти издан чиқди. 

Лекин тез орада яқинлари кўмагида яна эски формасига қайта бошлади, ўз олдига жиддий мақсадлар қўйди. Бунда, айниқса, эски мураббийи Рич Картернинг хизматлари катта эди. «Рич менга ҳар бир ўйин олдидан ўзимга бўлган мотивациям ошишига ёрдам берарди», — деб эслайди футболчи. Чарльтон маҳоратини йилдан йилга ўстириб боргани сайин меҳнатининг маҳсуллари ҳам узоқ чўзилмади. Ниҳоят 1955-56 йилги мавсумда клуби «Лидс» билан узоқ йиллик танаффусдан сўнг биринчи дивизионга чиқа олди. Бу натижа ўша пайтлар учун жуда катта ютуқ эди. Шундан кейин миллий терма жамоага ҳам мунтазам жалб этиладиган бўлди. Лекин 1958 йили жамоани узоқ бошқарган мураббий Рич Картер истеъфога чиққач, «Лидс» учун алғов-далғовли йиллар бошланади. Клуб иккинчи дивизионга тушиб кетади ва бир неча марта мураббий алмашиш ҳодисаси кузатилади. 

Чарльтон сермаҳсул ҳимоячи бўлгани сабабли уни ҳатто, марказий ҳужумда ҳам ўйнатиб кўришади. Бу каби омиллар борган сари жамоа тизимига салбий таъсир кўрсатар эди. Лекин шунга қарамай бир неча йилдан сўнг келган янги раҳбарият клубда янги эра бошланишига сабаб бўлди — 1962 йили жамоа бошқарувига Дон Реви келади ва катта бурилиш ясашга уриниб кўради. У ва Чарльтон бошчилигида «Лидс» яна биринчи дивизионга кўтарилади. 

Умуман, 1962 — 1966 йиллар клуб учун анча омадли ўтди. Бу орада жамоа элитада «Манчестер Юнайтед»га рақобатбардош бўлиб шаклланди, чемпионлик пойгасида қатнашди, кетма-кет 25 марталик мағлубиятсиз церийани яратди, бир марта Англия кубоги финалига ҳам чиқди. Еврокубокларда гарчи узоққа бора олмаса-да, ёрқин ўйини билан «Лидс» мухлислар қалбидан жой олди. Бу каби йирик натижаларда, шубҳасиз, Жек Чарльтоннинг хизматлари беқиёс. Бу орада у ҳимоядаги ажабтовур ўйинлари эвазига гранд клублар қизиқишига ҳам тушди. «Ливерпул» устози Бил Шэнкли томонидан ўша пайтдаги супер сумма — 30 минг фунт стерлинг таклиф этилди, МЮ бош мураббийи Мейт Бюсби ҳатто, футболчининг ўзи билан ҳам учрашиб кўрди. Лекин Жекка бу каби таклифлар ёқмас эди. У қадриятларга суянарди, собиқ жамоасига содиқлик намойиш этиб, барчага рад жавобини берарди. Шунинг учун ҳам клуби рамзига айланди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ўзи учун «олтин давр» ҳисобланган йилларда терма жамоа миқёсида ҳам улкан зафарларга эришди. Англия ҳар доим дунё футболи гигантлари сафида қайд этиб келинган. 

Чарльтон бу ерда ҳавас қиларли ўйнади. Мунтазам мундиалларда қатнашиб борди,1966 йили бош совринни қўлга киритди. Финалда ГФР мағлуб этилди. Икки йил ўтиб, у ва жамоадошлари Европа чемпионатида кучли учликдан жой олишди. 1967 йилда йил ўйинчисига номзодлар қаторига киритилди.

Бу каби муваффақиятлар Жек Чарльтоннинг мураббийлик фаолиятидаги улкан тажрибасига ҳам тамал тоши бўлиб хизмат қилди, десак, янгилишмаймиз. Мураббийликка ўтгач, турли йилларда «Миддслбро», «Шеффильд» ва «Нюкасл» клубларини бошқарди. «Миддлсбро» унинг қўл остида иккинчи лигада 1973-1974 йилги мавсум ғолибига айланди. «Шеффильд»ни эса қийин дамларида учинчи дивизиондан юқорига олиб чиқа олди. 1986 йили Ирландия термаси бош мураббийлигига тайинланди ҳамда 1990 йилда оламшумул натижа — шогирдларини чорак финал йўлигача олиб борди. Айнан ушбу натижа Ирландия футболи тарихида ўчмас из қолдирди. Бундан ташқари, «Евро — 88 ва »ЖЧ — 90"ларда ҳам унинг қўл остида Ирландия ёрқин ўйин кўрсатди. Ниҳоят, 1996 йили истеъфога чиқди. Кўриниб турибдики, мураббийлик соҳасида ҳам мақташга лойиқ натижалар кўрсатган. Футболчилик фаолиятида эса камдан кам ҳолат — 23 йил давомида бир клуб сафида ўйнаган.

Бинобарин, Жек Чарльтондек фидойи, иродали, меҳнаткаш ва иқтидорли футболчи сиймоси мухлису мутахассислар томонидан узоқ йиллар давомида ёдга олиниши, тўп сурган ҳамда устозлик қилган жамоалари тарихида абадий муҳрланиб қолиши шубҳасиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1