"Даракчи" газетасининг аввалги сонида “Ошиғи олчи” санъаткорларнинг “ставка”си қанча?” номли мақола чоп этилди. Мазкур мақола сўнггида санъаткорларнинг тўй хизматлари нархлари нима асосида белгиланиши қайд этиб ўтилганди.
Мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида сўровномаларимизда иштирок этганлар санъаткорларнинг тўй хизматидаги “ставка”лари улар яратаётган қўшиқлар, клиплар ва тайёр маҳсулотни “айлантириш” харажатларини инобатга олган ҳолда белгиланиши таъкидлашди.
Ҳақиқатдан ҳам шундайми?
Узунқулоқ гапларга кўра, 1 қўшиқни 1 ой “айлантириш”га 5 000 дан 10 000 ш/б (шартли бирлик)гача маблағ талаб қилинар экан. Ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, бир йилда ақл бовар қилмас даражадаги харажат келиб чиқади. Хўш, шу ростми? Албатта, бировнинг чўнтагидаги пулни ҳисоблаш нотўғри, аммо ОАВ вакили сифатида суриштирув ўтказишга қарор қилдик.
Суриштирув жараёнида бастакор, шоир ҳамда клипмейкерларнинг мавзу юзасидан берган фикр-улоҳазаларига эса сиз ҳам қулоқ тутинг.
Битта қўшиқ қанчага тушади?
Аҳад Қаюм, шоир:
— Қўшиқнинг омадли чиқишида матннинг, яъни шеърнинг ўрни катта. Келишув асосида битта шеър нархи 50-100 доллардан нархланади. Айрим пайтларда санъаткорлар “1 ой давомида фақат мен билан ижод қиласиз”, деб 500 долларгача тўлашади. Аслида шеър ёзиш менинг ҳаётим мазмуни. Шу сабаб кўпинча устоз санъаткорлардан шеърларим учун ҳақ олмайман, улар шеъримни қўшиқ қилганининг ўзи мен учун шараф.
Мен битта шеърни аниқ бир суммага баҳоламайман. Аммо баъзи ҳолларда шоирларнинг китобидан олинган шеърларни у ёғ –бу ёғини ўзгартириб ижро этиш ҳоллари учраб туради. Лекин биз ҳам китобларимизни нашр қилиш учун ҳам анча-мунча харажат қиламиз. Шеър ва қўшиқнинг орқасидан йиллаб тирикчилик қиладиган хонандалар шоирни ҳам рози қилишни унутмаслиги керак. Марҳум шоирларнинг ижодидан фойдаланганда ҳам уларнинг фарзандлари ва оиласини йўқлаб қўйиш лозим деб ўйлайман.
“Тарона” харажатларини ошкор қилмади, аммо...
“Тарона рекорд” студияси арт-директори Даврон Муқимовга ҳам юқоридаги савол билан мурожаат қилдик. У аниқ бир суммани айтишни лозим деб топмаган бўлса-да, битта қўшиқ яратилишида жуда катта маблағ сарфланишини таъкидлади.
Қўшиқ яратишнинг қандай харажатлари бор?
- Қўшиқ сўзи учун шоирга
- Мусиқаси учун бастакорга
- Студияда ёзув
- Клип суратга олиш учун клипмейкер ва актёрларга
- Образ устида ишлаш учун либосчи ва рассомларга
- Радиостанцияда қўшиқни “айлантириш”га
- Йилига камида 5 та янги қўшиқ ва бир бутун янги альбом яратишга
Радиода “промо” қилиш қанчага тушади?
Радиода битта қўшиқнинг бир марта айланиши 5-20* еврони ташкил қилади (Ушбу нарх радиостанциянинг рейтинги ҳамда эфирнинг қай вақтларида берилишига ҳам боғлиқ)
Телевидениеда қанча?
MY5 телеканалида қўшиқни бир марта айлантириш нархи кундузги эфир соатларида 60 долларни кечки эфирда эса 120 долларни* ташкил қилади.
