AsosiyJamiyat

Vazirlik IIVga ustidan arz qilgan tadbirkorni Biznes-ombudsman himoya qilishini bildirdi

Аввалроқ, вазирлик ва тадбиркор ўртасида юзага келган зиддият ҳақида хабар бергандик.

'Vazirlik IIVga ustidan arz qilgan tadbirkorni Biznes-ombudsman himoya qilishini bildirdi'ning rasmi

Аввалроқ, қурилиш соҳасидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида фикр билдирган тадбиркор Усмонжон Абдусамадовга нисбатан босим бўлаётганлиги ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркорнинг устидан ИИВга расман ариза топширганлиги тўғрисида хабар берган эдик. Бизнес-омбудсман мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Муносабатда тадбиркор билдирган танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмаслиги ҳамда мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорга нисбатан таъқиб сифатида баҳоланиши айтилган.

Шунингдек, хабарда ҳар бир тадбиркорнинг эркин фаолият юритиши ва уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши қонун билан кафолатланганлиги ва шу боис, тадбиркорлар дуч келган муаммоларни ҳал этиш Бизнес-омбудсманнинг устувор вазифаси саналиши ҳам эслатиб ўтилган.

"Бизнес-омбудсман барча давлат органларини тадбиркорларнинг фикрларини тинглаш ва бизнес юритишга тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этиш бўйича конструктив ечимларни биргаликда излашга чақиради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбиркорларнинг очиқ фикр билдиришлари ва танқидий мулоҳазалари ҳукумат ислоҳотларини янада такомиллаштиришга ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Агар тадбиркор соҳа ривожи йўлида фикр билдирса, бу ҳолат танқид ва жазога сабаб бўлмаслиги лозим. Аксинча, бундай фикрлар муаммоларни ҳал этиш учун имконият сифатида қабул қилиниши зарур", дейилади хабарда. 

    Boshqa yangiliklar