Тошкентда академик чолғулар, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича “Истеъдод” халқаро танлови бошланди. Бу ҳақда халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур халқаро танловда Ўзбекистон, Франция, Корея Республикаси, Россия, Озарбайжон, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 160 дан ортиқ иқтидорли ёш ижрочилар иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган “Истеъдод” халқаро танлови жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ёш ижрочиларига ўз қобилиятини намойиш қилиш, ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш, жаҳон мумтоз бастакорларининг асарлари, ўзбек ва дунё халқлари санъат намояндалари куйларидан баҳраманд бўлиши учун қулай шароит яратиш, шунингдек, ўзбек мусиқа маданиятини юксак даражага кўтариш, миллий санъатимизни дунёга янада кенгроқ намоён этиш ва иқтидорли ёшлар ижодини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Ёш тоифасига кўра икки гуруҳда (12-15 ёш ва 16-19 ёш) ўтаётган ушбу нуфузли халқаро танловда иштирокчилар фортепьяно, торли чолғулар (скрипка, альт, виолончель, контрабас), эстрада ҳамда анъанавий хонандалик каби йўналишлар бўйича ўз маҳоратини намойиш этмоқда.





