Латвиянинг Рига шаҳрида ўтказилган “Дебют Премиум-2015” халқаро кўрик-танловида Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчи-ёшлари муваффақиятли иштирок этди.
Мазкур танловда 5 ёшдан 25 ёшгача бўлган иштирокчилар хореография ва вокал йўналишлари бўйича беллашдилар. 6 давлатдан ташриф буюрган 300 дан ортиқ ёш истеъдодлар орасида самарқандлик ёшларнинг чиқишлари эътирофга сазовор бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги хабар беради.
Кўрик-танловда Самарқанд шаҳридаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Мадина Қаноатова халқ рақси йўналиши бўйича Гран-прига сазовор бўлди.
Шунингдек, Пастдарғом туманидаги 11-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Нозанин” рақс жамоаси ҳамда тумандаги 34-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Муниса Қурбонназарова танловда биринчи ўринни эгаллашди.





