Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан умумий фойдаланишдаги ҳамда ички йўлларни таъмирлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар беради ЎзА
Жамғарма маблағлари ҳисобидан 2010-2014 йилларда қарийб 7700 километр узунликдаги автомобиль йўлларида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бу йўлларнинг 1474 километрдан ортиғи шаҳар кўчалари ва намунавий қишлоқ уйларининг ички йўллари ҳисобланади.
2014 йилда жамғарма томонидан умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишларига 2 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган. Шундан қарийб 254 миллиард сўм миқдоридаги маблағ шаҳар кўчалари ва намунавий қишлоқ массивларининг ички йўлларига сарфланган.
Жорий йилда 376,3 километр автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга Республика йўл жамғармаси ҳамда халқаро молия институтларининг 1 триллион 543 миллиард сўмдан зиёд маблағи ажратилиши белгиланган.
2016 йилда 512,9 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бунга 1 триллион 800 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши режалаштирилган.
Жаҳон банкининг 200 миллион доллар миқдоридаги маблағи ҳисобидан Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида жами 376 километр узунликдаги маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари тўлиқ таъмирланади.
Автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун 2015-2019 йилларда яна 993 дона техника ва 38 дона йўл қурилиш комплексини сотиб олиш режалаштирилган.