Дарвоқе, суриштирув давомида MY5 телеканали санъаткорларга бу борада анча имкониятлар яратгани маълум бўлди. Масалан, телеканалнинг “Менинг юртим-менинг фахрим” лойиҳасида иштирок этган ва ғолиб бўлган санъаткорларнинг видеокетма-кетликлари текинга эфирга қўйилади. Бундан ташқари ғолибларга телеканал томонидан клип суратга олиш учун ҳам имкониятлар яратилади. Бунга мисол сифатида хонанда Ўктам Ҳакимовнинг “Ўзбекистон” қўшиғини мисол қилиш мумкин.
“Наво” телеканалида қўшиқни бир марта қўйилиши кечки пайт 110, кундузи эса 50 долларни* ташкил қилади.
Ҳаммаси қўшиқ ғоясига боғлиқ
Наримон Султохўжаев, клипмейкер: — Видеоклип суратга олиш қўшиқнинг ғоясига боғлиқ. Видеоклипларга белгиланган аниқ бир нархни айта олмайман. Клипларимдаги ҳар бир деталь устида узоқ бош қотираман. Ноодатий, аввал ҳеч қаерда учрамаган бунинг устига ижтимоий аҳамиятга молик бўлган ғояларни илгари суришга ҳаракат қиламан. Бир қарашда енгил кўринса-да, бунга жуда кўп куч ва вақт сарфланади.
Сарвар, “Беном” гуруҳи солисти:
— Бугун қўшиқ яратиш санъаткордан жуда катта харажатни талаб этади. Масалан, таронага мусиқий сайқал бериш ва бастакорлик учун 600 мингдан 3 миллионгача маблағ сарфланади.
Қўшиқ шеъри 500-600 минг сўмни ташкил қилади.
Студияда хонанданинг овози билан мусиқани уйғунлаштириш 500 мингдан 1 миллионгача бориши мумкин. Клип суратга олиш учун энг камида 10 миллион сўм сарфланади.
Битта қўшиқ машҳур бўлишида энг асосий ва энг қиммат харажат промо қилишга сарфланади. Радиода битта қўшиқнинг айланиши радиостанция рейтингига қараб 50 мингдан 200 минг сўмгача боради. Бу қўшиқнинг бир марта янграши учун кетадиган харажат.
Телеканаллардаги харажатларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади!
*Мақоладаги нархлар Марказий банкнинг тўлов амалга оширилаётган кунидаги белгиланган курсда ҳисобланди
Энди бир ҳисоблаб кўрайлик-чи!
Юқорида қайд этилган маълумотлар асосида санъаткорларнинг 1 та қўшиққа сарфлайдиган харажатини энг минимал нархларда ҳисоблашга ҳаракат қиламиз.
1 қўшиқ учун
|
Шеър |
Мусиқа ва аранжировка |
Клип |
Радио Промо 1 ойда ҳар куни 2 мартадан |
ТВ Промо 15 марта ҳар куни 2 мартадан |
Жами |
|
50 |
300 |
2000 |
500 |
5000 |
7850 |
Демак бир қўшиқни омма ҳукмига ҳавола этиш учун 1 ойда қарийб 7 минг АҚШ доллари сарфланар экан, агар 1 йилда 5 та қўшиқ тайёрланса, унда харажатлар қарийб 40 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Ушбу ҳисоб-китобимиз минимал нархларда эканлигини ҳисобга олган ҳолда яна бир нарсани таъкидламоқчимиз. Яъни, сўровномада иштирок этган санъатга алоқадор инсонларнинг айтишича, битта санъаткорнинг рейтингини ушлаб туриш учун 1 йилда 100 минг АҚШ долларигача харажат қилиниши мумкин экан.
Кўриб турганингиздек санъаткорларнинг биз мухлисларга манзур бўладиган қўшиқлар яратиши учун ҳам озмунча меҳнат ва маблағ сарфланмас экан.
Бу суруштирувдан сўнг, ҳар бир қўшиқни жонли ёки эфир орқали эшитганимизда унинг замирида қанчадан-қанча пул ва меҳнат ётганини ҳис этсак ажабмас.





