Россиянинг Воронеж вилоятидаги автобус иштирокидаги ЙТҲ оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, деб хабар беради “Lenta.ru”. Йўл-транспорт ҳодисаси 29 ноябрдан 30 ноябрга ўтар кечаси М-4 «Дон» йўлининг 560- километрида юз берган. Жанубга томон ҳаракатланаётган Yutong русумли автобус йўлидан чиқиб, ағдарилиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, 36 ёшли автобус ҳайдовчиси ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бошқарувни йўқотган. Ҳодиса юз берган пайтда кучли жала ёғаётган эди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 14 ёўловчи жароҳатланган, тўрт киши ҳалок бўлган. Маълумотларга кўра, автобус Москва — Донецк йўналишида ҳаракатланаётган эди. Жароҳатланганлар Воронеж ва Бобров шаҳарларидаги шифохоналарга етказилган.